Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Булунғур ва Бахмал туманларини боғловчи кўприк фойдаланишга топширилди
08 июнь 2023 г 618 Комментарии: 0
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Эрганакли” ва “Авлиё Парпи” маҳаллаларида янги кўприк барпо этилди.
Куни кеча фойдаланишга топширилган ушбу янги кўприк нафақат Булунғурнинг Эрганакли маҳалласи аҳли, балки Жиззах вилоятининг Бахмал тумани Ғубур маҳалласида яшовчиларнинг ҳам хурсандчилигига сабаб бўлди. Чунки икки вилоятни боғлаган ушбу кўприкни ҳудудда яшовчилар ўнлаб йиллар давомида кутишган эди.
Олдингиси ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган бўлиб, умуман яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Сел-тошқинлар сабаб яроқсиз бўлган кўприк бир неча маротаба таъмирланди. Аммо табиат инжиқликларидан сўнг ҳар гал яна яна авария ҳолатига келиб қолаверарди.
— Мен 65 ёшга кирган бўлсам, бу кўприкни эсимни таниганимдан буён биламан. Қишда лой, ёзда чанг, кичик аравадан бошқа нарса ўтолмас эди, — дейди “Эрганакли” МФЙ ҳудудида яшовчи оқсоқол Илҳом Уралов. —Мана бугун замонимизга мос бўлган кўприк халқимиз хизматига топширилди. Самарқанд ва Жиззах вилоятларини боғловчи кўприк қисқа муддатда сифатли қилиб қуриб битказилди. Бу икки вилоятда яшаётган элнинг катта хурсандчилигига сабаб бўлди.
Темирбетон қоришмали кўприк қурилишига 2 млрд. сўмдан зиёд бюджет маблағи сарфланди. Унинг узунлиги 36 метрни, эни 9 метрни ташкил этади.
Туманнинг Авлиё Парпи маҳалласида ҳам янги кўприк бунёд этилди.Унинг узунлиги 26 ва эни 6 метр бўлиб, Туя тортар канали устидан ўтади.
Ушбу кўприк ҳам бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиб, қатор аҳоли яшаш пунктларидаги муаммоларга ечим бўлди. Хусусан, эндиликда мазкур кўприк маҳалланинг Ҳотам, Эшон ва Қувват қишлоқлари аҳолисини бир-бирига боғлаб, узоғини яқин қилишга хизмат қилмоқда.
Айни вақтда туманда мавжуд 70 дона кўприкдан 63 таси қониқарли ҳолатда бўлиб, қониқарсиз 7 та кўприкни босқичма-босқич таъмирлаш юзасидан юқори турувчи ташкилотларга таклифлар киритилган.
Дастур асосида бугунги кунда “Фозил Йўлдош” массивидаги “Булунғурариқ” ариғи устидан ўтувчи кўприк ҳам замон талабларига мувофиқ барпо этилмоқда. Уни реконструкция қилиш Самарқанд кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан лойиҳалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўприкни таъмирлаш учун 1 миллиард 900 миллион сўм маблағ талаб этилади. Ҳозирда республика бюджетидан зарур маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!