Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зомин фототасвирчилар нигоҳида
14 июль 2023 г 433 Комментарии: 0
Халқаро туркий давлатлар ташкилоти (ТУРКСОЙ)га аъзо мамлакатларнинг нуфузли нашрларида ишловчи фототасвирчилар Зомин туманига саёҳат қилди.
– Маҳоратли фототасвирчилар ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар аҳолисини, вилоятнинг туризм ва маданий салоҳияти ҳақида таништиришга қаратилган медиа материаллар тайёрлаши учун барча имкониятларни яратиб беришга ҳаракат қилдик. Ушбу медиа-саёҳат давомида делегация аъзолари Зомин туманининг туризм салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, гастрономик туризм бўйича Зомин тандир кабобини, машҳур қозон патирини, таъми оғизда қоладиган қурутларининг тайёрланиш жараёнлари, қўли гул ҳунармандлар тайёрлаган ҳунармандчилик буюмларини диққат билан томоша қилиб тасвирга туширди, уларнинг фаолиятлари билан яқиндан танишди ва ўзаро мулоқотда бўлди. Ушбу жараёнларнинг барчасида қадим туркий элларнинг миллийлиги уфуриб турганини алоҳида таъкидлаб ўтганларини ҳам шу ўринда айтишим лозим, – дейди вилоят маданият ва туризм бошқармаси матбуот котиби Д.Холмирзаева.
Бундан ташқари, ижодкор сайёҳлар, Зоминнинг бошқа диққатга сазовор жойларида, туризм объектлари ва Зоминнинг ўзига хос миллийлик ва қадимий урф-одатларини санъаткорона намойиш этиб бера оладиган “Зомин сайқали” фольклор-этнографик халқ ансамбли ижросидаги қадимий лапар, қўшиқ, рақслари ва қадимий удумлар намойишини, вилоятнинг этнографик урф-одатларини акс эттирувчи бадиий чиқишларини диққат билан томоша қилиб, фототасвирга муҳрлади.
Халқаро фототасвирчилар Зомин тумани “Миллий табиат боғи” ва замонавий меҳмонхоналар фаолиятини ҳам яқиндан ўрганди. Бу ердаги бетакрор табиат ва виқорли тоғлар, қалин арчазорлар, шарқироқ зилол сув – халқаро фототасвирчиларнинг кайфиятини янада кўтарди.
Улар ушбу саёҳати давомида айнан “Миллий табиат боғи”даги осмон ўпар тоғларнинг ва табиатнинг гўзаллигини эринмай тасвирга олди. Ёз чилласида табиатнинг гўзал туҳфаси ёмғир ёғиши, фотосураткашларнинг ижодига қайноқ лаҳзаларни ҳадя этганини ҳам шу ўринда таъкидлаш лозим.
Турксойга аъзо давлатлар халқаро фототасвирчилари айнан Зомин тумани туризм салоҳияти ва имкониятларини иштиёқ билан фото-тасвирга олди. Улар томонидан тайёрланадиган ушбу юқори сифатли контентларни доимий тарзда ўз мамлакатларида ташкил этилаётган турли кўргазмаларда, нуфузли босма нашрлари, интернет тармоқлари ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида намойиш этиб боришларини алоҳида таъкидлаб, ушбу медиа-саёҳат уларда жуда катта таассурот қолдирганини айтди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!