» » “Сўғдиёна” ишқибозлари ғалабани 8 ой кутди

“Сўғдиёна” ишқибозлари ғалабани 8 ой кутди

25 апрель 2023 г 485 Комментарии: 0

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлига жамоалари ўртасидаги навбатдаги 7-тур ўйинлари бугунги “Андижон” (Андижон) – “Металлург” (Бекобод) ҳамда “Насаф” (Қарши) – “Олимпик” (Тошкент) учрашувлари билан поёнига етади.

7-тур доирасида 5 та учрашув бўлиб ўтди. Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ушбу турни Зоминда Навоийнинг “Қизилқум” клубига қарши ўтказиб, ниҳоят ғалабаларсиз сериясига якун ясаб, жорий мавсум чемпионат ўйинларидаги илк зафарини қўлга киритди.  

“Сўғдиёна” жамоаси 17 ўйиндан буён ғалабага эриша олмаётган эди. Улар сўнгги бор ўтган мавсум 11 август куни Самарқандда “Динамо”ни мағлуб этган эди, ниҳоят жамоа Иван Бошкович бош мураббийлигида, кичик ҳисобдаги биринчи ғалабасига эришди. Жиззахлик футбол мухлислари жамоасининг бу ғалабасини 8 ой кутди.  

Учрашув майдон эгаларининг устунлигида бошланди, лекин “Қизилқум” ҳам жуда яхши ҳимояланди. Майдон эгаларининг кучли босими натижасида баҳснинг 17-дақиқасида меҳмонлар жарима майдончасида ўйин қоидаси бузилди ва учрашувни бошқариб борган ҳакам  Ғайрат Жўраев меҳмонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима тўпи белгилади.  

Меҳмонлар жарима майдонида йиқитилган “Сўғдиёна” футболчиси Жавоҳир Қаҳрамонов, 11 метрлик пенальтини ўзи тепди. Аммо унинг зарбасини отдоши, рақиб дарвозабони Жавоҳир Илёсов бартараф этишни уддасидан чиқди. Навоийлик дарвозабон жиззахликлар томонидан уюштирилган кўплаб голли вазиятларни бартараф этиб, жамоаси жонига аро кирганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.  

Ўйиннинг 31-дақиқасида “Қизилқум” жамоаси аъзоси Муродбек Раҳматов мезбон футболчисига қарши жуда хавфли ўйнаб, 2-сариқ карточкани ишлаб олди ва бу ўз ўзидан қизил карточкага айланиб, у майдондан четлатилди.  

Шундай ҳам ҳимояда тўп сураёган меҳмонлар бир киши кам бўлиб ўйнаб, янада кучлироқ босим остида қолди. “Сўғдиёна” жуда катта устунлик билан ўйин намойиш этган бўлсада, ҳисобдаги устунликларини учрашувнинг 73-дақиқасидагина бир бора исботлай олди, холос.  

Даниел Насриддинов томонидан узатилган тўпни жиззахликларнинг болқонлик легионер ҳужумчиси Зенан Займович боши билан рақиб дарвозасига йўллаб, “Сўғдиёна”ни олдинга олиб чиқди – 1:0. Ана шу ҳисоб ўйиннинг охиригача ўзгармай қолди.  

Баҳснинг, ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+6-дақиқасида “Қизилқум” жамоаси легионер футболчиси Ифеани ҳам 2-сариқни олгач, қизил карточка кўрсатилиб майдондан четлатилди.  

Жиззахликлар ўзлари учун жуда муҳим бўлган ғалаба ва 3 очкога эга бўлиб, турнинг жадвалининг сўнги 14-поғонасидан 11-ўринга кўтарилиб олди.  

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Сўғдиёна” клуби бош мураббийи Иван Бошкович, “Аввало, ушбу ғалабани узоқ кутганимиз ва бундан хурсандлигимизни айтмоқчиман. 17 ўйиндан буён илк ғалаба билан мухлисларни ва барчани табриклайман. Умид қиламанки, бу ғалаба навбатдаги ўйинлар олдидан ўзимизга бўлган ишончни қайтаради”, деди жиззахликлар бош мураббийси.  

Ушбу турнинг марказий учрашуви Тошкентда Олмалиқнинг ОКМК ва пойтахтнинг “Пахтакор” клублари ўртасида кескин ва муросасиз баҳслар остида ўтди. Гарчанд Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Олмалиқ футболчиси Хуршид Ғиёсов ўйиннинг 49-дақиқасида ҳисобни очган бўлсада (1:0), Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ирода кўрсатиб, ОКМК 1 голига ўйиннинг 65-дақиқасида Драган Черан (1:1) ва 85-дақиқасида Азиз Турғунбоевлар (1:2) биттадан гол киритиб, қийин ғалабани қўлга киритди. ОКМК – “Пахтакор” якуний ҳисоб – 1:2, Максим Шатских шогирдларининг иродали ғалабаси билан тугади.  

Мазкур турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Сурхон” (Термиз) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 1:0, “Бухоро” (Бухоро) – “Нефтчи” (Фарғона) – 2:2, “Турон” (Яйпан) – “Навбаҳор” (Наманган) – 0:2.  

Турнир жадвалини ҳозирча 7 учрашувдан 15 тадан очко жамғарган –  “Нефтчи”, “Пахтакор” ҳамда “Навбаҳор” клублари бошқариб турибди.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!