Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Фориш туманида оилавий тадбиркорлар сони кенгаймоқда
20 июнь 2023 г 458 Комментарии: 0
Фориш тумани, 1-сектор ҳудудидаги “Учма” маҳалласи туманнинг оғир ҳудудли маҳалласи ҳисобланади. Маҳаллада аҳолини иш билан таъминлаш учун тадбиркорликка йўналтириш энг муҳим ва долзарб масалалардан бирига айланган.
Кейинги икки йил давомида маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилалар сони анча ортди. Бу борада маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчиси Бегзод Ихтиёров ҳар бир оила билан алоҳида иш олиб бориб, оилаларнинг тадбиркорлик салоҳиятини аниқлаб бормоқда.
Маҳаллада яшовчи Ғолиббек Ризоқулов аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш мақсадида пахта титиш цехини ташкил этиш учун билдирган таклифи ҳоким ёрдамчиси томонидан қўллаб-қувватланиб, банкдан 26 миллион сўм кредит олиб берилди. Айни кунда ушбу цехнинг очилиши ҳисобига аҳолининг ортиқча харажат тортиб, бир неча километр йўл босиб, туман марказига қатнашига барҳам берилди. Маҳаллада вақтинча иш билан банд бўлмаган 2 нафар ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлишди.
Улуғбек Маҳамматов ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагини билдирганди унга 30 миллион сўм кредит маблағи ҳисобига ёғочга ишлов берувчи ускуна олиб берилди. Натижада 3 нафар янги иш ўрни яратилди.
Маҳалланинг Бирлашган қишлоғида яшовчи Зилола Нуромонова паррандачилик билан шуғулланишни йўлга қўйди. Унга банкдан 12 миллион сўм кредит эвазига 100 бош курка олиб берилиб, бандлиги таъминланди.
Маҳалланинг Юқори Учма қишлоғида яшовчи Зоир Тинибеков ўз маблағи эвазига мева-сабзавотчилик йўналишида 5 гектар ерда кооперация ташкил қилди. Бунинг натижасида маҳалладаги 12 нафар вақтинча иш билан банд бўлмаган ёшлар иш билан таъминланди. Айни кунда 5 гектар ерга экилган помидор кўчатлари баравж ривожланмоқда.
Бир сўз билан айтганда “Учма” маҳалласида бу каби ибратли ишлар давом эттирилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!