» » 2022 йилда давлат архивлари томонидан салкам 42 млн сўм миқдорида хизматлар кўрсатилган

2022 йилда давлат архивлари томонидан салкам 42 млн сўм миқдорида хизматлар кўрсатилган

01 март 2023 г 395 Комментарии: 0

АОКАда «Ўзархив» агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тизимда 2022 йилда амалга оширилган ишлар, 2023 йилдаги устувор вазифалар хусусида маълумот берилди.

«Ўзархив» агентлиги тизимида 2022 йил давомида жами 6 та бино, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани давлат архиви, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани давлат архиви, Навоий вилояти давлат архиви, Зарафшон шаҳар давлат архиви, Сирдарё вилояти давлат архиви, Фарғона вилояти Сўх тумани давлат архиви фойдаланишга топширилди.

Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон нусхасини яратиш ишлари бўйича 189 810 сақлов бирлигидаги қоғоз асосидаги 15 999 368 кадр , 348 сақлов бирлигидаги кино, 22 628 ҳисоб бирлигидаги сурат, 456 сақлов бирлигидаги овозли ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилган.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича «Архив иши» ягона ахборот тизими (my.archive.uz), «Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш» ахборот тизими (e.archive.uz) ишга туширилган.

Корхона ва ташкилотларда архив иши ва иш юритиш бўйича услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 947 та ялпи ўрганиш, 528 та мавзули ўрганиш ишлари олиб борилди.

Корхона ва ташкилотлар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича жами 1 659 та идоравий ҳужжатлар, шундан 616 та йиғмажилдлар номенклатураси, 242 та иш юритиш йўриқномаси, 409 та Марказий эксперт комиссияси ва Эксперт комиссияси низомлари, 392 та идоравий архив низомлари ишлаб чиқилди.

«Ўзархив» агентлиги ва ҳудудий бошқармалар томонидан ташкилотлар ҳамда корхоналарда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича 2022 йил давомида 290 та назорат текширувлари ўтказилиб, 218 та тақдимномалар киритилган, 11 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 4 та материал юборилган.

2022 йилнинг давомида Республика архивларига жами 538\~826 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган бўлиб, шундан 83 332 та мавзули, 455 494 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларни ташкил этади.

Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП (онлайн) орқали жами 367 065 та хизматлар кўрсатилган, жумладан, иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш – 238 932 та, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш – 32 419 та, яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш – 44 994 та, мавзули сўровларни ижро этиш – 41 062 та, мавзули сўровларни ижро этиш тезлаштирилгани – 9 070 та, давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича – 588 та сўровлар келиб тушган.

Республика давлат архивларига жами жисмоний ва юридик шахслардан 2 185 та мурожаатлар келиб тушди ҳамда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди, шундан 1 077 та мурожаат қаноатлантирилди, 918 тасига тушунтириш берилди, 191 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотга юборилди.

Давлат архивлари томонидан кўрсатилган хизматлардан келиб тушган маблағлар миқдори жами 41.249,5 млн. сўм (2021 йилга нисбатан, 121%)ни ташкил этди.

Агентлик тизимидаги архив муассасаларида бугунга қадар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчилик ҳамда ҳуқуқбузарликка йўл қўйганликлари учун 2 нафар раҳбар ва масъул ходимларга жиддий огоҳлантириш берилиб, 72 нафар раҳбар ва масъул ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

2022 йил давомида Агентлик ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик марказида жами 945 нафар тингловчи малакаси оширилди.

Архив ўқувхоналарида тадқиқотчилар ишини ташкил этиш бўйича 5794 нафар Ўзбекистон фуқаролари, 55 нафар чет эл фуқаролари тадқиқотчилик ишларини олиб бордилар, шунингдек 55 169 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар тадқиқотчиларга фойдаланиш учун тақдим этилди.

Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) бўлган архив ҳужжатларидан 10 та фонддан жами 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилган.

Халқаро ҳамкорликда ҳар йили бир қанча ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланмоқда. Жумладан, 2022 йилда Яд Вашем, Холокост қурбонлари ва қаҳрамонларини хотирлаш бошқармаси, Полша Республикаси Миллий хотира институти, Беларус Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш департаменти, Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги билан архив иши ва иш юритиш соҳасида Англашув меморандумлари, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Миллий архив бошқармаси билан Битим имзоланди.

2022 йил мобайнида «Ўзархив» агентлиги раҳбарияти ва тизим ташкилотлари раҳбар-ходимлари томонидан Исроил Давлати, Қозоғистон Республикаси, Беларус Республикаси, Жанубий Корея ва Туркия Республикаси каби хорижий давлатларга хизмат сафарлари амалга оширилди.

Хусусан, Туркия Республикасида Туркия Президенти девони ҳузуридаги Давлат архивлари бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланган «Ҳужжатларда Ўзбекистон-Туркия алоқалари» номли китоб-альбом тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги директори бошчилигидаги делегациянинг Исроил Давлатига хизмат сафари доирасида Ал-Ақсо масжиди кутубхонаси сақловидаги Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизийга тегишли жами 53 та ноёб қўлёзма электрон нусхалари Ўзбекистон Миллий архиви давлат сақловига топширилган.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!