» » “Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали томонидан икки  кунлик пресс тур ташкил этилди

“Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали томонидан икки  кунлик пресс тур ташкил этилди

23 сентябрь 2023 г 327 Комментарии: 0

ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этган пресс турда  вилоят газ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар тоғли ва олис ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнларига гувоҳ бўлдилар.

Зомин тумани “Лайлак уя” маҳалласида жойлашган суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаси журналистларнинг дастлабки манзили бўлди. Мазкур шохобча вилоятнинг Янгиобод, Зарбдор ва Зомин туманлари аҳолисига хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ҳамда таъмирлаш маркази иш олиб бормоқда. Шохобчада 20 нафарга яқин малакали муҳандис ва техник ходимлар фаолият юритади. Журналист ва блогерлар шохобча фаолияти ва ходимлар хавфсизлиги қай даражада таъминланганлиги билан ҳам қизиқдилар.

Маълумки, юртимизнинг барча ҳудудларини ўз вақтида табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда. Бироқ, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашда етарли қийинчиликлар ҳам бор. Масалан, тоғли маҳаллаларга суюлтирилган газни фақатгина махсус йўл танламас – автотранспорти билан олиб бориш имконияти мавжуд. Жумладан, “Зомин тумангаз” газ таъминоти бўлими хизмат кўрсатадиган 30 та маҳаллада жами 22171 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, аҳоли хонадонлари асосан тоғолди ҳудудларида жойлашган. Аҳоли хонадонларига шу вақтгача 2200 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Тадбир иштирокчилари тоғли ҳудудлардаги истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг яратилаётган бу қулайликлар хусусидаги фикрлари билан қизиқишди.

Зомин тоғлари вилоят марказидан 80 километр узоқда ва денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган. Тумандаги Дуоба, Ўриклисой қишлоқлари марказдан қарийб 60 километр олисдаги ҳудудлар бўлсада аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ баллонлари билан 35-40 кун оралиғида узлуксиз таъминланмоқда.

Пресс тур дастурига мувофиқ Жиззах аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш, жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари билан таништириш кўзда тутилган.

“Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар беришича, вилоят бўйича жорий куз-қиш мавсумида тегишли тасдиқланган дастурга асосан 9,2 км. газ қувурлари реконструкция қилиш, 25 дона газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, 4119 та газ тақсимлаш пунктларини техник тафтишдан ўтказиш, 134,8 км. газ босим остида зичликка синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, 240,8 км. газ қувурларининг ҳолатини текшириш, 42 км. газ қувурларини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари бажарилган.

Жумладан, табиий газ босими билан боғлиқ юзага келадиган муаммоларга ечим топиш мақсадида истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиб, режали дастурга асосан қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Ғаллаорол туманинг “Олимлар” МФЙда янги газ  қувурлари тортилиши жараёнлари ОАВ вакиллари ва пресс тур иштирокчиларининг диққатида бўлди.

—Қишнинг совуқ, энергия кўп сарфланадиган пайтларида газ қувурларида босим тушиб кетишини олдини олиш мақсадида, Жиззахда юридик улгуржи истеъмолчиларни кўмир ёқилғисига ўтказиш чоралари ҳам кўрилаяпти,—дейди “Hududgaz Jizzax” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зокир Матчонов.

Тизим корхоналарида замонавий тежамкор инновaциялардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, соҳани рақамлаштириш лойиҳаси доирасида газ етказиб бериш уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилиб, ақлли газ ҳисоблагичлар ўрнатилган. Рақамлаштирилган тизим натижасида истеъмолчилар йирик ҳудудларга ажратилиб, аҳоли муаммолари ўз вақтида ечим топмоқда. Бу эса истеъмолчиларга қулайлик яратиш билан бир қаторда тизимда иш самарадорлигига эришишда катта имкониятларни бермоқда.

Соҳада қўлланилаётган янги инновaциялар, фаолиятга ёндашувнинг бутунлай ўзгарганлиги тизимда йиллар давомида йиғилиб қолган камчилик ва муаммоларга барҳам бериш билан бирга аҳоли, истеъмолчилар манфаатига мос янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тизимни янада ривожлантириш имконини бермоқда.   

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!