» » Жиззахликлар 29 йил кутган ғалаба!

Жиззахликлар 29 йил кутган ғалаба!

01 апрель 2024 г 259 Комментарии: 0

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати супер лигасида бугун Наманганда “Навбаҳор” ва Термизнинг “Сурхон” ҳамда Тошкентда “Олимпик” ва Фарғонанинг “Нефтчи”жамоалари ўртасидаги баҳслар билан 4-тур учрашувларига якун ясалади.

Ушбу тур доирасида Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Пахтакор” Тошкентда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди.

Ушбу жамоаларнинг мамлакат чемпионатидаги расмий ўйинларига назар ташласак, жамоалар 56 марта учрашган, шулардан 43 таси “Пахтакор”нинг, 6 таси “Сўғдиёна”нинг ғалабаси билан якунланган, 7 учрашувда томонлар дурангга имзо чеккан. “Сўғдиёна” футболчилари Тошкентдан бор-йўғи 1 маротаба, 1995 йилда ғалаба билан уйларига қайтган экан...

Бу сафарги баҳс ҳам кутилганидек, пойтахт футболчиларининг ҳужумлари билан бошланди. Майдон эгаларининг ушбу босими ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ ўз самарасини берди. “Пахтакор” футболчиси Дониёр Абдуманнопов жиззахликлар дарвозаси ажойиб зарбаси билан ишғол этиб, ҳисобни очди – 1:0.

Ўтказиб юборилган голгача ҳимоявий футбол намойиш этаётган меҳмонлар, ўйин тактикасини ўзгартириб, очиқ ва ҳужумкор футбол намойиш этишни бошлади. Бу ўйиннинг 23-дақиқасида ўз натижасини кўрсатди. Жиззахликлар футболчилари Олег Зотеев, ВладимирЙовович ҳамда Абдураҳмоновлар комбинацияси чиройли гол билан якунига етди. Жавоб голи муаллифи “Сўғдиёна” футболчиси Шоҳруҳ Абдураҳмонов бўлди – 1:1.

Меҳмонлардан бундай ўйинни кутмаган “Пахтакорчилар” дарҳол ҳужумга ташланди ва ана шундай ҳужумлардан бирида, учрашувнинг 33-дақиқасида, майдон эгалари сардори, сербиялик легионер Драган Черан тўпни “Сўғдиёна”нинг македониялик легионери ЛюпчоДориевга олдириб қўйди. Люпчо майдон эгаларининг икки ҳимоячисини алдаб ўтиб, тўпни бошқа бир легионер жамоадоши Йововичга узатди. Владимир ўз навбатида моҳирона узатма билан Абдураҳмоновни голли вазиятга олиб чиқди ва Шоҳрухнинг аниқ зарбасидан сўнг 2-гол ҳам унинг номига ёзиб қўйилди – 1:2.

Танаффусга мағлубият билан чиқиб кетишни истамаган Максим Шатских шогирдлари, меҳмонлар дарвозаси олдида кучли босимни юзага келтирди. Учрашувнинг биринчи бўимига ҳакам томонидан қўшиб берилган 45+2-дақиқада бурчакдан узатилган тўп “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Диёр Холматовга келиб тушди ва унинг олисдан берган ажойиб зарбасини “Сўғдиёна”нинг тажрибали легионер посбони Милан Митрович қайтара олмади – 2:2.

Иккинчи бўлим кутилмаганда меҳмонлар, яъни Иван Бошкович шогирдларининг кескин ҳужумлари билан бошланди. Ана шундай ҳужумлардан бирида Люпче Дориевга нисбатан қўполлик ишлатилди. Ушбу қўполликниVAR орқали текширган учрашув бош ҳаками Шавкат Насибуллаев, ўйиннинг 57-дақиқасида “Пахтакор” дарвозаси томон пенальти белгилади. “Сўғдиёна” тўпурари Шоҳруҳ Абдураҳмоновнинг11 метрлик белгидан тепган тўпини тошкентликларнинг белоруслик легионер дарвозабон Павлел Павличенко қайтаришни уддасидан чиқди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келганШоҳрух, тўпни дарвозага қайта йўллаб, шу ўйиннинг ўзида 3-голини киритди ва “хет-тирик” муаллифига айландиҳамдажамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:3.

Қолган дақиқаларда гол киритиш учун ҳар икки жамоада бир қатор имкониятлар бўлди, аммо дарвозаларни ишғол этиш на мезбонларга ва на меҳмонларга бошқа насиб этмади.

Шундай қилиб, “Сўғдиёна” орадан 29 йил ўтиб, Тошкентдан иккинчи бор “Пахтакор”дек грант жамоани мағлубиятга учратган ҳолда, ғалаба билан Жиззахга қайтди.Дарвоқе, “Сўғдиёна” ушбу мавсумда ўзининг биринчи ғалабасини нишонлади.

Шу турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайт этилди: “Динамон” (Самарқанд) – “Металлург” (Бекобод) – 2:1, “Қизилқум” (Навоий) – “Локомотив” (Тошкент) – 0:0, ОКМК (Олмалиқ) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 1:0, “Андижон” (Андижон) – “Насаф” (Қарши) – 1:1.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!