Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Мен ўғлим билан фахрланаман”
11 январь 2024 г 313 Комментарии: 0
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида жойлашган ҳарбий қисмлар ўртасидаги онлайн видеомулоқот ҳам айни шу мазмунда ташкил этилди.
“Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзусида ўтказилган тадбирда мазкур ҳудудларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари, синфдош дўстлари ва устозлари жам бўлди.
Албатта, юрт ҳимояси йўлида собит турган фарзанди билан дийдорлашув ҳар бир ота-она қалбига ўзгача қувонч, чексиз ҳаяжон ва фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди. Унутилмас лаҳзаларга бой тарзда кечган видеомулоқот чоғида ҳам нуронийлар, ота-оналар, аскар йигитларнинг ака-укалари, опа-сингиллари ва тенгқур дўстлари томонидан: “Ўғлим, биз сен билан фахрланамиз!”, “Хизматингни ёруғ юз билан тамомлаб, соғ-саломат ёнимизга қайт”, “Акажон, мен ҳам албатта ҳарбий бўламан!”, “Дўстим, сен маҳалламиз ғурурисан!” деган сўзлар янграб, кўнгилларга илиқлик ва хуш кайфият бахш этувчи самимий тилаклар айтилди.
– Менинг фарзандим Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, – дейди видеомулоқот қатнашчиси Маҳмуджон Ҳайдаров. – Ўғлим билан фахрланаман. Ҳозир видеомулоқотда кўрдим кайфияти кўтаринки, худди ёнимизда тургандек бўлди. Менга ҳарбий либос кийиш насиб қилмаган, шу сабабдан бўлса керак бугун ўғлимни ҳарбий либосда кўриб бошқача фахрландим. Ватанимизга хизмат қилаётганидан хурсандман. Тез кунларда хизматини якунлаб ёруғ юз билан оиламиз бағрига қайтишига ишончим комил. Бугунги ўтказилаётган тадбир онаси иккимизнинг энг бахтли кунларимиздан бири.
Ўз навбатида, аскар ўғлонлар томонидан ҳам ҳарбийликнинг шарафи ва масъулияти, давлат чегараларини туну кун ишончли қўриқлаш ортида яқинларининг тинчлиги ва осойишта ҳаёти турганини ҳис этиш уларга куч-ғайрат ва катта шижоат бағишлаётгани, ҳақиқий ҳаёт мактаби сабоқларини олиб, кундан кунга иродалари тобланиб бораётгани хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, бўлинмаларда муддатли ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароит ва қулайликлар, берилаётган имтиёзлар ҳам алоҳида эътироф этилиб, яқинларга йўлланган соғинчли саломлар, байрам табриклари ва ижро этилган куй-қўшиқлар ватанпарварлик, юртга садоқат ҳамда меҳр-оқибат туйғулари ила йўғрилди.
– Мен Жиззах вилоятидаги бўлинмалардан бирида ўз йигитлик бурчимни ўтамоқдаман. Бугун ота-оналаримиз билан видеомулоқот орқали кўришдик. Яқинларимиз билан суҳбатлашиб, соғинчимиз босилгандек бўлди. Ота-оналаримиздан далда олиб, жанговар руҳимиз янада ортди, – дейди муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Жавоҳир Навбатов.
Тадбир давомида фарзандини юрт ҳимоясига йўллаган жонкуяр ва фидойи оналар шарафланиб, гулдасталар ҳадя этилди. Таъкидлаш керакки, Сурхондарё вилоятидаги видеомулоқот Термиз шаҳрида жойлашган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ўтказилгани боис, куннинг иккинчи ярмида тадбир қатнашчилари мазкур таълим муассасасининг имкониятлари ва бу ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Жиззахлик ота-оналар эса видеомулоқот ташкил этилган ҳарбий қисм ҳаёти, маънавий-маърифий тайёргарлик хонаси, сарҳадларимиз посбонларининг китобхонлик маданиятини оширишга мўлжалланган кутубхона, ётоқхона ва барча зарур анжомлар билан жиҳозланган спорт мажмуаси билан танишиб, муддатли ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитларга ўзлари гувоҳ бўлди.
Шу каби кўнгилларга хуш кайфият ва завқ улашувчи эзгу тадбирлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам байрамона руҳда ташкил этилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!