» » Хотин-қизлар улуғланган юртда инсон чиндан азиз

Хотин-қизлар улуғланган юртда инсон чиндан азиз

27 декабрь 2023 г 292 Комментарии: 0

Мен кўп йиллар солиқ тизимида ишлаганман.

Хотин-қизлар ва оила тизимига кириб келган вақтим мен ишнинг бу қадар кенг кўламли ва бепоён, чалкаш ва чигал эканлигидан ҳайратга тушганман. Аёллар қолиб, эркаклар ҳам идорам эшигини тақиллатиб келишидан ҳайратга тушганман. Аммо вақт ўтиб билдимки, галактикамиз асоси қуёш бўлганидек, оила асоси ҳам аёл, оиладаги барча муаммо ва ташвишлар, қувонч ва ютуқлар оиладаги аёлларнинг кайфияти, руҳияти, саводхонлиги, билимига боғлиқ экан. Оилада қадрланган аёл жамиятда ўрин топади, давлат ва ҳукумат даражасида ўрин топиши учун мана шу босқичларни босиб ўтмоғи шарт экан.
Амалдачи? Қўшникоҳли оилалар, хиёнаткорлар, оилавий зўравонлар ва бошқа негативлар натижасида оилаларда тинчлик-ҳаловат, тотувлик, ўсиш ва ривожланиш бўлиши мумкинми? Фарзандларчи? Уларнинг ажримини қайд этиш учун ҳам назарий жиҳатдан ижобий, амалда эса сунъий мураккабликлар яратилганки, яраштириш имкони йўқлиги очиқ-ойдин кўриниб турган ҳолатда ҳам йиллар керак бўлаяпти. Натижада алимент, бола таъминоти, тарбияси билан боғлиқ навбатдаги муаммолар чиқиб келмоқда.
Президентимиз томонидан 2023 йил 21 декабрда «Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тизимда мавжуд бўлган баҳсли ва муаммоли вазиятларга самарали ечим топилгани билан соҳа ходимларини жуда мамнун қилди. Фармонга биноан оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирилган «Оила судьялари» ташкил этилади. Илгари бу жараён фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилар, юқорида айтганимдек, кўп босқичли, руҳий оғир жараён эди. Эндиликда Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилади. 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда «Оила судьялари» ташкил этилади.
Бу нимаси билан қувончли? Буни ажрим сабаб суд ишида қатнашганлар жуда яхши тушуналидар. Судья жуда банд шахс, ажрим баҳсталаб масала, ўртада мол-мулк билан боғлиқ низолар албатта, бўлади. Бундай ҳолда судьянинг тажрибали, холис ва адолатли бўлишига кўп нарса боғлиқ. Оила судьялари фаолиятининг ташкил топиши, биринчидан, ажримлар масаласига жиддий ёндошувни англатса, иккинчидан, айнан оила масалаларига ихтисослашган тажрибали ва малакали судьялар шаклланишига, бу эса ажримлар сонининг сезиларли камайишига олиб келади.
Албатта, оилалар ажрим ёқасига бирданига келиб қолмайдилар. Бунга кўп вақт ва шароит сабаб бўлади. Кузатувларимга кўра, оиланинг иқтисодий негизлари мустаҳкам бўлмаган ҳолларда бунга мойиллик кучаяди. Фармон билан 2024 йил 1 февралдан касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади. Хотин-қизларни касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида молиялаштирилади. Натижада оилада тадбиркор, уқувли, тадбиркорликдан хабардор, ўсиш ва ривожланишга тайёр хотин-қизлар пайдо бўлади. Уларнинг онги, дунёқараши ўсади. Ҳаёт фақат турмуш юмушлари, бола туғиш, сериал кўришдан эмас, доимий изланиш, ўқиш, шахсий ривожланиш, бу орқали янги саҳифалар очишдан иборатлигини англаб етадилар.
Муҳтарам Президентимизнинг оила ва хотин-қизлар тизимига билдирган ишончи замирида мана шундай эзгу мақсадлар турганини ҳис қилиб турибман. Уни оқлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир!

Элнора УММАТОВА,
Фориш тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!