» » Жиззах вилояти ва Ҳиндистон ўртасида ахборот технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Жиззах вилояти ва Ҳиндистон ўртасида ахборот технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

09 август 2022 г 856 Комментарии: 0

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ва Ҳиндистон Республикаси Коммуникациялар ва ахборот технологиялар вазирининг ўринбосари Сушил Пал ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Сушил Пал Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан рақамлаштириш ва ахборот технологиялар соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялар соҳасида дунёнинг ривожланган мамлакатлар сафига қўшилади.

Эргаш Салиев сўнгги беш йил мобайнида Жиззах вилоятида Ҳиндистон давлати билан ҳамкорликда ахборот технологиялар соҳасида қатор амалий ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки Дирекцияси” (IT Park) Жиззах вилояти филиали ташкил этилганлигини ҳамда 2021 йилда Жиззах вилоятида "Sambhram" технологиялар институтининг филиали ўз фаолиятини бошлаганлигини ва ушбу олийгоҳда Ҳиндистон давлатидан 41 нафар мутахассислар дарс бераётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Э.Салиев Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ахборот технологиялар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 1-миллион дастурчи лойиҳаси жорий қилинганлигини қўшимча қилди.

Учрашувда, Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ (Ҳиндистонда ишлаб чиқаринг) “Make in India” саноат дастури тажрибаси асосида (Жиззахда ишлаб чиқаринг) “Make in Jizzakh” дастурини ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Сушил Пал билан келишиб олинди.

Шунингдек, вилоят делегацияси аъзолари Ҳиндистон Республикаси Коммуникациялар ва ахборот технологиялар вазирлиги қошидаги “Дастурий технологиялар парки” бош директори Арвинд Кумар билан вилоят билан ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга ва жорий йилнинг октябрь ойида малакали ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларини Жиззахга ташрифини амалга ошириш белгилаб олинди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!