» » Касалликни даволашдан кўра, олдини олган яхши

Касалликни даволашдан кўра, олдини олган яхши

25 февраль 2023 г 508 Комментарии: 0

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Лазиз Газиев муассаса фаолияти, шифо масканида амалга оширилган ишлар, Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматлари кўрсатишнинг тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида бажарилган ишлар ва гематологик ҳамда онкологик касалликларни олдини олиш мақсадида эрта диагностика қилишнинг афзалликлари ҳақида атрофлича маълумот берди.  

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали 2013 йилда давлат дастури асосида янгидан қурилиб ишга туширилган. Филиал 70 ўринга мўлжалланган. Шундан 30 ўрни кимё терапия, 30 ўрни жарроҳлик ва яна 10 ўрни паллиатив бўлимлар ҳисобланади. 50 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси ҳам мавжуд.  

Ўтган йилда филиалнинг жарроҳлик бўлимида – 1 минг 500, кимё терапия бўлимида –2 минг 24 нафар, жами – 3 минг 524 нафар бемор ётиб даволанди. Шифохонада даволанган беморлар сони ёшига кўра таҳлил қилинганда – 14-17 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар сони 54 нафарни, 18-35 ёшдагилар 116, 36-44 ёшдагилар 82, 45-59 ёшдагилар 153 ҳамда 60 ёшдан катталар сони 335 нафарни ва буларнинг 50 фоиздан кўпроғини аёллар ташкил этган.  

Филиал шифокорлари томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий маданиятни ошириш, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва илк белгилари мавзусида аҳоли ўртасида, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.  

Пресс-тур давомида вилоятда 2022 йил давомида 968 нафар онкологик бемор “Д” ҳисобига олинган. Вилоятда сут бези саратони, ошқозон, бачадон бўйни, жигар саратони касалликлари билан касалланиш ҳолатлари ўсиб бораётгани таъкидланди.  

– Нафақат онкологик, балки ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, уни олдини олган яхши, – дейди филиал врач-радиологи Элдор Саидов. – Филиалимизга ажратилган энг сўнги тиббий технологиялар билан жиҳозланган махсус тиббий мобил транспорт воситасида  касалликларни эрта аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яъни мазкур транспорт воситасида белгиланган жадвал асосида вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги қишлоқларда 45 ёшдан катта аёлларни бепул тиббий кўрик, яъни маммоскринингдан ўтказяпмиз.  

– Ушбу мобил маммоскрининг текширувидаги таҳлиллар тўғридан-тўғри филиалдаги компьютер экаранида онлайн ҳолатда намоён бўлади, – дейди филиал врач-маммографи Шоҳрух Темиров. – Таҳлиллар филиалда мутахассисларимиз томонидан ўрганилиб, Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига электрон шаклда жўнатилади. Касалликнинг илк белгилари мавжуд бўлган беморлар рўйхатга олиниб, ушбу дардни ривожланишини олди олиниши учун зарур муолажаларини зудлик билан бошлаймиз. Мабодо таҳлил жараёнида беморда касалликнинг мавжудлиги аниқланса уни шифохонага ётқазиб, бепул даволаш ишлари бошланади.  

– Жорий йилда амалга оширишни режалаштирган ишларимиз қамрови катта, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Лазиз Газиев. – Филиалимизда кимё терапия соҳасида таргет терапиясини давом эттириш, вилоятнинг барча туманларида онкологик касалликларни назорат қилишнинг замонавий усулларини татбиқ килиш, филиал паллиатив бўлимида IV босқичдаги онкологик касалларга паллиатив ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, РИО ва РИАТМ бошчилигида онкологик касалларга ташхис қўйишда телемедицинани такомиллаштириш, онкомаркёрлар ёрдамида текширувларни бош-бўйин ва кўкрак қафаси бўшлиғи ўсма касалликларида жарроҳлик усулларини ўтказиш учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни режа қилганмиз. Шунингдек, тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида шифохонамиз ҳудудидаги бўш турган ерда 150 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси қуриш, 20 ўринли радиология бўлимини очиш, электрон поликлиника ишини йўлга қуйиш, шифокорлар малакасини чет мамлакатларда оширишга юбориш, 6 ўринли реанимация бўлимини очиш, жалб қилинган ёш шифокорлар учун штат бирлиги олиш, Ислом тараққиёт банки кредит маблағлари эвазига келадиган 48 турдаги тиббий техника учун хоналар ажратиш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.  

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга филиал мутахассисларидан батафсил жавоб олди.  

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига уюштирилган пресс-тур иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!