» » Жиззах вилояти: чет эллик сайёҳлар оқими янада кўпаяди

Жиззах вилояти: чет эллик сайёҳлар оқими янада кўпаяди

17 май 2023 г 820 Комментарии: 0

Германиянинг туризм ассоциацияси туроператорлари Жиззах вилоятининг Зомин ва Фориш туманларининг туризм салоҳияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 29 март куни мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Унда Президентимиз томонидан бугунги кунда юртимизда туризм соҳасида амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилиб, шу билан бир қаторда туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Туризм – дунё иқтисодининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бўлиб, катта даромад манбаига айланмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада тегишли инфраструктурани жаҳон стандартлари даражасида яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш бўйича барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.  

Видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижроси доирасида Германия, Франция, Буюк Британия, Япония, Корея, Малайзия, Россия ва Қозоғистондаги элчихоналар ҳар ойда бир марта 20 та энг нуфузли туроператорларни йиғиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кўрсатиб бериш, улар билан бирга янги-янги турпакетларни ишлаб чиқиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди. 

Жиззах вилоятида ҳам туризм соҳаси изчил ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиш лозим.  

– Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилиш ва ушбу қитъадан юртимизга келувчи туристлар сонини кўпайтириш – асосий мақсадимиздир, – дейди Жиззах вилояти маданият ва туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Дилором Холмурзаева. – Жорий йилнинг 12-13 май кунлари Германиянинг 12 нафар туроператори вилоятимизнинг Зомин ва Фориш туманларида бўлиб, туризм салоҳиятини яқиндан ўрганди. Қувонарлиси хорижлик меҳмонлар ушбу ҳудудлар туризми салоҳиятига юқори баҳо берди.

Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Синдор Раҳмонкулов, вилоят маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Азамат Дархонов ва бошқарманинг бошқа вакилари  меҳмонларга ҳамроҳлик қилди.  

Даставвал, германиялик меҳмонлар вилоятнинг Зомин туманида бўлиб, у ердаги сайёҳлар учун яратилган шароитлар, муқаддас қадамжолар, қатор қўшма корхоналар, “Суфа” туристик дам олиш маскани ва у ердаги арқон йўлини томоша қилди. Зоминнинг туризм салоҳиятини яқиндан ўрганди. Зомин сув омбори ва Зоминдаги бир қатор қўшма корхоналар хорижлик туроператорлар эътиборини тортди ва гўзал табиат ҳамда сервуқор қорли тоғлар туроператорларда катта ҳайрат уйғотди. Хорижлик сайёҳлар туризмни ривожлантириш борасидаги Зомин тумандаги дам олиш ҳудудида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.

Германиялик туроператорларнинг кейинги манзили Фориш тумани “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Sayyod yurt samp” туристик мажмуаси бўлди. Меҳмонлар бу ерда ўтовларга жойлашиб, тумандаги “Омон чўққи” га “Sayyod yurt samp” туристик мажмуаси бошлиғи Шерзод Норбеков ҳамроҳлигида пиёда сайр қилди. Форишнинг бетакрор табиат манзараларидан баҳраманд бўлди.  

“Sayyod yurt samp” туристик мажмуасида кечки овқат дастурхони ёзилиб, Форишнинг ўзига хос миллий таомлари тортиқ этилди. Тумандаги “Боғдон” фольклор этнографик халқ ансамбли томонидан концерт дастури намойиши германиялик туроператорларда катта таассурот қолдириб, ансамбль аъзолари билан биргаликда мириқиб рақс тушди. Хорижликлар миллий санъатимизга юқори баҳо берди.  

Тунги гулхан ёқилиб, меҳмонлар мусаффо осмондаги ёрқин юлдузларни ҳайрат билан томоша қилди, мириқиб ҳордиқ чиқарди.

Германия туризм ассоциацияси туроператорлари вилоятда туризм равнақи йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилганини айтиб, Зомин ва Фориш туманларидаги дам олиш мажмуалари тез кунларда ғарбий Европа, жумладан, германиялик сайёҳларнинг севимли масканига айланишини таъкидлади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!