Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БИРГАЛИКДА ҚУРАМИЗ
07 январь 2023 г 488 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси юзасидан вазифалар белгилаб олинмоқда
Эргаш САЛИЕВ, Жиззах вилояти ҳокими
Давлатимиз раҳбарининг мамлакат парламенти ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси барча маҳаллалар аҳли, корхона ва ташкилотлар жамоалари томонидан чуқур ўрганилиб, режа ва мақсадлар белгилаб олинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлаб, кириб келган 2023 йилда бажарилиши лозим бўлган олтита устувор йўналишларни белгилаб берди.
Эътиборли томони шундаки, Давлатимиз раҳбари дастлаб, мамлакатимиз аҳолиси бу йил 36 миллиондан ошганлигини, ҳар йили қарийб 900 минг янги авлод қўшилаётганлигига алоҳида урғу бердилар.
Дарҳақиқат, Жиззах вилоятида ҳам аҳоли сони 1,4 миллион нафардан ошди. Ҳар йили аҳолимизга қарийб 30 минг нафар ёш авлод қўшилмоқда.
Давлатимиз раҳбари якунига етган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлганлигини, ушбу даврда тўплаган тажрибаларимиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бераётганлигини, яъни, "Тараққиёт — фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади!", — дея таъкидладилар.
Муҳтарам Юртбошимиз пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришилган айрим ютуқларни айтиб ўтди. Жумладан:
— ялпи ички маҳсулот ҳажми республикада илк бор 80 миллиард доллардан ошганлигини (бу кўрсаткич 2018 йилда 52 миллиард доллар бўлганлигини);
(Хусусан, Жиззах вилоятида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 2,2 миллиард доллардан ошди, 2018 йилда 1,6 миллиард доллар бўлган).
— иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келганлигини, экспорт ҳажми эса
19 миллиард долларга етганлигини (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлганлигини) тилга олди;
(Хусусан, Жиззах вилоятида шу йилнинг ўзида 400 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 210 миллион долларга етди. 2018 йилда 45 миллион доллар бўлган, 4,6 баробарга ошган);
Шу билан бирга, ҳурматли Президентимиз иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек:
— охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилган;
(Хусусан, Жиззах вилоятида охирги олти йилда қарийб 8 минг хонадонли уй-жойлар қурилди).
— бу даврда қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етган. Ҳозирги вақтда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилаяпти;
Хусусан, вилоятимизда 6 йилда қўшимча 6,1 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 261 мингтага етди. Ҳозирги вақтда яна 2,5 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Жиззах вилоятида бу йил 271 нафар спортчимиз жаҳон ва Осиё мусобақаларида, 43 нафар иқтидорли ва билимдон ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида совринли ўринларни қўлга киритди.
Ҳурматли Президентимиз бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётганини таъкидлади.
Жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилинди ва муҳим ташаббуслар илгари сурилганлиги айтиб ўтилди.
Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги таъкидланди.
Шу боис, "Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат" деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги қайд этилди.
Шуларни эътиборга олган ҳолда, Асосий қонунимизни такомиллаштириш ишлари давом эттирилаётганлиги, "Ушбу ислоҳотдан халқимиз катта ўзгаришлар кутаяпти. Бугунги кунга қадар бу борада 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам, бунинг яққол далилидир", — деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, "Жамият — ислоҳотлар ташаббускори" тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилишини таъкидлади.
Умуман, мазмуни "инсон қадрини улуғлаш" руҳи билан бойитилган, келажак авлодларга муносиб хизмат қиладиган, Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш кераклиги айтилди.
Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади, — деди ҳурматли Президентимиз.
Энг муҳими — ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва "Бу — менинг Конституциям", деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши кераклиги таъкидланди.
Мурожаатлар таҳлиллари натижасида юртдошларимиз:
— мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини;
— маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилинишини;
— иш ўринлари кўпайиши, тадбиркорликка янги имкониятлар яратилишини;
— адолат таъминланиши, оворагарчилик, бюрократия ва коррупция йўқ бўлишини кутаётганлигини айтиб ўтдилар.
"Кўтарилган масалалар аниқ ва ўринлидир. Қанчалик қийин бўлмасин, биз бу муаммоларни ечишимиз шарт. Ҳеч ким четдан келиб, буларни ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш учун барча шароитларни яратиш асосий вазифамиз бўлиши керак", — деди ҳурматли Президентимиз.
Шу боис, муҳтарам Юртбошимиз 2023 йилга юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб ном беришни таклиф қилди.
Йиғилганлар бу ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватлади.
"Нима учун йилга бундай ном бераяпмиз?
Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик.
Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу — бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми?
Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз", — деди давлатимиз раҳбари.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.
Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.
Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди "қўл бошқаруви"дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.
Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганлиги сабабли ҳурматли Президентимиз янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.
Узоқ тайёргарлик кўрилган ушбу ислоҳот доирасида:
— Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади;
— ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади;
— давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради.
Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари маъмурий ислоҳотларнинг яна бир қатор жиҳатларини очиқлади. Хусусан:
— вазир ўз тизимига ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича биринчи бўлиб ўзи жавоб беради ва вазир ҳар йил бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ҳамда йил якуни билан унинг натижаси бўйича ҳисобот беради;
— маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади.
Президент яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди.
"Биз Янги Ўзбекистонни "ижтимоий давлат" тамойили асосида қуришни мақсад қилаяпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак.
Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир", —деди давлатимиз раҳбари.
Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди.
Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.
Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.
Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.
Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.
Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши таъкидланди.
Шунингдек, Мурожаатномада республика бўйича 700 дан ортиқ (вилоятимизда 34 та) касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги, бу мақсадда 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди.
Бунда, ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши белгиланди.
Хусусан, Жиззахда Шароф Рашидов туманидаги политехника техникумида Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.
Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади.
"Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда қилиб айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз", —деди ҳурматли Президентимиз.
Боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши, боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилиши таъкидланди.
Хусусан, Жиззах вилоятида боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича келгуси беш йилда 17 та 1250 ўринли давлат ҳамда 75 та 2671 ўринли хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилиши таъкидланди.
Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.
Келаси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.
Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги таъкидланди.
Шу боис, "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланади.
Давлатимиз раҳбари кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.
Хусусан, вилоятимизда келгуси йилда қўшимча 15 та оилавий шифокор пункти, 6 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилиши, туғруқ комплексларининг тўлиқ таъмирланиши ва жиҳозланиши, уларнинг ўринлари сони 35 фоизга кўпайтирилиши белгиланди.
"Маҳалла — тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.
Шунинг учун ҳам бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади", — деди ҳурматли Президентимиз.
Авваламбор, 2023 йилда республика бўйича аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши таъкидланди.
Шу жумладан, Жиззах вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича:
64 та маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти яхшиланади, шундан, 275,5 млрд. сўм маблағлар эвазига 57 та сув иншоотлари қурилади, 628 км. ичимлик сув тармоқлари тортилади.
Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича: 1394 км. электр тармоқлари ҳамда 430 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади. 3110 км. электр тармоқлари, 690 та трансформатор пунктлари ва 105 та 35-110 кВ кучланишли подстанцияларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. 430 км. электр узатиш тармоқлари қурилади ва 120 та янги трансформатор пунктлари ўрнатилади.
Натижада вилоятда 75,6 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг электр таъминоти яхшиланади.
Газ таъминотини яхшилаш бўйича 28,5 км. газ қувурлари реконструкция қилинади, 65 та газ тақсимлаш пунктлари мукаммал таъмирланади, 4868 та газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилади, 228,7 км. газ тармоқларини ҳаво босими ёрдамида тозалаш ва ҳолатини текшириш ишлари амалга оширилади.
Йўллар ҳолатини яхшилаш бўйича: 516,0 км. йўллар асфальт қилинади, 32 та кўприк таъмирланади ва қурилади.
Мурожаатномада ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун "Маҳалла бюджети" тизими жорий этилади. Бунинг учун 1 январдан бошлаб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.
Ҳурматли Юртбошимизнинг энг катта ислоҳотларидан бири бу — Мурожаатномада айтилганидек, аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмлари 1,5 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади.
Жиззахда аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажмлари 2,3 баробарга оширилиб, 2,4 мингга етказилади (2022 йилда 1025 та хонадон қурилди).
Бундан ташқари, жамоат транспорти хизматининг сифати мутлақо ўзгаради.
Ҳудудларда йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади.
Вилоятда 5 та янги йўналиш очилади, 36 та автобус ҳамда 4 та микроавтобус харид қилинади.
Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.
Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади.
Янги тизим доирасида:
— тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади;
— терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;
— судда ишларни кўришда қатнашади-ган алоҳида прокурорлар корпуси шакл-лантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бў-лиши қонун билан белгиланади;
— одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади;
— судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади.
— айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
Президентимиз охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.
"Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади", — деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошлангани таъкидланди.
Ҳурматли Президентимиз энг долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Лекин очиқ айтиш керак, бу — масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш", дедилар.
Давлатимиз раҳбари депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.
Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон берувчи барча бўшлиқларга барҳам берилиши таъкидланди.
