» » Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига Янги йил табриги

Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига Янги йил табриги

31 декабрь 2023 г 262 Комментарии: 0

Азиз ва қадрли юртдошлар!

Яхши ният ва улкан орзулар билан оиласи даврасида қувончли лаҳзаларни ўтказаётган Сиз азизларни Янги йил байрами билан самимий қутлайман!

Барчангизга соғлик-омонлик, оила хотиржамлиги, тинчлик ва тотувлик тилайман! Қалбингиздаги муқаддас туйғулар - юртимиз равнақи, фарзандларимиз камоли, хонадонларимиз, маҳаллаларимиз ободлиги ҳақидаги барча эзгу ниятларнинг ижобат бўлишига тилакдошман. Кириб келаётган янги – 2024 йил халқимиз учун энг баракали, қувончга, бахтга тўлиқ бўлади ва барча орзуларингиз рўёбга чиқади.

Ўтган етти йил биз учун ҳам тараққиёт даври, ҳам ўзига хос тажриба мактаби бўлди. Чунки, барча режаларимиз, улуғвор дастур ва лойиҳаларимиз амалга ошди.

Ҳаёт дегани шу экан, кимдир ҳолимдан хабар олади деб кутиб яшашлар ортда қолди. Ҳаётимиз, турмушимизни фақат ўзимиз ўзгартира олишимизга кўзимиз етди. Халқимиз юрагидаги ишонч-у умид учқунлариниҲурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” номли буюк ғояси билан улкан алангага айлантирди. Юртбошимиз ёрқин келажак бугундан бошланишини, халқимиз орадан йиллар ўтиб эмас, бугун бахтли яшашга ҳақли эканлигини оламшумул дастур ва лойиҳалари билан кўрсатиб берди, уларнинг ҳаммасини  ўзи раҳнамо бўлиб амалга оширди ва юртимизга ободлик, фаровонлик, тўкинлик олиб келди.

Мамлакатимиздаги беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини, ватандошларимизнинг ҳар бири бахт туйғусини ҳис этаётгани, ҳаётида улкан ўзгаришлар юз бераётганини ҳисобга олиб, ўтган йилимизга якун ясар эканмиз, қўлимизни кўксимизга қўйиб, 2023 йил биз учун ҳар томонлама баракали ва файзли бўлди, деб айтишга тўла асосларимиз бор.

2023 йилда мамлакатимиз ҳаётида тарихий сиёсий воқеалар юз берганини яна бир марта ёдга олишимиз адолатли бўларди деб ўйлайман. Чунки ўша воқеалар, нафақат ўтаётган йилни, балки келажагимизни ҳам белгилаб берди.

2023 йилнинг 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида, ҳеч шубҳасиз, том маънодаги улкан тарихий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Халқимиз янгиланган Конституцияга киритилган ва давлатимиз, жамиятимиз ҳаётининг келажагини белгиловчи Бош қонунимиздаги барча ўзгартиришларга “Ёқлайман!” деб овоз берди. Референдумдаги танлови орқали халқимиз Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бундан етти йил олдин бошлаб берган ислоҳотларга катта ишонч билан қараб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди.

Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари Президентлик сайлови ҳам мамлакатимиз учун тарихий воқеа бўлди.Халқимиз бу жараёнда мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган жонкуяр ва фидойи, ҳар жиҳатдан муносиб етакчисини сайлаб олди.Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз нафақат давлат бошлиғини сайлаш учун, балки Янги Ўзбекистонимизнинг келажагини ҳам танлади,эл-юрт истиқболи учун овоз берди.

Қолаверса, сайловда халқимиз ўтган йиллар давомида амалга оширган кенг кўламли ва самарадор ислоҳотларимизни муносиб баҳолади. Юртдошларимиз Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги шиддатли ва демократик ислоҳотларга ҳақиқий баҳо берди: халқимиз ушбу стратегик дастур муаллифи ва ташаббускори, ҳақиқий ватанпарвар ва фидойи инсон, том маънода “Халқ Президенти” Давлатимиз раҳбари Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевдан рози эканини амалда тасдиқлади.

