Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда МИБ раҳбари 2 ойлик фаолияти юзасидан жамоатчиликка ахборот берди
17 март 2023 г 410 Комментарии: 0
Мажбурий ижро бюросида Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этиш соҳасида жорий йилнинг 2 ой даврида амалга оширилган ишлар, шунингдек, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Менглиев матбуот анжумани кун тартибидаги мавзу юзасидан маълумот берди.
Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси органлари томонидан судлар ва бошқа ваколатли органларнинг мулкий ва номулкий ундирувлар билан боғлиқ қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш, шу жумладан ваколатли органлар томонидан давлат фойдасига ундирилиши белгиланган маблағларни мажбурий ундириб боришга қаратилган барча чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.
Бугунги кунда Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси органлари тизимида жами 201 нафар тезкор ходим (шундан 157 нафар давлат ижрочилари) фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бюро органлари ташкил этилганидан буён Жиззах вилоятида ҳозирга қадар 9 трлн. 134 млрд. сўмлик ҳужжатлар бўйича якуний қарорлар қабул қилинган бўлиб, шундан 4 трлн. 593 млрд. сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси амалда таъминланган бўлса, давлат фойдаси 1 трлн. 472 млрд. сўм ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2020 йилги ПФ-6118-сонли Фармонига асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб қувватлаш учун 2020-2023 йилларда 92 млрд. 218 млн. сўм маблағлар ундирилиб, ундирилган маблағларнинг 50 фоизи, яъни 46 млрд. 100 млн. сўми маҳсус ҳисоб рақамларга йўналтирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 2 ойида жами 94.243 та ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, улар бўйича ижрога қаратилган мажбурий мулкий ундирувларнинг умумий суммаси 1 трлн. 562 млрд. сўмни ташкил қилган.
Ушбу даврда амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари маҳсулида жами 405 млрд. сўмлик 26.233 та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 115 млрд. сўмни ташкил қилади.
Асосий эътибор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб чиқарилган мажбурий ундирув билан боғлиқ қарорлар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган даврда фуқаролар фойдасига 7 млрд. ва тадбиркорлар фойдасига 69 млрд. сўм қарздорликлар амалда ундирилиши таъминланди.
Шу билан бирга, уй-жойи ёки бошқа кўчмас мулки бузилган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари фойдасига маҳаллий давлат ҳокимлик органларидан 244 млн. сўм компенсация пуллари ундириб берилиши таъминланган.
Номулкий тусдаги фуқарони уйга киритиш ва уйдан чиқариш ҳақидаги 150 та, бола олиб бериш ёки у билан кўриштириш ҳақидаги 133 та ижро ҳужжатлари ижроси таъминланиб, жами 371 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Бюро органларида алимент ундирувлари доимо долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳозирги кунги кўрсатгичларга кўра, 60 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг 10 мингтаси ёки ҳар 6 та ижро ҳужжатидан 1 таси алимент масаласига оид ижро ишлардир.
Шунингдек, Бюро органларига Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 798 та мурожаатларнинг 338 таси, яъни 42 фоизи алиментга оид масалаларга тўғри келмоқда.
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 1 март куни давлатимиз раҳбари Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида Оила ва хотин қизларни қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида бўлиб ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюросига бир қатор аниқ ҳамда муҳим вазифа ва топшириқлар берилган эди.
Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиб, ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 млрд. сўм ажратилиш белгиланди.
Белгиланган, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиниши белгиланди.
Мазкур тартиб бўйича бугунги кунга қадар 12 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчиларга жамғарма маблағлари ҳисобидан 213 млн. сўм алимент пуллари тўлаб берилди.
Шунингдек, алимент ва моддий таъминотга оид ижро ҳужжатлари юзасидан 2023 йилнинг 2 ойида 10 млрд. сўм алимент қарздорликлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздор ва ундирувчилар билан боғлиқ барча маълумотларни дастурга ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли киритилиши устидан назорати йўлга қўйилган.
Алиментни ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлашган назорат тизимини жорий қилиш учун “МИБ-Портал” дастурига тарафларнинг паспорт серия ва рақамларини Давлат персоналлаштириш маркази маълумотлари асосида шакллантирилмоқда.
Ўз фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келаётган 58 нафар қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка оид иш, 12 нафар қарздорларга нисбатан жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси қидирув шўбаси томонидан алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрган 261 нафар қарздорларга нисбатан қидирув эълон қилинган бўлиб, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида 59 нафари топилиб, тегишли жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Шунингдек, алимент тўловлари бўйича 31 та ҳолатда қарздорлар томонидан болаларининг вояга етгунига қадар таъминоти пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклда тўлиқ қопланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 172 та оилалар яраштирилиб, ижро ҳужжатлари қонуннинг тегишли моддаларига асосан тамомланди ва Бюро органлари ташаббуси билан 90 нафар ишсиз қарздорларнинг бандлиги таъминланган.
Янги тартибга кўра, ҳар бир алимент пули олувчи фуқаролар номига тегишли банк картаси расмийлаштирилиб, алимент пуллари, қарздорнинг иш ҳақидан ундирувчи номига очилган янги пластик карточкаларга орқали электрон тарзда юборилмоқда.
