Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўғрининг кўзи тўймас
01 февраль 2024 г 310 Комментарии: 0
Республикамиз бўйлаб ўтказилган «Долзарб—40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари вилоятимиз ҳудудида ҳам бўлиб ўтди. Ғаллаорол туманидаги тезкор тадбирлар давомида “Маржонбулоқ” кони ҳудудида олтин излашга муккасидан кетган фуқароларнинг таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган рудаларни ўғирлаганликлари фош этилди.
Жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида туманнинг “Молтоб” ҚФЙ, Наврўз қишлоғида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро А. Ў. нинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжалиги кўздан кечирилганида, оғилхонада сақланаётган 2 дона руда тошларини майдалайдиган тегирмон ва 2 қоп таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган руда тошлари борлиги аниқланди ва холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.
Терговга кадар текширув давомида фуқаро ушбу руда тошларни “Маржонбулоқ” карьеридан талон-тарож қилиб келганлиги аниқланди. Тўпланган ҳужжатлар юзасидан ушбу фуқарога жиноят ишлари буйича Ғаллаорол туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 61-модда 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Тадбир давомида “Лалмикор” МФЙ, Беруний кўчасида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Ш.К.нинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжалиги текширилганида, оғилхонада 2 дона руда тошларини майдалайдиган тегирмон двигатели ва 1 қоп таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган руда тошлари сақлаб келинаётганлиги аниқланди. Унга жиноят ишлари буйича Ғаллаорол туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 61-модда 2-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбирларда яна уч нафар фуқаронинг уйидан таркибида олтин зарралари бўлиши мумкин бўлган руда тошлари сақлаб келинаётганлиги аниқланди. Бу олтин изловчиларга ҳам суд томонидан тегишли жарималар белгиланди.
Халқимиз “Ўғирлик билан қорин тўйдириб бўлмас”, деб бежизга айтмайди. Дарҳақиқат, кўпнинг ризқига кўз олайтиришнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Аммо, ақли ноқис одамлар ана шу ҳақиқатни англаб етмаяптилар.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!