» » Сенат Раиси Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларидаги ривожланиш тенденциялари билан яқиндан танишди

Сенат Раиси Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларидаги ривожланиш тенденциялари билан яқиндан танишди

29 февраль 2024 г 267 Комментарии: 0

Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева мамлакатимиз ҳудудларида соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, иқтисодий объектлар, маҳаллаларда бўлиб, аҳоли вакиллари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан бевосита мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Сенат Раисининг бу галги ташриф манзили Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов, Зомин, Дўстлик туманлари ҳамда Жиззах шаҳри бўлди.

Ташриф доирасида Сенат Раиси Шароф Рашидов туманидаги “Жиззах” ЭИЗда ишга туширилган енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг фаолияти билан танишди.

Завод йиллик 100 мингта енгил автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга. Қайд этиш жоиз, лойиҳа доирасида йилига 130 млн долларлик импорт ўрнини босувчи 314 турдаги автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 4 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Завод иш фаолияти билан танишиш асносида у ерда ишчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилганлигига, уларга меҳнатига яраша муносиб иш ҳақи тўланаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги манзил тумандаги “Оқтош” МФЙда бунёд ўтилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви бўлди.

Шу ўринда айтиш жоизки, бу каби массивлар барча вилоятларда Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан бунёд этилмоқда.

41 гектардан каттароқ ҳудудда 1 300 та  хонадонли 19 та қўп қаватли уй, 1680 ўринли умумтаълим мактаб биноси, 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 200 қатновли поликлиника биноси, 12 та болалар майдончаси, автотураргоҳлар қурилмоқда.

Бу ерда “Янги Ўзбекистон” массивидаги қурилиш ишлари ҳолати, уларнинг белгиланган стандарт талаблар асосида қурилаётгани, фармонда кўзда тутилган вазифалар ижросига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Сенат Раиси туманнинг “Қанғли” маҳалласида истиқомат қилаётган Юлдуз Жабборова хонадонида бўлиб, у билан яқиндан суҳбат қилди. Қайд этиш жоиз, Юлдуз Жабборова маҳалла фаолларининг қўллови билан олган кредит маблағлари эвазига Корея тажрибаси асосидаги иссиқхонада стеллажларда қулупнай етиштириш орқали яхшигина даромад кўриб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, йилнинг 8 ойи давомида ана шу усул орқали мунтазам равишда қулупнай етиштириш мумкин. Сенат Раиси ушбу тажрибани маҳалланинг бошқа хонадонларида ҳам жорий қилиш таклифини билдириб ўтди.

Шароф Рашидов хамда Пахтакор туманлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан ўтказилган учрашувда асосий эътибор Президентнинг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифаларга қаратилди.

Мулоқот давомида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, бу борада депутатлик сўровлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳисоботларини эшитиш институтларидан тўлақонли фойдаланиш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, депутатларга туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини доимий тарзда назорат қилиб бориши кераклиги юзасидан тавсиялар берилди.

Сенат Раисининг ҳудудларга ташрифи давомида ижтимоий объектлар хусусан, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим муассасалари фаолияти доимий эътиборда бўлади. Туманнинг марказий шифохонасига ташриф давомида комплекснинг катталар, болалар, туғуруқ бўлимларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, беморларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлиги борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Шифокорлар билан суҳбат жараёнида мутахассисларнинг  малакасини доимий равишда ошириб бориш, касалликлар профилактикаси йўналишида қилинадиган ишлар бўйича қатор таклифларни билдирди.

Вилоятнинг Зомин туманига ташриф давомида эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Зомин “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйидаги шарт-шароитларни ўрганди.

Мазкур “Мурувват” уйи 47 млрд сўм эвазига қайта реконструкция қилиниб, шу йилнинг январь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилган. Ҳозирда мазкур аёллар интернат уйи бир вақтнинг ўзида 350 нафар ногиронлиги бўлган аёлларни ўз бағрига сиғдира олади. Чунки у ерда 350 ўринли ётоқхона, маъмурий бино, ошхона, кир ювиш ҳамда ёзги павильон биноси тўлиқ реконструкция, мукаммал таъмирланди.

 “Мурувват” уйида Сенат Раиси аёлларга яратилган шароитлар билан танишиб, шифокорлар ва беморлар билан суҳбат қурди. 

Тумандаги ўрганишлар давомида Т.Нарбаева “Қайирма” МФЙда амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди ва маҳалла еттилиги билан суҳбатлашиб, уларнинг олдига қўйилган вазифалар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, суҳбат давомида Ёшларнинг таълими, уларни касбга йуналтириш, бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор каратилди. Маҳалладаги масалаларни маҳаллий кенгашлар муҳокамаларига киритиш юзасидан тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, Сенат Раиси маҳалла аҳолиси, хотин-қизлар билан суҳбат ўтказиб, маҳаллада аёлларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш масалаларига эътибор каратилди. Аёллар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат давомида маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулчеҳра Маҳсудова маҳалладаги аёлларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашилаётганини, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишида ўқитилиб, уларга субсидия ва имтиёзли кредитлар олинишида ёрдам берилганини айтиб ўтди.

Шундай сўнг Зомин туманида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишди. Тумандаги туристик зонанинг замонавий туризм инфратузилмаси, меҳмонхоналар ва сайёҳларга яратилган шароитлар билан танишилди. Қайд этиш жоиз, туризмни ривожлантириш ҳисобига яратилаётган янги иш ўринларига асосан маҳаллий аҳоли вакиллари жалб этилмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!