» » Президент фармони ижрода ва назоратда

Президент фармони ижрода ва назоратда

22 май 2023 г 637 Комментарии: 0

Мамлакатимизда уй-жой олишда субсидия маблағлари ажратилиши, қурувчи тадбиркорларга уй-жойни сотишда ёрдам бериш, ипотека кредити ва субсидиялар бериш борасида бир қатор янгиликлар жорий этилди.

Президентимизнинг жорий йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дасурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. 
Жиззах вилоятида ҳам бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг амалдаги тартибига асосан жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб бир қатор ўзгартишлар киритилди. Жумладан, банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланиш, жумладан, қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизимини жорий қилишга рухсат этилиб, банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилган. 

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун олинадиган ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланиб, жорий йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишга доир аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2023 йилнинг 1 майидан 1 декабрига қадар қабул қилиниши, шунингдек, шу йил учун қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори 2022 йилда белгиланган миқдорда сақлаб қолиниши кўрсатиб ўтилган. 
Юртбошимизнинг ушбу фармонига кўра жорий йилда ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли кўраткичлари белгиланиб, унда жами 2 минг 375 та 522 миллиард 900 миллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилиши кўзда тутилган. Шундан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 минг 507 та 375 миллиард 700 миллион сўм квартиралар сотиб олиш учун, 762 та 114 миллиард 300 миллион сўм якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун ҳамда 106 та 32 миллиард 900 миллион сўм “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ томонидан қайта молиялаштириладиган кредитлар ҳисобланади. 
Жорий йил давомида вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудларида даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида 1 минг 980 нафар фуқарога 89 миллиард 600 миллион сўмлик субсидия маблағлари ажратилиши белгиланди ва шундан 990 таси республика бюджети маблағлари ҳисобидан ва 990 таси маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан ажратилиши назарда тутилган. 
Бунинг натижасида жойларда уй-жой харид қиладиган кам таъминланган аҳолига бошланғич бадалларни ипотека кредитлари фоизларини тўлашда субсидиялар беришдан иборат бўлиб, эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама кўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, талабгор фуқароларнинг уй-жой шароитлари яхшиланиши кўзда тутилган. 
Амалдаги йилнинг 3 майида мазкур фармонга асосан вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилиниб, унга кўра 2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб амалга ошириш механизми орқали масъул ижрочиларга тегишли кўрсатмалар белгилаб берилган. 
Жумладан, Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармаси билан биргаликда ипотека кредитлари ва субсидиялар ўз вақтида аҳолига ажратилиши ва молиялаштирилишини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига қурилган уй-жойларни сотишда кўмаклашиш кўрсатиб ўтилган. 

2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивларида жами 26 та 1 минг 480 квартирали уй-жойлар барпо этилиши кўзда тутилган. Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” ва “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида йилдан-йилга ўтувчи 16 та 1 минг 280 квартирали ҳамда Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалласи ҳудудида янгидан қуриладиган 10 та 200 квартирали уй-жойлар шулар жумласидандир. 
Келгусида Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” МФЙ ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массиви бўйлаб истиқомат қилувчи фуқаролар ва уларнинг фарзандларига ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 1 та оилавий поликлиника, таълим-тарбия олишлари учун 1 та 1 минг 680 ўқувчи ўринли умумтаълим мактаби, 1 та 420 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, фуқароларнинг қувонч ва ташвишларига ҳамнафас бўлиш мақсадида 1 та маҳалла маркази, аҳолига хизмат кўрсатиш назарда тутилган 1 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплекси, 8 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 1 та маданият уйи, 1 та тикувчилик цехи, 1 та ёнғин депоси ҳамда 1 та спорт ва соғломлаштириш маркази қурилиши назарда тутилган. 
Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 октябрдаги 158-сонли раёсат мажлиси баёнига кўра Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Ўзбекистон” фермер хўжаликлари уюшмаси (ФХУ) ва “Қахрамон” МФЙ ҳудудида жами 10 та 725 квартирали, шундан, уй-жой қурилиши дастурларидан ташқари тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилаётган 7 та 16 қаватли 608 квартирали ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК МЧЖ иштирокида барпо этилаётган 3 та 9 қаватли 117 квартирали уй-жойлардан иборат бўлган массивга қўшимча равишда “Янги Ўзбекистон” массиви мақоми берилган. 
2023 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан олдинги йилларда барпо этилган массивларнинг бўш турган ер участкаларида ҳамда уй-жойга талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда қуриладиган 58 та 1 минг 635 квартирали 5-9 қаватли уй-жойларнинг ойма-ой фойдаланишга топширилиши бўйича манзилли рўйхати шакллантирилиб, жойларда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинган. 
Январ-март ойлари якуни билан тижорат банклари томонидан янги тартиб доирасида 251 нафар фуқарога 50 миллиард 100 миллион сўм, шундан хонадон сотиб олиш учун 166 нафар фуқарога 43 миллиард 900 миллион сўм, якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкци қилиш учун 85 нафар фуқарога 6 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. 
Жорий йил 8 май ҳолатига уй-жой шароитларини яхшилаш истагида бўлган фуқаролар томонидан Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 6 минг 700 та ариза келиб тушган. Ҳозирда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш комиссиялари томонидан ўрганиб чиқилмоқда. 
Юқоридаги мақсадли уй-жой қурилиши дастурини амалга ошириш жараёнида ҳудудларда лойиҳалаштириш ва қурилишда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этган ҳолда ижтимоий объектлар қурилиши учун мўлжалланган функционал зоналарда соғлиқни сақлаш, маданият, савдо, умумий овқатланиш, ижтимоий ва коммунал-маиший соҳа ҳамда тадбиркорлик фаолиятига оид объектлар, маъмурий объектлар, илмий тадқиқот муассасалари, автомобиль транспорти тўхташ жойлари, молиявий муассасалар ва фуқароларнинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ бўлган бошқа объектларни жойлаштириш инобатга олинмоқда. 

Абдували Мустанов, 
Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт 
ва камбағалликни қисқартириш масалалари 
бўйича биринчи ўринбосари 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!