Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Хорижий киберспорт делегацияси Жиззахда
29 сентябрь 2023 г 520 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Киберспорт турларини янада ривожлантириш, кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 16 ноябрдаги 423-сонли қарорида ҳудудларда киберспорт мусобақаларини ташкил қилиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев бир гуруҳ киберспорт делегацияси аъзоларини, жумладан, халқаро Frag киберспорт ташкилоти асосчиси Элдар Кадиров, ТТ Тeam асосчиси, Осиё киберспорт мусобақаси GS:GO йўналиши ғолиби Тимур Маметов ва россиялик Virtus. Pro тренерлик штаби аъзоси, Websterz қўшма таъсисчиси Максим Гончаров, LANGAME раҳбари, халқаро мусобақалар ташкилотчиси, киберспортда инфратузилмавий лойиҳалар бўйича эксперт Павел Голубевни қабул қилди.
Учрашувда вилоят ҳокими Эргаш Салиев воҳамизда киберспортни ривожлантириш, уни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб ўтди. Киберспортни янада ривожлантириш, мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Меҳмонлар Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан Жиззах шаҳри марказида жойлашган собиқ теннис корти биноси ўрнида янги теннис корти қурилиши билан биргаликда, халқаро талаблар асосида, нафақат Ўзбекистонда балки, Ўрта Осиёдаги энг йирик “Киберспорт арена”сидаги қурилиш ишларини бориб кўрдилар ва ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашдилар.
Мазкур “Киберспорт арена”сининг дастлабки лойиҳа қиймати 20 млрд.сўмни ташкил этиб, лойиҳани молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда бошқа дастурлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда ахборот коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 22 августдаги 357-сон қарорида белгиланган “IТ-академия” ҳам ушбу мажмуада ташкил қилиниши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари “IТ-академия”да Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги “Рақамли технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш ҳамда ёшларнинг ушбу соҳадаги билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 451/19-сон қарори билан тадбиқ этилган “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” тизимини вилоятда амалга ошириш режалаштирилган.
Халқаро киберспорт делегациясига Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Дониёр Рустамов, Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси директори Евгений Ли, Valkyrie киберспорт ташкилоти асосчиси Абубакир Бердиев, IT PARK бош директори ўринбосари Жаҳонгир Раджабовлар ҳамроҳлик қилишди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!