Ҳозирда, Бюро органлари томонидан 7,5 мингдан ортиқ алимент олувчи фуқароларга бепул ва беғараз равишда “Алоқабанк” томонидан пластик карточкалар ишлаб чиқилиб, фуқароларга тарқатилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида ғайри қонуний равишда ишдан бўшатилган 11 нафар фуқаролар иш жойларига тикланиб, 85 нафар фуқароларга 490 млн. сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, давлат манфаатларини кўзлаб чиқарилган мажбурий ундирув билан боғлиқ қарорлар ижросини таъминлашга, давлатга етказилган зарарларни, шу жумладан солиқ қарздорлигини, давлат божи, маъмурий ва жиноий жарималарни ундириш, жиноятлар натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар ундирувларини таъминлаш йўналишига ҳам эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ жами 54.710 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, амалда 40 млрд. сўм ундирилиши таъминланди.
Қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда кўрсатилган даврда хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ қарздорлигини мажбурий тартибда ундириш билан боғлиқ 11.024 та ижро ҳужжатлари юзасидан 30 млрд. сўмдан ортиқроқ маблағларнинг амалда ундирилиши таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.11.2020 йилдаги ПФ-6118-сонли Фармонига асосан Бюро органлари тизимида туманлараро ихтисослашган бўлим ташкил қилинган бўлиб, ушбу бўлим томонидан қарздорларга нисбатан мажбурий ижро ҳаркатлари қўлламаган холда жисмоний шахслардан солиқ, давлат божи ва маъмурий жарималар ундириб келинмоқда.
Ҳусусан, жорий йилнинг ўтган даврида туманлараро бўлими томонидан 23.469 та 21,2 млрд. сўмли ижро ҳужжатлари иш юритувига қабул қилиниб, шундан 7.338 таси бўйича 2,8 млрд. сўм қарздорликлар амалда ундирилиши натижасида туман-шаҳар бўлимлари давлат ижрочиларининг иш юкламасини камайтиришга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 6 февраль куни энергия таъминоти соҳасида назорат тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, йиғилишда Бюро органларига бир қатор аниқ вазифалар юклатилди.
Жисмоний ва юридик шахсларга етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун юзага келган қарздорликлар бўйича ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида иш юритувидаги жами 57,5 млрд. сўмлик 2.169 та ижро ҳужжатларидан 35 млрд. сўмлик 1.417 таси тамомланиб, 1.150 та ижро ҳужжатлари бўйича 28 млрд. сўм қарздорлик амалда ундирилиши таъминланди.
Шундан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ фойдаси 24 млрд. сўм
ва “Ҳудуд газ Жиззах” АЖ фойдасига 4 млрд. сўмлик қарздорликлар ундирилиб, қолдиқдаги 22 млрд. сўмлик қарздорликлар ҳисобига қарздорларга тегишли 196 турдаги 39 млрд. сўмлик мол-мулклар хатловга олиниб, шундан 29 млрд. сўмлик мулклар онлайн аукцион савдосига чиқарилди.
Бундан ташқари, ушбу даврда Бюронинг Жиззах вилоят бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимларига ўтган даврда келиб тушган 1.470 та мурожаатларнинг 1.129 таси ёки 76 фоизи ҳал этилган.
Шулардан, 626 таси (55%) қаноатлантирилди, 503 таси (45%) юзасидан мурожаат муаллифларига хуқуқий тушунтиришлар берилган ва 350 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилган.
Шунингдек, 2.017 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган бўлиб, шундан 563 нафари ёки 27 фоизи шахсан бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари томонидан қабул қилиниб, мурожаатлари кўриб чиқилган.
Фаолиятимизда йўлга қўйилган яна бир янгилик - фуқароларимизга янада қулай бўлиши учун расмий сайтимиздаги қарздорликлар, чеклов ва ижро мониторинги каби маълумот олиш мумкин бўлган имкониятларни MIB.UZ махсус дастури орқали мобиль алоқа воситасида ҳам йўлга қўйдик.
Бунда аввало фуқароларимиз томонидан келиб тушаётган таклифлари ҳамда Ижтимоий тармоқлардаги фикрлари инобатга олинганлигини ҳам эътироф этмоқчиман.
Аҳолига қулайлик яратиш ва келиб тушаётган шикоятларнинг сонини камайтириш мақсадида “телеграм бот” орқали алимент ундируви масаласидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатларни кўпи билан 3 иш кунида ҳал қилиш чоралари кўриб келинмоқда.
Шунингдек, Бюро органлари томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларини қабул қилишда янада қулайлик ва шаффофлик яратиш, муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида, мурожаатларни “Онлайн - видео” орқали қабул қилиш тизими Марказий маҳкама томонидан йўлга қўйилган бўлиб, ҳар ҳафта шанба куни соат 10-00 дан бошлаб қабул ишлари амалга оширилмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда Бюро фаолияти билан боғлиқ чоп этилаётган масалалар алоҳида назоратга олинган бўлиб, зудлик билан қонуний кўриб чиқилиши ва тегишли тартибда муносабат билдирилиши йўлга қўйилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!