Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда очиқликни таъминлаш ҳамда рақамлаштиришга оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси муҳокама этилди
15 март 2024 г 467 Комментарии: 0
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш борасида бир нечта норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Мазкур йўналишдаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 13-14 март куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси аъзолари Жиззах вилоятида бўлишди.
Сенаторлар халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда очиқликни таъминлаш ҳамда рақамлаштириш борасидаги ишларни ўрганди ва натижаларини масъуллар иштирокида муҳокама қилди.
Муҳокамалар жараёнида сенаторлар, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссия раислари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг матбуот котиблари, шунингдек, вазирлик ва идора масъуллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, вилоятда давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштириш йўналишида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 16 турдаги маълумотлар мунтазам равишда Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан эълон қилиб борилган. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида матбуот котибларининг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган. Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали вилоятга оид 238 та танқидий материал эълон қилинган бўлиб, уларнинг барчасига ўз вақтида тезкор муносабат билдирилган.
Шунингдек, ижро органлари ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, тезкор алоқа воситалари билан таъминланган ва Интернет тармоғига уланган.
Сенаторлар вилоятда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ушбу йўналишда айрим муаммолар мавжудлигига ҳам тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида кенг жамоатчилик учун долзарб бўлган янгиликлар айрим сайтларда мунтазам бериб борилмаган.
Айрим туман ва шаҳар ҳокимларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинган телефон рақамлари доимий равишда ишчи ҳолатда эмас.
Мажлисда очиқликни таъминлаш ва рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар билан биргаликда Жиззах вилояти Халқ қабулхонасининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати ҳам таҳлил этилди.
Ишчи гуруҳ томонидан юқорида аниқланган камчиликларни ҳал этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Бу борада ишларни самарали ташкил этиш мақсадида алоҳида «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
Якунда юқорида келтириб ўтилган масалалар юзасидан уиштирокчилар фикри тингланди.
Хусусан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Дониёр Солиев мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф берди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!