Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Шароф Рашидов туманида“BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилди
29 ноябрь 2023 г 762 Комментарии: 0
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўтган йили Москвада бўлиб ўтган "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ИИ-Минтақалараро ҳамкорлик форуми" да видеомурожаат билан чиқиб, Россиянинг "Националная Резервная" Корпорацияси билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида бунёд этилаётган агрологистика комплекси лойиҳаси ҳақида тўхталиб, “МЕГАЛОЙИҲА”га алоҳида эътибор қаратган эди.
Шароф Рашидов туманида мазкур «BMB-NRC Agrologistics» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси биринчи босқичи тантанали равишда ишга туширилди. Унда икки давлат ҳукуматининг расмий вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, ССП, Жиззах вилояти ва Ш.Рашидов тумани ҳокимликлар мутасаддилари, БМБ ҲОЛДИНГ компанияси раҳбарияти, “ЎЗСАНОАТҚУРИЛИШБАНК”, Ўзкарантин масъуллари, Давлат божхона қўмитаси ходимлари, вилоятлар ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, Россиялик ҳамкорлар делегацияси, “VEB.RF” раҳбарлари, “Росселхознадзор” агентлиги вакиллари, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломатлари иштирок этишди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган экспортёр агрокластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, хорижий импортёр компания эскпертлари, ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам тадбирда қатнашдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқди.
Агрологистика мажмуасининг бошланажак фаолияти, унинг қувватлари, экспорт салоҳияти ва жўғрофияси, хизмат турлари, шунингдек, яратилган бошқа имконият ва шароитлари ҳақида сўз кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, «BMB-NRC Agrologistics» ўзига хос ноёб комплекс сифатида мамлакатимиз минтақаларида етиштирилган турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона, банк ва санитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш каби амалиётлар жорий этилган.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, экспортёрларимиз шу ернинг ўзида доимий равишда фаолият кўрсатадиган “Росселхознадзор”нинг аккредитацияланган лабораторияси сертификатлари билан Россия ва бошқа мамлакатларга тўғридан-тўғри экспортни йўлга қўйишлари мумкин.
Бундан ташқари, дастур давомида қўшма корхонанинг яқин вақт ичида бошланиши режалаштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сублимацион тарзда қуритиш ва шок усулида музлатишни назарда тутувчи умумий қиймати 225,1 млрд. сўм бўлган навбатдаги босқичлар қурилиши пойдеворига муқаддима сифатида рамзий капсулани қўйиш маросими ҳам ўтказилди.
Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 150 дан ортиқ йирик корхона вакиллари томонидан ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилди. Экспозицияларни кўздан кечириш чоғида экспортёрлар ва импортёрлар ўртасида амалий мулоқотлар бўлиб ўтди. “В2В” форматида шерикчилик алоқаларини ўрнатиш бўйича қатор келишувларга эришилди.
«BMB-NRC Agrologistics»да фаолият юритувчи барча хизматлар мутахассислари эса шу ернинг ўзида меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Корхонанинг расмий очилиш маросими иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа ҳудудида боғ яратиш мақсадида кўчат экиш акциясида иштирок этдилар.
Мазкур замонавий мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 709,71 млрд. сўм бўлиб, комплекс қурилиши уч босқичли модул кўринишида амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, бу ерда 10 минг тонна сиғимга эга бўлган музлатгичли камералар ва омборлар мавжуд бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач 810,0 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради. Комплексда қад кўтарган дастлабки модулда эса йилига 270 минг тоннагача маҳсулотларни қабул қилиш имкони яратилган.
Энг муҳими, ҳозирнинг ўзидаёқ 180 нафар доимий, 400 нафардан зиёд мавсумий иш ўринлари яратилмоқда. Мажмуа тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1 410 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!