» » Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан  вилоят ҳокимининг байрам табриги

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан  вилоят ҳокимининг байрам табриги

21 март 2023 г 727 Комментарии: 0

Қадрли юртдошлар, азиз дўстлар!

Юртимизда айни кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.

Айниқса, тинчлик ва соғлиқни улуғлайдиган, ҳаётни, яшариш ва янгиланишни шарафлайдиган байрам — Наврўзнинг бу йилги қадри ўзгача. Чунки, ўтган йиллар давомида бутун инсоният бошига келган синовлар бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Азалдан пок нияти ва ёруғ умидига таянган олижаноб халқимиз ўз меҳнати ва матонати, улкан сабр-тоқати, огоҳлиги билан бу синовлардан устун келди.

Ҳа, Наврўзнинг бутун моҳиятида халқимизнинг эзгуликпарвар қалби намоён бўлади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Наврўзнинг миллатимиз, халқимиз ҳаётида тутган ўрнига баҳо берар экан: “Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ҳамда хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз” деган эдилар.

Азиз юртдошлар!

Бугун биз чексиз қувонч билан байрам қилишимиз баробарида, Наврўз байрами қораланган, уни ота-боболаримиз, момоларимиз томонидан яширинча нишонланган кунларни ҳам ёддан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Жоҳил кимсаларнинг бу улуғ ва минг йиллардан буён аждодларимиз томонидан тантана қилиб келинаётган байрамни “Диний ақида” деб маън этгани ҳали ҳамон ёдимизда турибди.

Мен Наврўзни афсонавий Қақнус қушига ўхшатаман. Чунки, мажусийлар Қақнусни куфр деб эълон қилиб, ўтга отдилар, аммо у ёнмади. Наврўз ҳам ҳар қанча қувғин қилинмасин, у ҳар баҳор она заминдан униб чиқаверди. Уни халқимиз фарзандидай асраб авайлади, кўксида сақлади. Наврўзнинг янгидан бўй кўрсатиши учун ҳар баҳорда маънавиятимизнинг порлоқ чироқларини қўлида кўтариб, мардона тура олган халқимиз буюкликда ва билимдонликда танҳодир.

Бугун синовли кунларни ёдга олар эканмиз Наврўзнинг нақадар қадрли ва ҳикматга бой эканлигини чуқурроқ англаб етамиз.

Кун билан тун баробар келган 21 март куни мамлакатимиз қатори Халқаро ташкилотлар ва турли халқларда ҳам ўзига хос байрамлар нишонланади.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ бу сана – “Халқаро она сайёра куни” деб эълон қилинган. Яқин Шарқдаги араб давлатларида эса “Оналар куни” деб белгиланган. ЮНЕСКО томонидан 21 март – “Шеърият куни” деб эълон қилинган.

Қадрли дўстлар!

Бугун барчамиз айни Наврўз сайллари давом этаётган кунларда ҳовлиларимиз, кўча ва маҳаллаларга янги дарахт кўчатлари ўтқазмоқдамиз.

Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган вазифаларни адо этиш учун бутун халқимиз оёққа турди. Кунлар илий бошлаши билан барча шаҳар ва қишлоқларимизда кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди.

Айни кунда вилоят бўйича 27,8 минг гектар боғ ва 17,1 минг гектар токзорлар мавжуд. Жорий йилда қўшимча 5 минг гектар, шундан 1,5 минг гектар боғ, 3,5 минг гектар янги токзор барпо этишга киришилди.

Маҳаллаларда кўчат экиш, кўча ва хиёбонларни обод этиш умумхалқ ҳаракатига айланиб, ёшларга нуроний отахонлар ва кайвони онахонлар бош бўлаётгани барчамизда баҳорий кайфият, меҳнатга меҳр уйғотмоқда.

Бугунги кунларда миришкор деҳқон-у фермерларимиз улкан ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошлаш арафасида туришибди. Биз уларга жорий йилимиз баракали келишини, етиштириладиган ҳосиллари мўл бўлишини тилаб қоламиз.

Ҳурматли Президентимизнинг шу йил 10 февраль куни вилоятимизга ташрифи давомида бугун дунёдаги сиёсий жараёнлар ва иқлим ўзгаришларидан хулоса чиқарган ҳолда озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлашда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан келиб чиқиб, вилоятимиздаги ҳар бир фермер даласида 20 тадан, жами 42 минг та асалари уяси ҳамда 100 бошдан, жами 210 минг бош парранда боқишни йўлга қўйиш ҳисобига, қўшимча 336 тонна асал ва 42 млн. дона тухум етиштириш кўзда тутилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтган 2022 йилда аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида янги тизим асосида деҳқон хўжалиги юритиш учун пахта-ғалла майдонларидан қисқартириш ҳисобига 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш ислоҳоти давом эттирилиб, жорий йилда ҳам жами
4,5 минг гектар ер майдони мазкур тоифадаги аҳолимизга ажратилиши шунингдек, соҳада мавсумий ишларга жалб қилиш орқали фақатгина қишлоқ хўжалиги йўналишининг ўзида 75 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Зеро, одамлар меҳнат қилиб даромад олса, дастурхони баракали бўлса, хонадонларда хотиржамлик ҳукм суради, аёлларимизнинг ташвиши кам бўлади, фарзандларимиз соғлом вояга етади.

Чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсадимиз, эзгу ниятларимиз тўкинликка, камбағалликка барҳам беришга қаратилгандир.

Эзгу ниятларимизни табиат ҳам қўллаб турганига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлиб турибсиз. Тез-тез ёғиб турган ёмғир экинзорларимизга қут-барака бахш этмоқда. Бу ободликдан, иқтисодий қудратимизнинг юксалишидан дарак бермоқда.

Азиз дўстлар!

Ота-боболаримиз айтганидай ўз уйи – ўлан тўшаги йўқ одамнинг эртаси ҳам йўқ. Шунинг учун ваилоятимизда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида вилоятда 2022 йил уй-жой дастури доирасида  1 504 та хонадонли 49 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 19,7 млрд. сўмлик субсидиялар ажратиб берилди.

Жорий йилда массивларда жами 3 015 та хонадонли 79 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, зарурий инфратузилма билан таъминланади. Яна минглаб юртдошларимиз уйли-жойли бўлишади.

Зеро, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш бу - Ҳурматли Президентимизнинг энг олий мақсади, эзгу ниятларидан биридир.

Ҳурматли Президентимиз Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришнинг энг муҳим асосларидан бири тадбиркорлик эканлигини вилоятимиз фаоллари билан суҳбатда яна бир бор таъкидлаб ўтди. Вилоятимизда ишлаб чиқариш корхоналар сонининг ошиб бориши ва барча соҳаларда янги ислоҳотлар ўзининг натижасини бериб, вилоятимиз Ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми тарихда илк бор 27,1 трлн.сўмга етди.

Биз инсон қадрини улуғлаш, камбағалликни қисқартириш каби юксак марраларни кўзлаган эканмиз, биринчи галда одамларни иш билан таъминлаш, уларга ўз рўзғорини ўзи тебратиш имконини беришимиз лозим.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг фуқаролар билан ишлашнинг “маҳаллабай”, “хонадонбай” услубларининг жорий этиши жойларда юртдошларимизни ўйлантириб келаётган муаммоларга барҳам бераётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Вилоятимиизда биргина ўтган йилда “Темир дафтар” рўйхатидаги оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 17,8 млрд. сўм ажратилди. Мазкур дафтардаги 18 072 та оиланинг 96 фоизига амалий ёрдам кўрсатилди.

Аҳолининг ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишини рағбатлантириш мақсадида 9,7 млрд. сўм миқдорида субсидиялар берилди.

Қадрли юртдошлар!

Юрт обод бўлса, кўнгиллар ҳам обод бўлади. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган қурилиш, ифратузилмани ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари биноларини замонавий меъморчилик асосида бунёд этилиши халқимизнинг фаровонлигини оширишга, одамлар эртага эмас, бугун яхши яшаши учун шароит яратишга қаратилгандир.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида ўтган йили вилоятимизда 207,4 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу маълумотлар билан сиз азизлар яхши танишсиз, чунки барча янгиланиш ишлари бевосита вилоятимиз халқи яшаётган маҳалла ва қишлоқларда амалга оширилди.

Вилоятимизда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш орқали қамров даражаси 77,5 фоизга етказилиб, бугунги кунда 1 325 та мактабгача таълим ташкилотларига 95 439 нафар фарзандларимиз қатнаб, ҳаёт кўникмаларини ўзлаштирмоқда.

Шунингдек, 71 та умумтаълим мактаблари 184,1 млрд. сўм маблағлар ҳисобига таъмирдан чиқарилди. 45,5 млрд. сўм маблағлар ҳисобига 6 та соғлиқни сақлаш объектларида янги қурилиш ва таъмирлаш ишлари тугалланиб, фойдаланишга топширилди.

Спорт соҳасида ҳам бир қанча ютуқлар қўлга киритилди. Хусусан, 2022 йил давомида вилоят спортчилари томонидан жаҳон ва Осиё чемпионатлари, халқаро мусобақаларда жами 2 442 та медалларни қўлга киритишди. Бундай ютуқлар фарзандларимизнинг бошқа давлатлардаги тенгдошларидан кам эмаслигини кўрсатиб турибди.

Азиз дўстлар!

Баҳор ойларида табиатнинг янгиланиши билан бирга юртимизни янада обод қилиш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларимиз ҳам кўпаяди.

Жумладан, давлатимиз ва халқимиз келажагини белгилаб берувчи янги таҳрирдаги Конституцияга референдум ўтказилиши ҳам тарихий воқеа бўлмоқда.

