Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи сектор ҳудудидаги ишлар билан танишди
29 май 2023 г 600 Комментарии: 0
3-сектор раҳбари дастлаб, тумандаги “Кўкбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини Қаропчи қишлоғи ҳудудида барпо этилаётган қуёш электр станцияси қурилиши билан танишиб, лойиҳачи ва қурувчилар билан мулоқотда бўлди.
Бу ерга қуёш электр станцияси қурилиши учун Бирлашган Араб Амирликларининг “MASDAR” компанияси томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж инвестицияси киритилган. Ушбу станция лойиҳаси 600 гектар майдонда барпо этилмоқда. “MASDAR” компанияси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йилда, иккинчи босқичи эса келгуси 2024 йилда якунланиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа ишга тушиши натижасида йилига 1 миллиард киловатт яшил энергия ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади ва 100 та янги иш ўрни яратилади.
Сўнгра вилоят ИИБ бошлиғи туманнинг “Жийдали” қишлоқ фуқаролар йиғини Шўрча қишлоғида бўлиб, фуқароларнинг қишлоқ ички йўлларини тузатиш тўғрисидаги мурожаатлари ижроси билан танишди. Шўрча қишлоғида 3-сектор ишчи гуруҳи томонидан 6 километр йўлга шағал ётқизилаётган бўлиб, қум ҳудуддаги Қорасув сойидан олинмоқда. Мазкур ишга 8 та юк ташиш, 2 та ортиш, 2 та текислаш техникаси жалб этилган.
Шу ўринда, мазкур қишлоқ йўлларига шағал тўшаш ишлари, шўрчалик фуқароларнинг сайёр қабул чоғида 3-сектор раҳбарига қилган мурожаатлари асосида амалга оширилаётганини таъкидлаш жоиз. Шундан сўнг, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг “Хонимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган паррандачилик мажмуасида бўлди. Бу ерда “Барака агропро” масъулияти чекланган жамияти томонидан 100 мингта товуқ боқиш режалаштирилган. Ҳозирда мажмуада қурилиш ишлари амалга ошириляпти.
Вилоят ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, генерал-майор Ғайрат Қодиров тадбиркор билан мулоқот давомида ўзининг зарур тавсия ва маслаҳатларини берди ҳамда мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда сектор ишчи гуруҳи томонидан барча зарурий ёрдамлар кўрсатилишини таъкидлади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!