Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Президент ташаббуси амалда: юртимиз йилдан-йилга обод бўлмоқда
27 март 2023 г 528 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбарининг ўтган 2022 йил 2 февралдаги видеоселектор йиғилишида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларига ўз ҳудудида янги экология маданиятини жорий этиш чораларини кўриш, маҳаллаларнинг тозалиги ва ободлигини таъминлаш, гулзорлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича янги тизим яратиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 мартдаги йиғилиш баённомасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ташкил этиш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш вазифалари белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ўтган 2022 йилнинг баҳор мавсумида вилоят ҳудудида экилган, жами 9 миллион 970 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари туман ва шаҳар штаблари томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилган. Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармасининг барча туман ва шаҳар бўлимлари давлат инспекторлари томонидан экилган ҳар туп кўчатлар ўрганиб чиқилиб, платформада тасдиқланди. Ана шу экилган кўчатларни умуммиллий лойиҳа талабларидан келиб чиқиб, ҳар бир дарахт кўчатини экишда суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳудудида экилган кўчатлардан 9 миллион 700 тупдан ортиғи ёки 97,5 фоизининг суғориш тизими мавжуд бўлса, қолган 276 минг тупи ёки 2,5 фоизи махсус суғориш техникалари ёрдамида суғорилмоқда.
Вилоят ҳудудида жами 10 та суғориш қудуқлари қазилиб, 16 километр масофада янги суғориш тизими барпо этилди. Суғориш тизимларини жорий этиш учун жами 1 миллиард 635 миллион 234 минг сўм маблағ сарфланди.
Шунингдек, томчилатиб суғориш тизимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, жумладан, Зомин туманининг тоғли ҳудудига экилган 90 мингдан ортиқ арча кўчати, Жиззах шаҳрида “Мақсуда-Назокат” масъулияти чекланган жамият аъзолари томонидан экилган 25 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатларини томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди.
— 2022 йил баҳор мавсумида экилган 9 миллион 970 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини суғориш, парвариш қилиш ва ҳар хил зараркунандалар ҳамда ҳашаротларга қарши курашиш ишларини амалга ошириш учун жами 1 минг 84 та корхона ва ташкилотга 9 миллион 817 минг 200 туп дарахт, яъни 98,5 фоизи далолатнома асосида топширилганди, – дейди Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Экилган ана шу кўчатларни парвариш қилиш учун жами 13 та махсус техника харид қилиниб, шундан 5 таси махсус суғориш техникаларини ташкил қилди.
Вилоятимиз ҳудудида “Яшил боғлар” ни барпо қилиш бўйича ўтган йилнинг баҳор мавсумида туман ва шаҳарларимиз ҳудудида 27,4 гектар майдонда “Яшил боғлар” ва 41,7 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари” барпо этилди.
Шунингдек, ўзлаштирилмаган ерларда яшил ҳудудлар барпо қилиш юзасидан Фориш тумани ҳудудида республика “Автосаноат” корхонаси томонидан жорий йил баҳор мавсумида 105 гектар ер майдонида 80 мингдан ортиқ манзарали, мевали дарахт кўчатлари экилиб, яшил майдон барпо қилинган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган 2022 йилнинг куз мавсумида вилоят ҳудудида 5 миллион 939 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши ташкил этилди. Ушбу экилган кўчатлар туман ва шаҳар штаблари томонидан “Яшил макон” электрон платформасига киритилган бўлиб, Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармасининг барча туман ва шаҳар бўлимлари давлат инспекторлари томонидан 5 миллион 982 минг туп кўчат ўрганиб чиқилиб, платформада тасдиқлангани таҳсинга лойиқ.
Шу билан бирга кўчат экиш ишларини самарали ташкил этиш, агротехник қоидаларга қатъий риоя этиш, парваришлаш ва суғориш ишларини тизимли амалга ошириш бўйича мавсум бошидан буён нуронийлар ва туман фаоллари тажрибали агроном ва боғбонлар иштирокида вилоят бўйича, мавсум бошидан жами 85 та илмий-амалий семинар ўтказилиб, ушбу семинарларда 10 минг 220 киши қамраб олинди.
Мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатларни етказиб бериш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида Пахтакор туманида 1 та, Арнасой ва Шароф Рашидов туманларида 2 тадан, Зомин туманида 3 та, Бахмал туманида 7 та ҳамда Жиззах шаҳрида 10 та, жами 25 та кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилган.
