Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоятида махсус ойлик эълон қилинди
28 ноябрь 2018 г 2 740 Комментарии: 0
Жиззах вилоятида 25 ноябрдан 25 декабргача “Куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги” эълон қилинди.
Бу масалада вилоят ҳокимининг “2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, жумладан, ис гази ва овқатланишдан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ҳамда қутириш касаллигига қарши профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Куз фаслининг сўнгги ойида ҳароратнинг кескин тушиши билан айрим аҳоли яшаш жойларида табиий газ босимининг пастлиги ва электр энергиясидаги узилишлар ностандарт иситиш воситаларидан фойланишга сабаб бўлмоқда.
Йилнинг ўтган даврида вилоятда ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмаси портлаши билан боғлиқ 3 та фавқулодда ҳодиса содир бўлган. Бу шундай ҳодисалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 тага ёки 30 фоизга кўпайганини англатади.
Инсонлар жабр кўрадиган, катта моддий ва маънавий зарар келтириб чиқарадиган бундай кўнгилсиз ҳодисаларга аксарият ҳолатларда хонадон ва муассасаларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги "Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жойлардаги вазият ўрганиб чиқилиб, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги хизмати, фавқулодда вазиятлар, солиқ хизматлари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бундай ҳодисаларнинг олдини олишда, аввалло, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш зарур. Аммо, барча аҳоли манзиллари ҳам газ, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган, деб бўлмайди. Бу энергия ресурслари таъминоти, тақсимоти ва ундан тўғри фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, иситиш мавсумида биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий муассасаларни иссиқлик билан таъминлашга эътиборни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Айниқса, болалар муассасаларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш алоҳида эътибор талаб этади. Афсуски, бу соҳада ҳам аҳвол қониқарли эмас.
Ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан ўрганишлар давомида халқ таълимига қарашли 538 та муассасанинг 277 тасида ёнғиндан хабарлаш сигнализацияси ўрнатилмагани, 116 тасида носоз ҳолатда экани, 248 та мактаб эса бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланмагани аниқланди. Ҳудудда шундай камчиликлар мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги муассасаларда ҳам мавжуд. Бошқармага тегишли 169 та муассасанинг 95 тасида сигнализация йўқ. 81 та иншоот бирламчи ўт ўчириш жиҳозлари билан таъминланмаган. Жиззах давлат педагогика, Жиззах политехника институтларида, ўрта махсус таълим бошқармасига қарашли 80 та объектнинг 21 тасида сигнализация йўқ бўлса, 22 тасида носоз ҳолатда.
Газ ва электр эенергиясидаги етишмовчиликлар қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланишнинг кўпайишига олиб келади. Ёнғин, газдан, исдан заҳарланишга сабаб бўлувчи ностандарт иситиш воситаларини эса исталган бозордан топиш мумкин.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоатчилик вакилларидан тузилган ишчи гуруҳлар томонидан аҳоли ўртасида ностандарт иситиш воситалари ясаш, сотиш ва фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, аҳоли саломатлигига хавф солаётган қўлбола иситиш мосламаларини сотиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш барча соҳада белгиланган тартиб ва қоидаларга қаътий риоя қилишга, масъулиятни чуқур ҳис этишга боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими қарори билан куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ойлиги ташкил этилди.
– Ойлик доирасида аҳоли ўртасида ўтказилаётган профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғайрат Расулов. – Бунда газ ускуналари созлигини назорат қилишдан тортиб, тўй-маросимларида,
умумий овқатланиш тармоқларида таом тайёрлаш, турли тадбирлар ўтказишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти тушунтирилмоқда. Бу масалага эътибор бермаслик натижасида рўй берган фожиали ҳолатлар видеороликларда намойиш этилмоқда.
Жамиятимизга, инсонлар ҳаётига жиддий хавф туғдирувчи ёнғин, заҳарланиш, юқумли касалликлар хавфидан одамлар қанча кўп хабардор бўлса, ушбу ҳодисалар билан боғлик кўнгилсиз ҳолатлар шунча камаяди. Ҳар бир фуқаронинг огоҳлиги, ҳушёрлиги ва масъулияти айни қиш мавсумида ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тошқул Бекназаров
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!