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйди деб ишонч ва ғурур билан айта оламиз. Президентимиз муаллифлигида тайёрланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, қабул қилинди. Мазкур стратегия асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар бошланиб кетди. Унда белгиланган ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги тараққий этган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, илм-фан ва таълим-тарбия, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш, ҳуқуқ ва хавфсизлик соҳаларининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Азиз дўстлар!

2023 йил — “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” вилоятимиз тарихида ўзига хос ютуқлар йили бўлди, десам адашмайман.Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг“Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғояси асосида вилоятимизда мактабгача таълим ва мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимини янада ривожлантиришни олдимиздаги асосий вазифалардан бири этиб белгилаб олдик.

Ҳозирги пайтда Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 558 та мактаб (шу жумладан, 4 та махсус мактаб-интернати), 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият олиб бормоқда. Умумтаълим мактабларида 12 055 та жами синфлар мавжуд бўлиб, уларда 266 796 нафар ўқувчиларга 23 133 нафар ўқитувчилар таълим бериб келмоқда.

Шунингдек, вилоятимизда 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият юритади.

Давлатимиз, келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш фарзандларимизга илм олишлари, ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бермоқда.

2023 йилда жами 141 та таълим муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Шундан 3 та мактаб янгидан қурилди, 14 таси реконструкция қилинди ва 85 тасида  мукаммал таъмирлаш ва 19 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мактабларда 9458 та янги ўқувчи ўрни яратилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 105,0 млрд.сўм маблағлар йўналтирилган.

Шунингдек, 2023 йилда жами 9 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Шундан 4 тасида янги қурилиш, 3 тасида реконструкция ва
2 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунда янги 1 320 нафар тарбияланувчи ўрни учун шарт-шароитлар яратилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 40,3 млрд.сўм маблағлар йўналтирилган.

Жорий йилнинг ўзида 490 қувватга эга 4 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 995 қувватга эга 7 та давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти ва 5 125 қувватга эга 205 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Вилоятимиздаги 127 207 нафар 3-7 ёшли болалардан 97 358 нафари (76,5%) мактабгача таълимга қамраб олинди.

Янги йил арафасида иқтидорли болалар ва ўсмирлар учун Жиззах шаҳрида Марказий Осиёда ягона бўлган киберспорт мусобақалар ўтказишга мўлжалланган Беш ташаббус аренаси ичида жойлашган  “JIZZAKH CYBER ARENA” аренаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фарзандларимизнинг биздан-да бахтли ва яхши яшашлари учун ҳамма имкониятларни ишга соламиз.

Янги йил остонасида туриб, албатта, ўтган йилда эришилган натижаларни ҳисоб-китоб қиламиз, шунга қараб ҳаётимизнинг янги саҳифасини очаётган йил режаларини белгилаймиз. Ўз номи билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да инсон қадрини улуғлаш, ёрдамга муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, вақтинча ишсизлар учун доимий иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор бердик.

Вилоят бўйича ўтган даврда 158 034 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан, 62815 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 95219 нафари доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди.

3760 нафар юртдошимиз якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди ва “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 7389 нафар фуқароларга ер майдонлар ажратиб берилди.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз 2650 нафар аҳолига 11,6 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан субсидия асосида асбоб-ускуналар етказиб берилди.

Ўзимиздаги мавжуд имконият ва ресурслардан фойдаланиб 48 та маҳалла боғдорчилик, чорвачилик, гулчилик, хизмат кўрсатиш ва унинг турларига ҳамда бошқа йўналишларга ихтисослаштирилди. Ихтисослаштирилган маҳаллаларда қўшимча лойиҳалар шакллантирилиб, ҳудуддаги ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Унга қўшимча равишда 22 та маҳалла иссиқхона, боғдорчилик, ишлаб чиқариш, чорвачилик, узумчилик, коврак етиштириш ва бошқа йўналишларга ихтисослаштирилмоқда.

Қадрли вилоятимиз аҳли!

Бир вақтлар фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ва собиқ иттифоқнинг хомашё базаси ҳисобланган вилоятимизни бугун ҳақли равишда саноати ривожланган ҳудудга айланмоқда деб айта оламиз.