— 2023 йилнинг баҳор мавсумида вилоятнинг барча ҳудудларида жами 9 миллион 900 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқдик, – дейди Эркин Холматов. – Ҳозирги кунда баҳорги мавсумда кўчат экиш ишлари учун жойлар танлаб олинди ва кўчат захиралари тўлиқ яратилди.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида жами 9 миллион 843 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган. Туман ва шаҳар штаблардаги мутахасисларимизнинг 2023 йилнинг 23 март ҳолатига берилган маълумотларига кўра, 5 миллион 441 минг туп кўчат экилган ва уларнинг 4 миллион 490 минг тупи ўрганиб чиқилган, “Яшил макон” электрон платформасида тасдиқланган. Қолган 951 минг туп кўчат экилганлик ҳолати ўрганилиб, “Яшил макон” электрон платформасига киритиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кўп соҳа вакилларини бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Зомин миллий табиат боғи ходимлари ташаббуси билан бошланган дарахт кўчатларини экиш ишларида Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси, Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси, Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши вакиллари ҳамкорлигида Миллий табиат боғи ҳудудини янада кўкаламзорлаштириш мақсадида ушбу ҳудудга 250 туп можевилник ва арча дарахти кўчатлари экилди.
Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти “Автомобил йўллари” ҳудудий бош бошқармаси “Йўлкўкалам” унитар корхонаси томонидан 136 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Жорий йилнинг баҳор мавсумида вилоят ҳудудига ташкилотлар томонидан 131 минг 700 туп кўчат экилиб, режа 96 фоизга етказилди.
Шу кунларда “Йўлкўкалам” УК ишчи-ходимлари томонидан Зафарбод тумани 4Р йўлининг турли масофасидаги ҳудудларига манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Вилоятда ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, кўчат экиш кўникмаларини ўзлаштириш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда “Яшил ҳафталик” акциялари ташкил этилмоқда. Жиззах шаҳрининг “Боғишамол” МФЙ ҳудудида яшил боғ барпо этган Жиззах давлат педагогика университети пофессор-ўқитувчилари ва талабалари баҳорги мавсумда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш бўйича “Яшил ҳафталик” акциясини ўтказиб, минглаб бодом, қарағай, қайрағоч, ўрик, олма, жийда сингари мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Зомин тумани ёшлари ҳам туман ҳудудида ёшлар боғи ташкил этиб, акция доирасида 500 туп можевильник кўчатларини ўтқазди.
— Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини белгилаб берилган чора-тадбирлар асосида ўтказиш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизда “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди, – дейди бошқарма бошлиғи. – Табиат ресурслари вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ушбу ҳашарни “Маҳалламга 10 туп дарахт – менинг туҳфам” шиори остида ўтказдилар. Сабаби, шанбаликда асосий эътибор дарахт экиш ва ҳудудларни тозалаш ишларига қаратилди. Умумхалқ хайрия ҳашари бошқармамиз ва унинг шаҳар, туманлардаги ҳудудий инспекциялари томонидан уюшқоқлик билан ўтказилганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.
Шунингдек, Жиззах шаҳрининг Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган суғориладиган ерга шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан 200 туп павлония дарахт кўчатлари экилди. Экиш ишларида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ободонлаштириш бошқармаларининг туман бўлимлари, ёшлар, экофаоллар ва аҳоли вакиллари уюшқоқлик билан иштирок этди. Ҳашарда манзарали ва мевали дарахт ҳамда гул кўчатлари экиш, аҳоли турар жойлари, ариқ ва зовурлар, йўл четлари ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилди. Ҳашар давомида асосий эътибор маҳалла ҳудудларида яшил маконларни бунёд этиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида экологик маданият ва кўникмаларни ҳосил қилишга қаратилди.
Булардан ташқари, ҳашар давомида Зомин туманининг “Пешоғар” МФЙдаги сувли ерларга минг туп, Зарбдор тумани “Равот” МФЙ ҳудудига 500 туп, Пахтакор, Дўстлик, Арнасой, Фориш туманлари ҳудудларига 3 минг 500 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари, Жиззах шаҳрининг Амир Темур МФЙ ҳудудига 2 минг туп павлония дарахт кўчатлари ўтқазилди. Кўчат экиш ишларида кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга бўлган оқсоқол, экофаоллар ва ёшлар бирдамликда меҳнат қилганлари эса таҳсинга лойиқ. Жиззахликларнинг асл мақсади – ҳудудни “Яшил боғлар”га айлантириш.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!