» » Айдар-Арнасой кўллари ҳам музлади (видео)

Айдар-Арнасой кўллари ҳам музлади (видео)

24 январь 2023 г 610 Комментарии: 0

Айдар-Арнасой кўлларининг суви шўр бўлсада, кейинги 55 йил давомида тўртинчи бор музлади. Бу манзарани кўриш мақсадида Жиззах шаҳридан 120 километр масофадаги ушбу кўллар тизими сари йўл олдик.

                           

Жиззах ҳамда Навоий вилоятлари ҳудудида мавж уриб турган “Саҳро марвариди”, яъни Айдар-Арнасой кўллари тизими ўзига хос табиати, жонли флора ва фауна олами билан ажралиб туради. Унинг бир учи Жиззах вилоятининг Арнасой, Зафаробод, Мирзачўл ва Фориш туманлари чўл, дашт ҳамда қиру адирлари узра чўзилиб, Навоий вилоятининг Нурота тумани ва Қизилқум чўллари узра оппоқ қор ва муз қоплаб ястаниб ётибди.    

Қадимда Тузкон номи билан танилган Айдар ва Арнасой кўллари бирлашиб, Айдар-Арнасой кўллари тизими номи билан аталмоқда. Ушбу кўллар катталиги бўйича Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кўллар тизимида тўпланган сув юртимиздаги барча сув омборларидаги сув ҳажмидан икки ҳисса кўп экан. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 километр, ўртача кенглиги эса 21 километрни ташкил этади. Энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади.    

Ушбу кўллар тизимининг сув ҳажми 1994 – 2000 йилларда 44 миллиард куб метр бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони салкам 400 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган ва Қозоғистоннинг “Чордара” сув омборидан 2012–2022 йиллар давомида кўллар тизимига сув ташланмаганлиги боис сув ҳажми қарийб 33,5-34 миллиард куб метрга тушган. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг музлагани унда қишлаётган жониворлар учун ўзига хос қийинчилик туғдирмоқда. Кексаларнинг айтишича, Айдар-Арнасой кўллар тизими 1968-1969 йилнинг қишида жуда қалин муз билан қопланган экан.    

Олимларнинг фикрига кўра, бундан 15-20 йиллар илгари кўл ҳудудида 37 турдаги 192 мингта қуш рўйхатга олинган. Бугунги кунда эса сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 20 турдаги қушлар қолган. Уларнинг сони йилдан-йилга камайиб, айримлари йўқолиб кетиш арафасида турибди. Ҳар йили декабрь, январь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Кўлнинг кичрайиб, минераллашиш ва тузланиш даражасининг ортиши 13 турдаги халқаро, 24 турдаги миллий “Қизил китоб”га киритилган қушларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин.    

Айдар-Арнасой кўллар тизими аномал совуқ натижасида оқим кириб турувчи жойларда 8-10, кўлнинг ўрта қисмида тахминан 20-25 сантиметргача музлаган. Кўлга элтувчи жангалзор ва қумликлар қалин қор ва музликлар билан қоплангани сабаб кўлнинг ўрта қисмига боришнинг имкони йўқ.    

Хўш, бу музлаш турли қуш, балиқ ва бошқа ҳайвон турларига қанчалик таъсир қилади? Ушбу жонли фаунани асраб қолиш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?    

Сув сатҳининг пасайиши ва шўрланишининг ортиб бориши натижасида кўл қирғоқлари бўйлари 15 метрдан 50 метрга чекиниб, ҳосил бўлган туз қатлами 15–20 сантиметргача етган. Мутахассисларнинг фикрича, бу кетишда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг атроф-муҳитга минтақавий миқёсда салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли ошади. Кўлнинг музлагани боис, жониворларнинг қишдан чиқиб олиши учун Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофазаси қилиш бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз.    

Ҳаво ҳароратининг совуқлиги, қалин қор, музликларга қарамасдан биотехник тадбирлар ўтказилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўлдан йилига 4 минг тонна балиқ овланади. Яқин келажакда Айдар-Арнасой кўлларида тадбиркорларни жалб қилган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш режалаштирилган. Бу борада Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича қабул қилинган дастур алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, кўллар тизими қирғоқлари бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Ўтган 2022 йилнинг куз фаслида бу ерда кўплаб дарахт ва бута кўчатлари экилди.    

Айдар-Арнасой кўллар тизими ўша ҳудуддаги табиат мувозанатини сақлаб туришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун бу кўлларни асраш табиат олдидаги сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ҳисобланади.  

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!