Мурожаатномада экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани ҳақида сўз юритилар экан, биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шартлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда сув хўжалиги тизими ислоҳ қилиниши таъкидланди.
"Табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келаси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши керак", — деди ҳурматли Президентимиз.
Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатлар, хусусан, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кучайтирилади.
Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар қатъий давом эттирилади.
Шу йилнинг ўзида республика бўйича 100 минг гектар (шундан, Жиззах вилоятида 8,2 минг) экин ерини аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилди. Бунинг ҳисобидан 1,5 миллион тонна (шундан, Жиззах вилоятида 83,6 минг тонна) қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди. Энг асосийси, қишлоқларда 400 мингта (Жиззахда 15,8 мингта) янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд (Жиззахда 50 мингдан ортиқ) одамларимиз иш билан банд бўлиб, даромад олаяпти.
Шу боис, 2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши 100 минг гектар (Жиззах вилоятида 4,6 минг гектар) қўшимча экин майдонлари аҳолига ажратилади.
Кооперация фаол қўллаб-қувватланади, кичик ва ўрта қувватли сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмаси ривожлантирилади.
Умуман, аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш лойиҳаларига 2023 йилда 1 миллиард доллар ажратилиши таъкидланди.
Хусусан, Жиззах вилоятида 2023 йилда аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида жами қиймати 56,3 млн. долларлик 101 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1 минг нафар янги иш ўринлари яратилади.
Ҳурматли Президентимиз иқтисодий ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, ички имкониятлар тўлиқ сафарбар қилинишини, хусусий сектор янада қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Биринчи навбатда, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.
Келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади.
Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.
Бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Жумладан, 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади.
Жумладан, вилоятимизда ҳам қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга пасай-тириш ҳисобига вилоятдаги тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 95,6 млрд. сўм маблағ қолади.
"Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвести-цияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин", дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинганлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, вилоятимизда ҳам Ғаллаорол туманида Бирлашган Араб Амирлигининг "Masdar" компанияси томонидан қиймати 150 млн. доллар бўлган (йиллик қуввати 220 МВт) қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда.
Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Шу муносабат билан хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпайиши таъкидланди.
Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади.
Аҳоли хонадонларида эса қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади.
"Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарур", — деди ҳурматли Президентимиз.
Республика бўйича келаси йили қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилинади, шундан 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар бўлади.
Жумладан, вилоятимизда келаси йили қарийб 578 миллион доллар сармоя жалб қилинади, шундан 122 миллион доллар хусусий инвестициялар бўлади.
Республика бўйича умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга туширилиши ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланиши белгиланди.
Жиззахда эса умумий қиймати 700 миллион долларлик 10 та лойиҳани ишга туширамиз ва яна 2 та янги йирик лойиҳа бошланади.
Мисол учун: "GOLDFIBER PRO" МЧЖда қиймати 72,6 млн. доллар бўлган базальт толаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фойдаланишга топширилади.
Давлатимиз раҳбари келаси йилдан "катта хусусийлаштириш" бошланиши, 1 мингга яқин корхона савдога чиқарилишини таъкидлади.
"Менинг катта ниятим — юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин.
Шунинг учун, топшириқ бердим. Кейинги йилда энг йирик 10 та компаниялар ва тижорат банкларимиз акциялари ўз аҳолимиз учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилади", — деди ҳурматли Юртбошимиз.
Умуман, республика бўйича 2023 йилда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортади (2018 йилда 14 миллиард доллар бўлган).
Хусусан, Жиззахда 2023 йилда экспорт ҳажми 270 миллион доллардан ортади (2018 йилда 45 миллион доллар бўлган).
Дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳур-матга асосланган ташқи сиёсат изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Бундан кейин ҳам асосий эътиборимиз Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади.
Миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилади.
"Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз", — деди ҳурматли Президентимиз.
Қадимий ва бетакрор тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозимлиги қайд этилди.
Ҳурматли Президентимиз Мурожаатномада айтилган вазифаларни дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда амалга ошириш осон бўлмаслигини қайд этиб, "Лекин биз ўтган даврда катта билим ва тажриба тўпладик. Энг муҳими, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз тобора ортиб бормоқда.
Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз.
Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз", — деди давлатимиз раҳбари.
Ҳақиқатан ҳам Президентимиз таъкидлаганидай, 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди. Лекин биз бундан ҳам оғир даврларни кўрганмиз, таъбир жоиз бўлса, ўша қийинчиликларда тобландик. Энди олдимизда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгиланган ва Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек улуғвор вазифалар турибди. Халқимиз билан жипслашиб, ягона куч бўлиб, бу вазифаларни ҳам уддалашимизга ишонаман.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!