Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш янги ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси
05 декабрь 2023 г 254 Комментарии: 0
Сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган тинчлик, тенглик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган халқаро сиёсат туфайли давлатимизнинг халқаро майдонлардаги нуфузи борган сари ошиб бормоқда.
Буни шаҳсан Президентимиз, ёки давлатимиз вакиллари қатнашаётган нуфузли анжуманларда делегациямиз аъзоларига бўлган муносабатдан ҳам билса бўлади.
Бунга Дубай шаҳрида ўтаётган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясининг (COP28) асосий ялпи сессияси ишида иштирок этаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуманда 140 нафар давлат раҳбари орасида биринчи ўнталикда, Марказий Осиё давлатлари ичида эса биринчи бўлиб нутқ сўзлаганида ҳам яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳозирги даврда иқлим муаммолари жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурганини, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари замонамизнинг энг аянчли экологик инқирозларидан бири – Орол фожиаси туфайли Марказий Осиё ва унга ёндош минтақаларда айниқса жиддий сезилаётганини таъкидлар экан, йиғилганларнинг эътиборини айрим фактларга қаратди.
Масалан, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп, сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди.
Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўронлари, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифласланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва кўплаб бошқа муаммолар минтақада истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Президентимиз “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг халқаро минбарларда сўзлаган ҳар бир нутқи, илгари сурган ҳар бир таклиф ва ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан илиқлик билан кутиб олинмоқда. Дунёнинг етакчи давлат арбоблари, сиёсатчилари ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Бу хайрли анъана яна давом этди.
Президентимиз бу анжуманда ҳам бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди. Глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳимлиги қайд этилди.
Бу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан “Катта еттилик” ва “Катта йигирмалик” форматлари кун тартибларида кўриб чиқиб бориш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари Оролбўйи ҳудудини Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда барчани яқин ҳамкорликка таклиф этди.
Шунингдек, Президентимиз Тошкентдаги “Яшил университет” негизида ташкил этилаётган Иқлим илмий форуми доирасида яқин илмий алмашинувни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга чақирди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу таклифлар иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ва экологик муаммоларни халқаро ҳамкорликни доимий равишда мустаҳкамлаш орқали ҳал қилишда қўл келиши шубҳасиз.
Нодира КАРИМОВА
Халқ депутатлари Жиззах вилоят
Кенгаши котибияти мудири
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!