» » Аҳолидан сараланган чиқиндилар сотиб олиняпти

Аҳолидан сараланган чиқиндилар сотиб олиняпти

03 апрель 2023 г 563 Комментарии: 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарорига кўра эълон қилинган 30 март – Халқаро чиқиндиларсиз кун санаси Табиат ресурслари вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятида ҳам ўзига хос тарзда нишонланди.

“Zero Waste” лойиҳаси орқали Туркия бутун дунёни қизиқтирган барча экологик ва табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларида етакчи сифатида ажралиб туради. Лойиҳа исрофгарчиликнинг олдини олишга, ресурслардан самарали фойдаланишга, сабабларини кўриб чиқиш орқали чиқиндилар пайдо бўлишининг олдини олишга ёки минималлаштиришга ҳамда чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва қайта ишлашга қаратилган.  

Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоятда чиқиндилар муаммоларини бартараф қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали уларнинг ҳажмини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Жиззах вилоятида   маиший чиқиндиларни саралаб қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи 20 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда.  

“Элита Люкс Пласт” МЧЖ 2019 йилда ташкил топган бўлиб, асосан полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона аҳолидан турли хилдаги пластмасса чиқиндиларини сотиб олиб, қайта ишлайди. Ўтган йили корхона томонидан 380 тонна иккиламчи хом ашё қайта ишланди.  Қайта ишлаш натижасида эса 324 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди. Айни кунда корхонада 15 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

Жиззах шаҳридаги қоғоз чиқиндиларини қайта ишловчи корхона эса ундан сал аввалроқ, яъни 2014 йилда ташкил этилган. Корхонада қоғоз хом ашёси қайта ишловчи  махсус ускуна ёрдамида 6  босқичдан ўтиб, тайёр картон қоғозга айланади. Тайёр маҳсулот эса картон қути тайёрланадиган тадбиркорларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили корхона томонидан 1 минг 800 тонна иккиламчи қоғоз хом ашёси қайта ишланиб, 2 минг 640 тонна картон маҳсулоти ишлаб чиқарилди.  

Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан аҳоли хонадонларида ҳосил бўлган маиший чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш борасида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.

– Айни пайтда эксперимент тариқасида Шароф Рашидов туманидаги бир қатор маҳаллаларда аҳоли хонадонларида ўзларининг маиший чиқиндиларини саралашни ташкил этиш ва улардан сараланган иккиламчи хом-ашёларни жойида ҳақ тўлаб сотиб олиш ҳамда ушбу тўланадиган маблағ ҳисобидан “Тоза ҳудуд” ДУКнинг чиқинди тўловига қарздорлигини қоплаш” тамойили асосий мезон қилиб олинган, – дейди Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиқ ўринбосари Б.Эгамов. – Бунда аҳолига чиқиндиларни ўз уйларида саралаб, сотиб, қўшимча даромад олиш ҳамда ушбу саралашдан олган даромади билан ойлик чиқинди тўловини тўлаш имконияти яратилди.

Жорий йилдан бошлаб вилоятнинг яна 10 та тумани аҳолисига ҳам санитар хизматлари кўрсатиш давлат хусусий шерикчилиги асосида олиб бориш йўлга қўйилиб, ҳудудлар тадбиркорларга бириктириб берилди. Ушбу тадбиркорлик субектлари томонидан аҳолидан ҳосил бўладиган чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари кўрсатилиб, келажакда қайта ишлаш ҳам режалаштирилмоқда. Чиқиндилар аҳоли хонадонларида сараланиб, сотиб олиняпти.

Шунингдек, 30 март – Халқаро чиқиндиларсиз кун санига бағишлаб Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш мақсадида оммавий акция ташкил этилди. Ушбу тадбир Ёшлар ишлар агентлиги, “Эколог” жамоат бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши билан ҳамкорлдикда ташкил этилди. Ушбу тадбирда “Эколог” жамоат бирлашмаси раҳбари, таниқли эко журналист Наргис Қосимова ҳам иштирок этди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!