Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Янгиобод туманида янги футбол майдони фойдаланишга топширилди
10 май 2024 г 348 Комментарии: 0
Янгиобод тумани Пасткичақир қишлоғида янги футбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди.
«Ташаббусли буджет» лойиҳаси асосида Дўстлик МФЙ Пасткичақир қишлоғидаги 8-умумтаълим мактаби ҳудудида кўркам ва замонавий тусдаги сунъий қопламали футбол майдони бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Кўрган кўзни қувонтирадиган, кўплаб қулайликларга эга ушбу спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими, сектор раҳбарлари, маҳалла ва мактаб фаоллари, соҳа вакиллари ҳамда спортчи ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев қишлоқ аҳлини янги спорт маскани билан муборакбод этиб, ушбу даргоҳ ёшларимизни жисмонан баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади ва бу ердан етук спортчилар, жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига тилак билдирди.
Албатта, бу ўйингоҳ нафақат мактаб ўқувчилари, балки, қишлоқ аҳолиси ва ёшлари учун чинакам туҳфа бўлди. Стадионда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароит ҳозирланган.
Тадбир давомида сўз олган маҳалла фаоллари ва ёшлар ўз хурсандчиликларини яширишмади. Аҳоли ва ёшлар яратилаётган бу каби шароитлар ва кўрсатилаётган эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдор эканликларини билдирдилар.
– “Маҳалламизда спорт иншооти йўқлиги сабабли биз ёшларнинг футбол билан шуғулланишимиз учун шароит етарли эмас эди. Бугун ушбу янги қурилган стадионнинг бизнинг ихтиёримизга топширилиши барчамизни қувонтирди" - дейди 8-мактаб ўқувчиси Ҳумоюн Олимжонов.
Тадбир давомида ушбу спорт мажмуасининг бунёд этилишида фаоллик кўрсатган маҳалла фаоллари ва ёшларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Спорт майдонининг очилишига бағишланган байрам тадбири маҳалла ёшлари ўртасидаги футбол мусобақасига уланиб кетти.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!