Зеро, сунгги етти йилда хорижий инвестициялар асосида юзлаб саноат корхоналари ташкил этилди. Биргина 2023 йилда умумий қиймати 1 026,2 млн. долларлик709 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 11268 та янги иш ўринлари яратилди.Жумладан, саноат соҳасида умумий қиймати 620,1 млн. долларлик 137 та лойиҳалар, хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 186,3 млн. долларлик 396 та лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 219,8 млн.долларлик176 та лойиҳалар ишга туширилди.

Вилоятимиз корхоналарининг йилдан йилга экспорт салоҳияти ҳам ортиб бормоқда. 2023 йилда вилоятда фаолият юритаётган экспорт қилувчи корхоналар томонидан йил якуни билан 210,0 млн. доллар экспорт ҳажмлари бажарилди ва 2022 йилга нисбатан 105,3 фоиз ўсишга эришилди.

Экспортнинг 179,8 млн. доллари саноат маҳсулотлари ва 30,2 млн. доллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобига тўғри келди. Ўтган йилда қўшимча 31 та корхоналар биринчи марта экспортга жалб қилиниб, бу корхоналар томонидан 10,8 млн. долларлик экспорт амалга оширилди. Агар чуқур мулоҳаза қилинса, бу рақамлар замирида тинимсиз изланиш ва меҳнат, жаҳон бозоридан муқим жой эгаллаш учун қилинган заҳматли саъй-ҳаракатлар турганлигини англаш қийин эмас.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакатимиздаги ҳамма оилаларни уй-жой билан таъминлашдек эзгу мақсадини рўёбга чиқариш мақсадида бошланган улуғвор ишлар ўз самарасини бера бошлаганига халқимиз гувоҳ бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 13 апрелдаги ПФ-51-сонли Фармонига асосан “Янги Ўзбекистон” массивида жорий йил якунига қадар 9 та кўп қаватли 456 хонадонли уй-жойлар, шунингдек, уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда 77 та кўп қаватли 2772 хонадонли уй-жойлар фойдаланишга топширилмоқда. Фақат ушбу турар жой массивларида яшаётган аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида 4,5 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари, 13 дона трансформатор ва 2,8 км юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари, табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 2 дона газ тақсимлаш пункти 7,2 км ўрта ва паст босимли газ қувурлари тортилди.

Аҳолини мунтазам тоза ичимлик суви билан таъминлаш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолади. Вилоятда бугунгача 1475,5 млн. аҳолининг 65,3 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.2023 йилда барча дастурлар учун 425 млрд. сўм ажратилиб, 878,3 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди.

Вилоят ҳудудидан ўтган йўлларни созлигини таъминлаш, инфратузилманинг асосий тармоқларидан ҳисобланади. 2023 йилда бу соҳада 712,2 млрд. сўм миқдорида маблағлар ўзлаштирилди ҳамда 2136,4 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида реконструкция қилиш ва 15 дона кўприклар янги қурилди ва таъмирланди.

Албатта, вилоятимизда қайси соҳани олманг ўнлаб дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилаётганлигининг шоҳиди бўласиз. Уларнинг ҳаммаси халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, доимий иш ўрнига эга бўлиши, ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб, ота-боболарига муносиб ватанпарварлар бўлиб улғайишларига қаратилгандир.

Муҳтарам юртдошлар,қадри баланд Жиззахликлар!

Ҳаммамиз юксак орзу-умидлар билан Янги — 2024 йилга қадам қўймоқдамиз. Чунки, кириб келаётган йил маррасини ҳар қачонгидан баланд қўйганмиз, оламшумулрежаларимиз янги довонларни кўзлаб турибди.

Ўйлайманки, Сиз азизларнинг саъй-ҳаракатларингиз, қўллаб-қувватлашингиз, энг муҳими — юксак ишончингиз билан салмоқли натижаларга эришамиз.Улуғвор вазифаларни зиммамизга олар эканмиз, барчангизга куч-қувват, ҳар бир кунингиз мазмунли,
қут-баракали бўлишини ва мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сиз азизларга энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман!

Барчангизга яна бир бор мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриш насиб этсин!

Янги — 2024 йилнинг қадами жонажон Ватанимизга қутлуғ ва баракали келсин!

Вилоят ҳокими                                   Э. САЛИЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!