» » “Сўғдиёна” чемпионликка даъвогарни мағлуб этди

“Сўғдиёна” чемпионликка даъвогарни мағлуб этди

28 август 2023 г 403 Комментарии: 0

Жиззахда “Сўғдиёна” ОЧЛ саралаш баҳсида ғалаба қозониб, гуруҳ босқичига йўл олган, айни пайтда мамлакатимиз чемпионлигига даъвогарлардан бири бўлиб турган Наманганинг “Навбаҳор” жамоасини қабул қилди. 

Гарчанд, “Сўғдиёна” жамоасининг 3 нафар асосий футболчилари – дарвозабон Милан Митрович, ҳужумчи ортидаги асосий ярим ҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов ҳамда жиззахликлар тўпурари Зинан Займовичлар дисквалификация туфайли ушбу учрашувда жиззахликларга ёрдам бера олмаётган бўлсаларда, ўйин, асосан ёш футболчилардан иборат бўлган майдон эгаларининг ҳужумлари билан бошланди ва улар “Навбаҳор” жамоаси дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни содир этди. 

Ўз навбатида наманганликлар “Сўғдиёна” ҳужумларини бартараф этиб, мезбонлар дарвозасига хавф сола бошлади. Қарши ҳужумлардан унумли фойдаланишни яхши йўлга қўйган Иван Бошкович шогирдлари учрашувнинг 16-дақиқасида ҳисобни очди. 

“Навбаҳор”ни ҳужумидан сўнг тўпни эгаллаб олган “Сўғдиёна” дарвозабони Ширинбой Абдуллаев олдинги чизиқдаги 19 ёшли Самандаржон Мавлонқулов томон узатди. Ёш иқтидор эгаси наманганликлар ҳимоячиси Милош Миловичнинг хатосидан унумли фойдаланиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва “Навбаҳор” ҳамда миллий терма жамоаси дарвозабони Ўткир Юсуповни доғда қолдириб, ҳисобни очди – 1:0.

Ўтказиб юбрилган голдан сўнг меҳмонлар бош мурабийи Самвел Бабаян ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ Аброр Исмоилов ўрнига Тома Табатадзени, Шаҳбоз Жўрабеков ўрнига эса Даврон Ҳошимовни майдонга туширди. Тан олиш лозим, бу ўзгаришлар “Навбаҳор” ўйинини дарҳол кучайтирди. Баҳснинг 35-дақиқасида “Сўғдиёна” дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланди ва наманганликлар ўзига хос комбинацияни амалга ошириб, Темурхўжа Абдухолиқов мезбонлар дарвозасини ишғол қилди, аммо гол офсайд туфайли бекор қилинди. 1:0 ҳисоби билан жамоалар танаффусга чиқди.

Ўйиннинг 2-бўлимини “Навбаҳор” футболчилари жуда фаол бошлади, аммо гол урушни уддасидан чиқавермагач, Собиржонов ўрнига Ўрунов, Абдухолиқов ўрнига Яхшибоев майдонга туширилди ва 67-дақиқада Остон Ўруновнинг чап оёқдаги кучли зарбаси билан ўртадаги фарқ тенглашди – 1:1. 

Учрашувнинг 81-дақиқасида Санжар Шоаҳмедовнинг узатмасидан сўнг жиззахликларнинг македониялик легионери Люпчо Дориев ажойиб зарба йўллаб, жиззахликларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

Ўйин тугаши арафасида майдонда жанжал юзага келди ва бунинг натижасида Остон Ўрунов огоҳлантирилди, Люпчо Дориев иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдондан четлатилди. Ўйинни бошқарган ҳакам Фарруҳ Янсупов биринчи сариқни македониялик футболчи гол урганида футболкасини ечгани учун кўрсатган эди. 

Қатар давлатида ўтган ОЧЛ саралаш баҳси 120 дақиқага чўзилгани учун “Навбаҳор” футболчилари жисмоний ҳолатидаги чарчоқ аломатлари Жиззахдаги ўйинда яққол сезилди. Қолаверса қолган дақиқаларда мезбонлар посбони Ширинбой Абдуллаев ажойиб ўйин кўрсатиб, ўз дарвозасини муносиб ҳимоя қилди ва шу сабабдан ҳам ўйиндан кейин учрашувнинг “Энг яхши футболчиси” деб тан олинди.

Шундай қилиб, “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” учрашувидаги якуний натижа – 2:1 ҳисобида жиззахликлар фойдасига ҳал бўлиб, наманганликларни чемпионликдан яна бир қадам узоқлаштирди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!