» » Маблағлар қумга сингган сувга айланмаслиги керак!

Маблағлар қумга сингган сувга айланмаслиги керак!

13 октябрь 2023 г 244 Комментарии: 0

Республика иқтисодиёт тармоқлари томонидан бир йилда ўртача 56–57 млрд.м3 сув ресурсларидан фойдаланилади, шундан 87 фоизи қишлоқ хўжалигида, 9 фоизи энергетика, саноат ва балиқчилик мақсадларида ҳамда бор-йўғи 4 фоизи ичимлик сув ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади.

Сув таъминоти ташкилотлари ичимлик сувни аҳолининг сони, уларнинг турмуш шароитлари ҳамда техник имкониятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаради.
2030 йилгача аҳолининг ўсиши ва яшаш шароитларининг яхшиланиши натижасида ичимлик сувга бўлган талаб ошиб бориши ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилга нисбатан 11 фоизга ошиши кутилмоқда.

2017-2023 йиллар мобайнида жами 5 870 та объектларда қурилиш ишлари олиб борилиб, 31 837,5 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинган.

Ушбу ишлар натижасида 11,8 млн аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, 6,6 млн аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.

2023-2030 йилларда республика бўйича қарийб 50 минг.кмдан зиёд ичимлик сув тармоқлари ҳамда 2 000 дона иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилмоқда. Ушбу ишларга 28,5 трлн.сўм (шундан халқаро молия институтлари иштирокида 18 трлн.сўм) маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Бироқ, ушбу лойиҳаларни ўз муддатларида ва зарур миқдорда молиялаштирилишида муаммолар вужудга келиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. Бу, биринчи навбатда, тарифларни эркинлаштириш ва бозор шартларига яқинлаштириш, иккинчидан эса тўлов интизомини янада кучайтириш билан боғлиқ.
Ҳозирги пайтда харажатларнинг муттасил ошиб бориши, қўшимча лойиҳалар, тармоқлардаги аварияларни бартараф этиш ва уларни модернизация қилиш ишлари давом этаётган бир шароитда сув тарифлари сўнгги 3 йил давомида ўзгартирилмади. Натижада, таннарх ва тушум ўртасидаги тафовут йириклашиб, ҳозирда 960 млрд сўмлик қопламаган қарз вужудга келган. Булар ичида ичимлик сув корхоналарининг электр энергияси учун қарзлари, тадбиркорларнинг товар ва хизматлари учун тўловлар, тўланмай қолган қувурлар ва бошқа техникаларни айтиш мумкин. Соҳа ходимларининг иш ҳақи эса даромад йўқлиги сабабли шу 3 йил ичида 10 фоизга оширилган холос.

Ичимлик сув тарифларининг эркинлаштирилишидан бирламчи мақсад – нарх таъсирида истеъмолчиларни сувдан тежаб фойдаланишини рағбатлантириш бўлса, иккинчиси – тармоқ корхоналарининг иқтисодий аҳволини соғломлаштириш.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!