» » Жиззахда “Саломатлик сайиллари” бошланди

Жиззахда “Саломатлик сайиллари” бошланди

03 апрель 2023 г 528 Комментарии: 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Саломатлик сайллари” ойлиги ўтказилмоқда.

“Саломатлик сайиллари” ойлиги давомида мамлакатимиздаги жами 208 та туман ва шаҳарда республикадан жалб қилинган 300 нафарга яқин нуфузли мутахассислар, шунингдек, 17 минг 500 та тиббий бригада ва 175 минг нафардан ортиқ маҳаллий тиббиёт ходимлари иштирокида профилактик тиббий кўриклар, скрининг дастурлари ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиши белгиланган.

Ушбу ойлик давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморларни ҳудудларнинг ўзида белгиланган тартибда юқори технологик муолажалар орқали соғломлаштириш чоралари кўрилади ва фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.  

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори М.Тилляшайхов бошчилигидаги 19 нафар етакчи мутахассис Жиззах шаҳрига келди ва вилоят бўйлаб “Саломатлик сайллари”бошланди.

Шаҳарнинг “Ўратепалик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 14-сонли умумтаълим мактабида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи мутахассислари томонидан шаҳарнинг 531 нафар аҳолиси  чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 217 нафарида сурункали ва бошқа турли хил касалликлар борлиги аниқланди. Тиббий текширувлар натижаларига кўра қўйилган ташхисларга асосан аниқланган касалликка қараб беморларга амбулатор даволанишлари учун йўлланмалар берилди.

– Ушбу кўрикларга сурункали хасталиги бор, вилоят ва республика даражасидаги тиббий ёрдамга муҳтож беморлар кўп тармоқли поликлиникаларга таклиф этилса, ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, ётиб қолган, ногиронлиги бор шахслар учун эса мутахассислар уларнинг хонадонларига бориб, сайёр текширувлар ташкил этилиши режалаштирилган, – дейди Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Неъматов. – Кўриклар натижасида касаллиги аниқланган фуқаролар учун индивидуал соғломлаштириш режаси тузилиб, унга мувофиқ, беморлар амбулатор, уй шифохонаси ёки кундузги шифохона шароитида, туман–вилоят–республика даражасида даволанувчи тоифаларга ажратилади.

Шунингдек, амбулатор, уй шифохона ва кундузги шифохонада даволанадиган беморларга поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари орқали мавжуд дори-дармон ва сарфлов материаллари бепул берилади.

Туман ва вилоят даражасида даволанадиган беморларга тегишли йўлланмалар расмийлаштирилиб, Республика ишчи гуруҳлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатма асосида ҳудуднинг ўзида юқори технологик муолажалар ўтказилади.  

Мазкур оммавий тиббий кўрикларни рўзадор беморларга қулайлик яратиш мақсадида соат эрталаб соат 10:00 дан пешиндан кейин – соат 16:00 гача этиб белгиланган.  

Жиззах шаҳрида ўтказилган “Саломатлик сайиллари” акцияси доирасида профилактик ва скрининг текширувлар ҳам ўтказилди. Республика ССВ ташаббуси билан бошланган “Саломатлик сайиллари” ойлиги белгиланган график асосида Жиззах вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!