Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда санитар тозалаш хизматлари кўрсатиш қамрови янада ошади
04 сентябрь 2023 г 419 Комментарии: 0
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва унинг Жиззах вилояти бошқармаси, давлат хусусий шерикчилик (ДХШ), санитар тозалаш корхоналари раҳбар ва ходимлари ҳамда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча жабҳаларда ўзининг ижобий самараларини бераётгани, фуқаролар соғлигини сақлашда экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этиши, аҳоли тоза, обод маҳаллаларда яшаши ва уларга қулайликлар яратиш соҳа ходимларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Вилоятда бугунги кунда 4 та санитар тозалаш корхоналари фаолият юритмоқда. Улар аҳоли ва юридик корхоналарга намунали санитар тозалаш хизматларини кўрсатмоқда. “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси (ДУК), “Eko sfera”, “Toza eko hudud” масъулияти чекланган жамият(МЧЖ)лари ҳамда “Eko Haus” МЧЖ кластери шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг 1 август ҳолати статистик маълумотларига кўра Жиззах вилоятида аҳоли сони 1 миллион 476 минг 200 нафарни ташкил этган. Санитар тозалаш корхоналари томонидан 1 миллион 155 минг 511 нафар аҳоли қамровга олинган. Хизмат кўрсатиш қамрови 76 фоизни ташкил этади.
Бугунги кунда вилоятнинг 10 та тумани ҳудудидаги 746 мингдан ортиқ аҳоли ва 9 минг 813 та юридик корхона билан шартномалар тузилиб, санитар тозалаш хизматлари кўрсатилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ташаббуси билан Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан вилоятга жами 31 та махсус чиқинди ташувчи техникалар олиб келиниши режалаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунда 18 дона “Isuzu” русумли 12 метрокублик махсус чиқинди ташувчи техникалар топширилди. Жорий йил охиригача яна 13 дона худди шундай автотранспорт воситаларини олиб келиб топшириш назарда тутилмоқда.
– Ушбу махсус техникалар ДХШ корхоналарига, жумладан, “Eko sfera” МЧЖга 17 дона “Тоза эко ҳудуд” МЧЖ га 1 дона техникалар ажратилиб корхоналарга 10 йил муддатга лизинг асосида имтиёзли давр билан берилди.
–Ушбу техникалар 1 миллион 613 минг ёки ҳар бир махсус автотранспорт воситаси 91 минг 200 АҚШ доллари миқдоридаги маблағга лизинг асосида харид қилинди, – дейди “Eko sfera” МЧЖ директори Бунёд Сарибаев.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида республикамиз бўйича 112 миллион АҚШ доллар маблағ жалб этилиб, 300 дона “Isuzu” русумли 12 метрокублик махсус чиқинди ташувчи автотранспорт воситаларини тарқатиш режалаштирилган. Ушбу махсус техника воситалари чиқиндиларни саралаш, юклаш, ташиб кетишга ихтисослашган Япония технологиялари асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган ва чиқинди билан боғлиқ жараёнларни амалга ошириш учун барча операцияларни бажариш имкониятига эга. Вазирлигимиз фақат махсус автотранспорт воситаларини тарқатиш билан чекланиб қолмоқчи эмас, балки чиқиндиларни қайта ишлаш, экология ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлигига путур етказаётган экологик нохушликларни олдини олиш борасида улкан лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган, – дейди республика Санитария маркази директори ўринбосари Воҳид Ҳусанов.
– Жанубий Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) ҳамда Жиззах вилояти ҳокимилиги ўртасида имзоланган қўшма Меморандумга асосан қиймати 6 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант ва 90 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари лойиҳаси асосида вилоятдаги шаҳар ва туманларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш кўчма станцияларини яратиш, янги қаттиқ маиший чиқинди полигонларини қуриш ва амалдаги полигонларда замонавий талабларга жавоб берадиган чиқиндихоналарни қайта қуриш ишларини амалга ошириш белгиланган, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Ушбу лойиҳа доирасида биринчи босқичда Зомин ва Шароф Рашидов туманларида экологик норма ва санитар талабларга жавоб берадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонлари барпо этилади. Жалб этилаётган маблағлар ҳисобидан 3 та санитар талабларга жавоб берадиган қаттиқ маиший чиқинди полигонлари, 5 та ҳудудда компостлаш ва чиқиндиларни саралаш комплекси ҳамда Зарбдор, Арнасой, Пахтакор, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманларида 6 та чиқиндиларни қайта юклаш станцияси қурилади.
Жиззах вилоятининг 10 та туман ҳудудларида яшовчи аҳоли ва юридик корхоналарга сифатли санитар тозалаш хизматлари кўрсатилиши чиқиндиларни барқарор бошқариш учун йил охиригача бириктирилган ҳудудлардаги қолган 140 минг 399 нафар аҳоли ҳамда 3 минг 400 га яқин юридик корхона қўшимча қамровга олинади.
Мухтасар қилиб айтганда, санитар тозалаш хизматлари кўрсатилиши қамрови даражаси 2026 йилга бориб 100 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!