Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 2023 йилда ўрмонларни асраш, дарахтларни кўпайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
06 октябрь 2023 г 410 Комментарии: 0
2023 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан республикадаги ўрмонлар майдонини кенгайтириш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш, қўшимча тармоқларни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ўрмон фондининг фойдаланилмаётган 3,5 минг гектар ер майдони ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан жами 200 минг гектар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 128 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 17 минг гектар, Хоразм вилоятида 10 минг гектар ва ўрмон фондининг бошқа ҳудудларида 5 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилди.
Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида 2 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос манзарали, мевали дарахт экиш бугуннинг долзарб мавзусига айланиб улгурган. Шу боис ўрмон хўжаликларида 70 турдаги иқлим шароитига мос дарахт ва бута кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган, шундан игнабарглилар 8 тур, тез ўсувчи ва япроқбарглилар 25 тур, мевалилар 15 тур, ёнғоқ мевалилар 4 тур, чўл ўсимликлари 6 тур, ҳар хил турдаги манзарали буталар 13 турни ташкил этади.
Шунингдек, ўрмон барпо қилиш, ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун дарахт ва буталарнинг 980 тонна уруғлари жамғарилди. Тупроқ-иқлим шароитга мос манзарали, мевали дарахт ва буталар турларидан 787 гектар майдонда ниҳолхона, кўчатхоналар барпо қилинди. Натижада жами 101 млн, шундан, 32 миллионта тут, 16 миллионта терак ва павловния, 53 миллионта бошқа турдаги манзарали, мевали дарахт ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилди.
Қолаверса, 46 586 гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларни аниқлаш ишлари олиб борилиб, жами 21 066 гектар, шундан 19 315 гектар майдонда биологик усулда қарши курашиш тадбирлари олиб борилди. Ўрмон фонди ерларида жами 5280 гектар майдонда доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантацияси ташкил этилиб, 4845 тонна хом ашё тайёрланди. Қўшимча тармоқларни ривожлантириш мақсадида ўрмон фонди ерларида 5641 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, чорва бош сони 31 мингга, парранда 417 мингга, асалари оиласи сони 109 мингга етказилди.
“Яшил ҳудуд” ДУК томонидан Фарғона вилоятида 9,3 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо қилинган бўлса, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод ва Сирдарё туманларида ер тайёрлаш ишлари якунланди. Ҳозирги кунда бошқа ҳудудларда ҳам ер тайёрлаш ишлари бошланмоқда.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Зомин туманида Зомин давлат ўрмон хўжалигида 110 гектар майдонда “яшил боғ” ташкил этиш мақсадида 44 мингта дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!