Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ерларни ноқонуний ўзлаштиришга асло йўл қўйилмайди!
16 май 2024 г 467 Комментарии: 0
Ер азалдан халқнинг энг асосий ва бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш устувор вазифалардан бирига айланганининг боиси ҳам шундан.
Аммо ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний сотиш каби йиллар давомида сақланиб келаётган камчиликлар бор. Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан ҳудудларда ер ва кадастр назорати борасида жорий йил 1 май ҳолатига вилоят бўйича 1027 ҳолатда жами 364 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган. Қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан муаммони бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар берилиб, 693 та ҳолатда 219 гектар ер майдонларида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ер майдонлари давлат захирасига қайтарилиши таъминланди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 2-қисмида «Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш» фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, мансабдор шахсларга эса 50 баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Ушбу модданинг 3-қисмида эса «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш» учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, мансабдор шахсларга эса 300 баравари миқдорида жарима солиниши қатъий белгиланган.
Ерга оид қонунбузилиши ҳолатлари ҳар доим ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмайди. Шундай ҳолатлар борки, уларда ер билан боғлиқ жиноят аломатлари кузатилади. Мисол учун, суғориладиган ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда қурилиш қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Суғориладиган ерни сотиш ёки уни қонунга хилоф тарзда ўзгага бериш учун ҳам жиноий жавобгарлик бор. Агар ушбу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 8-10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилади.
Бир сўз билан айтганда, ерларни ноқонуний ўзлаштиришга асло йўл қўйилмайди. Бу масала билан боғлиқ муносабатлар тенглик ва очиқлик асосида амалга оширилади.
Нодир Сидиков,
Кадастр агентлиги
Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!