» » Жиззахда республика ёш эковолонтёрларининг ўқуви ташкил қилинди

Жиззахда республика ёш эковолонтёрларининг ўқуви ташкил қилинди

08 январь 2024 г 303 Комментарии: 0

Ўзбекистон "Ekolog” жамоат бирлашманинг Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосидаги “Плоггинг: ёшлар ўртасида замонавий экологик маданиятни юксалтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” лойиҳаси доирасида икки кунлик семинар-тренинг ташкил қилинди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги билан ижтимоий ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳага мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан икки нафардан жами 28 нафар ёш эковолонтёрлар жалб қилинган.
Лойиҳанинг мақсади вилоятлардаги “Эколог” жамоат бирлашмаси волонтерлардан экотренерлар тайёрлаш ва улар томонидан жамиятда экологик ва тиббий маданиятни юксалтиришни ҳамда Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида югуриб чиқиндини териш (плоггинг)ни ташкил қилиш орқали ёшларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборатдир.
Семинар-тренинг давомида иштирокчиларга дастлаб экологик ижтимоий масъулият ҳақида бирлашма раҳбари, экожурналист, филология фанлари доктори Наргис Қосимова тушунтириш берди. Шундан сўнг экотренерлар томонидан атроф-муҳитни зарарлантираётган чиқинди ва унинг турлари, парчаланиш муддатлари, экологик вазиятни яхшилаш учун бажарилиши зарур бўлган вазифалар тўғрисида батафсил ахборот ва маълумотлар етказилди. Эковолонтёрлар, шунингдек, плоггинг (югуриб чиқинди йиғиш) нима ва унинг тарихи, дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилаётган плоггинглар ва уларнинг атроф-муҳит ва соғлиқ учун муҳимлиги бўйича билим ва кўникмага эга бўлишди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мутахассисларнинг ҳисоблашига кўра бугунги кунда бир кунда чиқаётган маиший чиқиндилар ҳар киши бошига 1 кг 300 грга тўғри келмоқда. Аҳоли сонининг ошиб бораётганини эътиборга олинса, чиқинди чиқариш кўпаяётганини, уларни йиғиб олиш, саралаш ва қайта ишлаш масалалари катта муаммога айланмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида амалий машғул, яъни плоггинг ўтказилди. Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” истироҳат боғи атрофи ва шу ердан оқиб ўтувчи “Сангзор” дарёсининг қуриб қолган сув тубига тўпланиб қолган чиқиндилар ёш эковолонтёрлар томонидан йиғиб олинди.
- Бу ерда биз асосан пластик идишлар, болалар тагликлари (памперс), саллафан пакетлар, сигарет қутилари, турли энергитик ичимликларнинг бўш идишларини, энг ачинарлиси, аҳолининг эскирган оёқ кийимлари ва бошқа шахсий буюмларини йиғиштириб қопларга жойладик. – дейди Тошкент вилоятидан иштирок этаётган эковолонтёр Муҳаммадиёр Мирсултонов. – бу чиқиндиларнинг парчаланиш даври юз йилликларни ташкил қилишини одамлар англаб етишлари зарур.
- Бу чиқиндилар келгусида нафақат табиатга ва жониворларга, балки энг аввало одамларнинг ўз соғлигига катта зарар етказиши аччиқ ҳақиқатдир. – дейди қашқадарёлик эковолтёр Фотима Мардонова. - Бу каби плоггинг тадбирларини барча жойда ёшу-қари ўтказиши ва экологияни асраб-авайлашга ҳисса қўшишларини истардим.

Плоггинг якунида энг кўп чиқинди тўплаган Муҳаммадиёр Мирсултонов (Тошкент вилояти), Хусаин Турунбоев (Наманган вилояти), Фотима Мардонова (Қашқадарё вилояти), Дилфуза Сейтимова (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Акбаржон Абдуллаевлар (Андижон вилояти) жамоат бирлашмаси томонидан рағбатлантирилдилар.

Семинар-тренингнинг иккинчи кунида чиқинди муаммосини ҳал этилиши бўйича эксперт - Жиззах шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими инспекцияси биринчи тоифали давлат инспектори Бахтиёр Рахимов иштирок этиб, эковолонтёрларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.
Экологик муаммоларни аниклаш ва бартараф этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган машғулот давомида иштирокчилар келгуси лойиҳалари стратегияларини ишлаб чиқдилар.
Эндиликда эковолонтёрлар ўз ҳудудларига бориб, бу ерда ўрганган билимлари ва олган маълумотларини ўз тенгдошлари билан ўртоқлашади ва жойларда плоггинг тадбирларини ўтказишади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!