» » Шукрким, у дамлар ортда қолди...

Шукрким, у дамлар ортда қолди...

28 февраль 2024 г 276 Комментарии: 0

Бугун етти нафар фарзандимни қандай қийинчиликлар билан вояга етказганимни ўйлаб, бугунги дориломон кунлар учун қайта-қайта шукрона айтаман.

Вақтида бошимдан жуда кўп қийинчиликлар ўтган. Маҳаллага моддий ёрдам сўраб чиққанимда, мени қайтариб юборишарди. Ўз уйим йўқ эди. Ижарада яшардик. Моддий ёрдам  ололмаганим сабабли ижара пулини тўлолмаганман. Шу боис болаларим билан ижарада турадиган уйимдан ҳам чиқариб юборишган. Чорасизликдан йўл четида капа тикиб яшаганман. Кейинроқ тумандаги бир умумий ётоқхонага жойлаштиришди. “Бу ерда яшашинг мумкин эмас”, деб ётоқхонадан ҳам ҳайдаб чиқаришди. Яна сарсон-саргардонликка учрадик...

Ўша пайтлари “туман ободонлаштириш бўлимига қарашли озроқ ташландиқ ер бор, шундан фойдаланасанми”, деган таклиф бўлди. Мен бу таклифни “жон”, деб қабул қилдим. Кичкинагина иссиқхона қуриб, гул кўчатлари етиштира бошладим...

Шундай кунларнинг бирида, ўша пайтдаги туман ҳокими Ойбек Ашурматов келиб, шароитим билан танишди ва нималар билан шуғулланаётганимни сўради. Мен гулчиликка қизиқишимни, шу соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшиш орзуим борлигини айтдим. “Агар имкони бўлса менга озроқ кредит чиқариб беришда ёрдам берсангиз, иккита иссиқхона қурсам”, деб айтдим. Ойбек ака банк ходимларини чақириб, “шу қизга мен кафил бўламан, ўн миллион сўм маблағ ажратиб беринглар, тўлай олмаса, бунинг ўрнига ўзим тўлаб бераман”, деб айтди. Туман хотин-қизлар бўлими раҳбари Сабоҳат опа Каримова ҳам шу ерда эди. У киши “эҳтиёжманд, кам таъминланган аёллар учун алоҳида уй қурилаяпти. Шу қизга ҳам мана шу уйдан икки хонали хонадон ажратамиз”, деганида ўзимда йўқ хурсанд бўлдиму, яна бир тарафдан ҳеч ишонгим келмасди.

Мана, шунга ҳам 4-5 йил бўлиб қолди. Энди ўз уйим бор. Фарзандларимни яхши жойларда ўқитяпман. Ўша 30 сотих жойни боғ қилдим. Иккита иссиқхона қурдим. Бугун боғимда меваларнинг энг сархилларини етиштиряпман. Икки, уч хил шафтоли, ўрикнинг 7-8 хил, олманинг 15, узумнинг 5 хил тури бор. Яна гилос, бодом ва бошқа кўплаб мевалар, дегандек... Бир эмас, иккита машина олдим. Олдин ўзим маҳалладан моддий ёрдам сўраб борган бўлсам, шукрки, энди ўзим эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик қиляпман, ўттиз бешта иш ўрни яратдим.

Ўтган йили “Йил аёли” танловининг республика босқичида қатнашиб, “Йилнинг энг жонкуяр аёли” номига муносиб кўрилдим. Буларнинг барчаси мамлакатимизда биз каби хотин-қизлар учун яратиб берилган кенг имконият ва шароитлар натижаси, деб биламан. Бунинг учун аввало муҳтарам Президентимиздан чексиз миннатдор эканлигимни изҳор қилмоқчиман. Бизга ишонч, қанот берган юртбошимизнинг одилона сиёсатини амалда исботлаб, келгусида фаолиятимни янада кенгайтириш ниятларим бор. Мақсадим – халқ фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги учун ҳисса қўшиш, яна кўплаб ишсизларни иш билан таъминлашдан иборат. Насиб қилса бунга албатта эришаман ҳам.

Шундай кунларга етказганига ШУКР!

Комила Жўраева,

Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги  

“Зирапча” МЧЖ раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!