Бош Қомусимиз лойиҳасига 222 715 дан ошиқ таклифлар билдирилди. Бу жамиятимиз, давлатимиз келажагини белгилаш, халқимиз турмуш даражасини яхшилашга ҳар биримиз дахлдор эканлигидан дарак бериб турибди. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Жиззахликлар фаоллик кўрсатиб, ўзларининг фуқаролик бурчларидан фойдаланган ҳолда хоҳиш-истакларини ихтиёрий равишда амалга оширишларига ишонаман.

Бутун вилоятимиз қўлни қўлга бериб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларини уддалашимиз, жонажон юртимизни янада гўзал, ҳаётимизни бунданда фаровон этишимиз лозим.

Шу йилнинг ўзида Жиззах вилояти саноатининг ҳозирги жадал ривожланишини давом эттириб, 590 млн. долларлик 8 та йирик лойиҳа ва 656 млн. долларлик 136 та ҳудудий саноат лойиҳаси ишга туширилади, улар ҳисобидан 8,1 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Вилоятимиз саноати 14 фоизга ошади. Махсус саноат зоналарида умумий қиймати 150 млн. долларлик 58 та лойиҳалар, шунингдек, қиймати 80 млн.долларлик инвестиция ҳисобига электромобиль заводи ишга туширилади.

Фориш туманидаги “Учқулоч” конини тиклаш бўйича хорижий инвесторлар жалб қилинади, Ғаллаорол туманида “Қўйтош” конини ўзлаштириш ва атрофида геология қидирув ишлари олиб борилади, қурилиш материаллари саноати соҳасида қиймати 460 млн. долларлик 31 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилади.

Ўтган куз-қиш мавсумидан хулоса қилган ҳолда мамлакатимизда хусусан, вилоятимизда муқобил энергия манбаларини кенг жорий қилиш - энг асосий вазифамиз бўлади.

Маълумки, вилоятимизда “Яшил иқтисодиёт”ни жорий этиш режалари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Барча давлат идоралари ва ишлаб чиқариш корхоналари, фуқароларнинг хонадонларига қуёш панеллари, иситиш ускуналари ўрнатилмоқда.

Ғаллаорол туманида Бирлашган Араб Амирликлари “Масдар” компаниясининг 200 млн. доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилиши натижасида жорий йилда 100 млн. кВт соат ва 2024 йилда тўлиқ қувватга чиқиб 500 млн. кВт соат  электр энергияси ишлаб чиқарилишини  йўлга қўйилади.

Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Форишда 150 МВт қувватга эга йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши ишлари бошланади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан 13 та объектларда қуввати 30 МВт бўлган кичик фотоэлектр станциялари барпо этилади.

Зафаробод тумани ҳудудидан ўтувчи ҚЛИ дарёсида қиймати 4,3 млрд.сўмлик 2 та кичик ва микро гидроэлектрстанцияси ўрнатилади.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун Шароф Рашидов туманининг “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига Жиззах шаҳридан борувчи янги автомобиль йўли ва 700 пм кўприк қурилиши бошланди. Ушбу массивда мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаси ҳамда иссиқлик қозонхонаси қурилиши бошланади.

Жорий йил учун белгиланган ишлар рўйхатини янада давом эттириш мумкин. Дастурга киритилган ҳамма маҳалла ва қишлоқларда йўллар текисланади, газ, электр, ичимлик сувидаги узилишларга барҳам берилади.

Меҳрибон онахонлар, опа-сингиллар!

Наврўз келиши билан сизлар учун ёқимли бўлган ташвишлар кўпаяди. Қўни-қўшнилар биргаликда улкан дошқозон тагига ўт ёқасизлар, Наврўз таоми – сумалак пиширишга киришасизлар.

Туни билан мижжа қоқмай қозон ковлаб, элу-юртига, яқинлари, оила аъзоларига Яратгандан соғлик-омонлик тилаган “сумалакчилар”нинг ҳар бир нияти, қўшиқ ва лапарлари, ўйин-кулгулари, айтишувлари халқимиз учун нақадар азиз ва қимматлидир, буни сўз билан таърифлаш осон эмас.

Бундай эзгулик қатнашчиларининг диллари ҳам, руҳияти ҳам покланади. Улар қишдан чиқиб, илик узилди пайтда пиёлалардаги ҳаётбахш сумалакларни барчага тарқатиб чиқишади. Уни еган хасталар соғаяди, одамларнинг умрига умр қўшилади. Бизнинг оналаримиз, опа-сингилларимиз тилаклари, дуолари билан сумалак ҳикматли таомга айланади.

Қалбида доим яхшилик чечак отган аёллари бор халқдан Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбек ва Навоийлар етишиб чиқади.

Ҳурматли вилоятимиз аҳли! Азиз юртдошлар!

Қадимий ва гўзал байрамимиз – Наврўзи олам билан яна бир бор барчангизни чин дилдан табриклайман.

Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахт-у саодат ҳамда файз-у барака олиб келсин! Барча мақсадларимиз, орзу ва ниятларимиз амалга ошсин!

Байрам кайфияти, қувончи сизни ҳеч қачон тарк этмасин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

                                  Жиззах вилояти ҳокими                              Эргаш Салиев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!