Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Дўстликда спиртли ичимлик ичган ҳайдовчи пора берган пайтда қўлга олинди
24 февраль 2023 г 467 Комментарии: 0
Доно халқимиз, пора олганни бир юзи, берганни икки юза қора, деб бежизга айтмаган. Амалдаги қонунларимизда эса пора олиш, пора бериш, шунингдек, пора олди-бердисида воситачилик қилиш ҳам коррупция ҳисобланиб, бунинг учун шу иллатга йўл қўйган кимсалар учун жазо муқаррар.
Ўз кирдикорларини яшириш ва маълум бир маблағ эвазига бу вазиятдан қонунга чап бериб, осонликча чиқиб кетишни мақсад қилганлар ҳали ҳамон орамизда борлиги ачинарли.
Жорий йилнинг 14 февраль куни Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори кичик сержант Улуғбек Донишев раҳбарият томонидан тасдиқланган тақсимотга асосан Дўстлик туманидаги автомобилларга газ қуйиш шаҳобчаси олдида хизмат олиб бораётган вақтида “Дўстлик-Арнасой” йўналишида ҳаракатланиб келган, “Ласетти” русумли автомашина ҳайдовчиси унда шубҳа уйғотади. Шу боис ҳайдовчи ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилади. Текширилганида ундан спиртли ичимлик ҳиди келаётгани маълум бўлади. Ҳайдовчи “Алкотестер” мосламасидан текширувдан ўтказилганда унинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани исботини топади.
Шундан сўнг ҳайдовчи йўл-патруль хизмати инспектори ушбу ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслиги ва автомашинасини жарима майдончасига қўймаслиги эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида олишини таклиф қилади. ЙПХ инспектори уни қайта-қайта огоҳлантиришига қарамасдан ҳайдовчи пора таклиф қилаверади.
Бу ҳолат бўйича йўл-патруль хизмати инспектори кичик сержант Улуғбек Донишев Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилади. Шу куннинг ўзида Дўстлик тумани “Саноатчилар” кўчасидаги “Автомайдон” хусусий корхонасига қарашли жарима майдонида ҳайдовчи ЙПХ инспекторига 400 АҚШ доллари берган вақтида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда Дўстлик тумани прокуратураси ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинди ва тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Қонунбузар “Ласетти” ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига қўйилди.
Ушбу ҳолат юзасидан Дўстлик тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ва текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!