» » Ўзбекистон – қардош халқлар қадр топган юрт

Ўзбекистон – қардош халқлар қадр топган юрт

31 июль 2023 г 543 Комментарии: 0

30 июль – Халқлар дўстлиги куни Жиззах вилоятида кенг нишонланди. Барча туман марказлари, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтган икки кун давомида “Қудратимиз – дўстлигимизда” шиори остида дўстлик фестиваллари, маданий-маърифий, бадиий тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Жиззах шаҳрида “Қардош дўстим, келажак биз ёшлар қўлида” шиори остида ўтган халқаро ёшлар фестивалида ўзбек, қозоқ, рус, қирғиз, тожик ва бошқа миллат вакилларининг иқтидорли эстрада хонандалари ижросида концерт дастури намойиш этилиб, унда ўзбек ва қардош халқлар тилларида Ватан, дўстлик, севги ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасида “Ўзбекистон – қардош халқлар қадр топган юрт” номли тадбирда ўқувчи-ёшлар томонидан рус, татар, тожик ва қирғиз миллати вакилларининг маданий ва бадиий-мусиқий чиқишлари намойиш этилди.

Зафаробод туманида байрам муносабати билан ташкил этилган дўстлик фестивали санъатнинг турли йўналишлари ҳамда ўзбек ва қардош халқлар ёзувчи, шоирлари қаламига мансуб бадиий адабиётлар бўйича ташкил этилган китобхонлик кўргазмаси билан бошланди. Мазкур маънавий-маърифий, маданий тадбир давомида ижодкор ёшлар томонидан тайёрланган жонли ижродаги чиқишлар барчага байрамона кайфият улашди.

“Қудратимиз-дўстлигимизда” шиори остида халқлар ўртасидаги дўстлик кунига бағишланган “Ўзбекистон – қардош халқлар қадр топган юрт” номли вилоятнинг асосий байрам тадбири эса Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов шоҳ кўчасидаги Мустақиллик майдонидан “Ўрда” экологик боғига қадар “5 минг қадам пиёда” юриш марафони билан бошланди. 

Вилояти ҳокимлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Нуронийлар” ва “Маҳалла” жамоат фондлари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа кўплаб ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган халқаро дўстлик фестивалида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 2 мингдан ортиқ Жиззах вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи миллат ва элат вакиллари, вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи, талаба ва ёшлар иштирок этди.

Халқлар дўстлиги фестивалининг расмий қисми бошланиши аввалида Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғи кўп миллатли халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, юртимизнинг бетакрор табиати, миллатлараро дўстлик, турли миллат вакилларининг юртимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси акс этган тасвирий санъат асарлари, миллий таомлар танлови, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказларнинг миллий урф одатларини ўзида акс эттирган лапар, айтишув, қўшиқ, рақс ва бадий чиқишлари намойиш этилди. 

Сўнгра тадбирнинг расмий қисми “Ўрда” боғидаги амфитеатрда давом этди. Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Синдор Раҳмонқулов Президентимизнинг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўлланган байрам табриги ўқиб эшиттирди.
Ушбу сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг бутун Ўзбекистон халқига йўллаган табриги кўп миллатли Жиззах халқининг ҳам кайфиятига байрамона руҳ бағишлади.

– Президентимизнинг байрам табригидаги, “Кўпмиллатли халқимиз – бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик – барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам асосидир” деган жумлаларини тинглаб, бутун вужудимда ёқимли титроқни ҳис қилдим, – дейди Республика тожик миллий маданий марказининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари, “1-даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, фахрий журналист Абдукарим Шарипов. – Ўзбекистон замини миллатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, қуда-андачилик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган. Вилоятимизда барпо этилган “Дўстлик уйи” турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаб ўтган бўлардим.

Бу ерда рус, қозоқ, қирғиз, татар, корейс, тожик миллий маданий марказлари фаолият олиб бориши учун барча шароитлар яратилган. Вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнлари давлат тилидан ташқари яна рус, қирғиз ва тожик тилларида олиб борилади. Қувонарлиси, қардош тилли ушбу ўқув муассасаларида таҳсил олаётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланганидир. Жонажон Ўзбекистонимизда, жумладан, Жиззах вилоятида ҳам миллатлараро дўстлик ва тотувлик узоқ йиллик мустаҳкам заминга эга. Мен туғилиб ўсган ушбу заминда қайси миллат ва элат вакили бўлмайлик, барча миллатлар қатори тенг ҳақ-ҳуқуққа эгамиз. Ва мен ана шундай халқпарвар, жаннатмакон Ўзбекистонда туғилганим билан фахрланаман. 

Таъкидланганидек, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз турли даражадаги Давлат мукофотлари билан тақдирланди. 

Эътиборлиси ана шу мукофотланганлар орасида Республика тожик миллий маданий марказининг Жиззах вилояти бўлими аъзоси, тожик миллатига мансуб, 90 ёшлик Бозор момо Назарова “Дўстлик” ордени, Зафаробод туманидаги “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли, карачай миллатига мансуб Кулина Хутова “Шуҳрат” медали соҳиби бўлганлари кўп миллатли Жиззах вилояти аҳли учун катта фахр ва ифтихор эканлиги қайд этилди.

Миллий маданий марказлар бадиий жамоалари, шаҳар ва туман маданият уйлари қошидаги фольклор этнографик халқ ансамблларининг мустақилликни, тинчлик, халқлар ўртасидаги дўстликни, ёшлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради, таниқли хонандалар иштирокида намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Халқлар дўстлиги байрами тунга бориб мушакбозлик билан ниҳоясига етди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!