» » Бокс: Жиззахда Ўзбекистон чемпионлари аниқланди

Бокс: Жиззахда Ўзбекистон чемпионлари аниқланди

29 январь 2024 г 233 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати иқтидорли ёш чарм қўлқоп усталарини аниқлашга хизмат қилди.

Бир ҳафта давом этган мусобақаларда республикамизнинг барча ҳудудларидан Жиззахда жам бўлган 300 нафарга яқин ёш боксчилар 13 та вазн тоифасидаги жангларда ғолиблик учун кураш олиб борди.  

Шиддатли ўтган баҳслар якунига кўра, 5 та олтин, 3 та бронза медалига эга чиққан Жиззах жамоаси умум жамоада ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2 та олтин, 4 та кумуш медаль жамғарган Тошкент вилояти жамоаси 2-ўрин, 2 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритган Андижон бокс мактаби тарбияланувчилари умум жамоада 3-ўрин соҳиби бўлди.  

Ўз вазн тоифаларида Сайфиддин Собиров, Собиржон Тастанов, Нодирбек Аллаберганов, Мироншоҳ Норқосимов, Самандар Ҳабибуллаев, Жавоҳир Меҳриддинов, Акмалжон Исроилов каби ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.  

Мазкур чемпионат доирасида Ўзбекистон бокс федерацияси Жиззах вилояти бўлимининг йиғилиши ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг боксни ривожлантириш тўғрисидаги тегишли қарори ижросини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Жиззахда бокс спорт турини оммалаштириш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, миллий терма жамоа сафида жиззахлик иқтидорли спортчилар сафини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Йиғилишда Ўзбекистон бокс федерацияси ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ, Жиззах вилояти бўлими раиси лавозимига Акмал Маҳкамов сайланганлиги эълон қилинди.  

Чемпионат якунида ғолиб ва совриндорларга медаль, диплом ва эсдалик совғалар топширилди. Ташкилий қўмита аъзоларининг овоз бериши натижасида Мироншох Норқосимов чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси”, деб топилди ва махсус кубок билан тақдирланди.  

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов иштирок этди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!