Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ҳокимининг мурожаати
14 март 2023 г 449 Комментарии: 0
Мамлакатимизда сўнгги йиллар давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини коррупциядан холи соҳаларга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда ва шу мақсадда, яъни коррупцияга қарши самарали курашишни ташкил этишни йўлга қўйиш учун бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланиб келинмоқда.
Шу ўринда, 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилганлигини алоҳида эътироф этмоқлик жоиз бўлади.
Ҳозирда давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бу борада жамоатчилик ва фуқароларни фаоллигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сон қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқача тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармонига ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб йўлга қўйилди.
2021 йил 1 августдан бошлаб давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер(танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ерларни тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилиниб, ерларни фақат аукцион орқали сотиш амалиёти йўлга қўйилди.
Булардан кўзланган мақсад эса коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳалқ ишончини оқлаш ва коррупциясиз соҳалар сонини оширишдан иборат бўлиб, ушбу мақсадни амалга ошириш борасида давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги шарт.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини хабардор қилиши керак.
Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек раҳбарлари қонунчиликга мувофиқ жавобгар бўлиши муқаррарлиги ёдда сақланиши лозим.
Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёҳуд ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.
Ушбу мажбуриятнинг давлат органларининг ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Вилоят ҳокими Э.Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!