» » Узумчилик – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий дeҳқончилик маданияти

Узумчилик – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий дeҳқончилик маданияти

24 апрель 2024 г 155 Комментарии: 0

Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади.

Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Шу сабабдан ҳар бир кўчада, хонадонда ток ўстирилган.

Фориш туманининг узум етиштириш бўйича ўз тажрибаси ва анъаналари бор. Қолаверса, туманнинг табиий ер ва иқлим шароити узум етиштиришга мослиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, туман ҳудудида яшаётган аҳоли томорқаларида етиштирилаётган ҳусайни, тойфи, аллани, маска, сайви, қора ва сариқ кишмишлар, қора кишмиш майизлари ўзининг таъми, табиий тозалиги билан довруғи узоқ-узоқларгача танилган.

Туманнинг Илончи, Осмонсой, Сайёд, Каттабоғдон, Баландосмон, Ўртақишлоқ, Кўҳнабозор қишлоқларида яшовчи айрим оилалар биргина узумчиликнинг ўзидан йилига 50-60 миллион сўмгача даромад олаётгани бор ҳақиқат.

Ота-боболаримизнинг узум етиштириш бўйича ўз тажрибаси бор дедик. Кўпгина хонадонларда ҳар йили кеч кузда токлар кўмилгандан кейин ток томирлари чуқур қилиб ковланиб, ўша чуқурларга маҳаллий ўғит солиб кўмиб чиқилади. Кузги ёғингарчилик ва қишки қорлар натижасида ток тубига кўмилган маҳаллий ўғит эриб, малҳамга айланади.

Бундан ташқари қиш мавсумида ҳар бир ток тубига ёққан қорлар тўплаб чиқилади. Бу эса ёз мавсумида токларни сувсизликдан асраб, узум ҳосилини қуриб қолишининг олдини олади.

Кейинги йилларда иқлим ўзгариши, ёғингарчиликларнинг кам бўлиши ва бошқа омиллар сабабли туманда узумчиликка бўлган талаб сусайди. Авваллари Фориш узумлари бозорларда январь, февраль ойларигача сақланиб сотилиб келган бўлса, эндиликда октябрь ойига келибоқ тугаб қоляпти. Бугунги кунда бозорда фориш узумлари ўрнини водий вилоятлари, Тошкент, Самарқанд вилоятларида етиштирилган узумлар эгаллаяпти.

Президентимизнинг 2023 йил 3 августдаги ПҚ-260-сонли «2023 – 2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори Фориш туманида ҳам узумчиликни ривожлантириш борасида янги босқични бошлаб берди.

Туманда 2024 йил баҳор ва куз ойларида фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарида 1409 гектар, аҳоли томорқасига эса 100 гектар ток кўчатлари экиш белгиланган. Айни кунда ток кўчатлари экиш қишлоқ хўжалик корхоналарида давом этаяпти. Аҳоли томорқасига эса 107 гектар ерга ток кўчатлари экилди.

Туманнинг «Учма» маҳалласи этаклари узумчиликни ривожлантиришга, узумзорлар ташкил этишга мос ерлар. Боиси бу ерларда неча йиллаб чорва моллари боқилган. Ерлар маҳаллий ўғитга тўйинган.

«Учма» маҳалласида яшовчи Зоир Тинибеков фориш узумлари довруғини тиклашга бел боғлаган тадбиркорлардан. У узумчилик бўйича «Учма кластери» масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, 20 гектар ерда узумзор ташкил этишга киришди. Тадбиркор баҳор ва куз мавсумларида 20 гектар ерга 12 минг туп ток кўчатлари экишни режалаштирган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 7500 тупдан зиёд ток кўчатлари экди. Ток кўчатлари экиш билан бирга далаларга томчилатиб суғориш технологиялари ҳам жорий этилмоқда.

Бугун фориш узуми довруғини тиклаш, уни янада ривожлантириш борасида барча имконият ва шарт-шароитлар етарли. Фақат қунт ва самарали меҳнат қилиш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!