» » Учинчи Ренессанснинг янги жадиди

Учинчи Ренессанснинг янги жадиди

24 май 2024 г 343 Комментарии: 0

 Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ишонч» ҳамда «Халқ сўзи» газеталарида эълон қилинган
«Мен умримни шу халққа тикканман» сарлавҳали мақоласига
 муносабат.

Мамлакатнинг бир бўлаги, зиё аҳлининг вакили сифатида миллий матбуотимизни мунтазам кузатиб борар эканман, устозимиз сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Ишонч» ҳамда «Халқ сўзи» газеталарида эълон қилинган «Мен умримни шу халққа тикканман» сарлавҳали мақоласини ўқиб, қалб ҳаяжонга тўлди ва денгиз каби тўлқинланди. Ушбу самимиятга йўғрилган ҳақиқатлар ифодаси шундай сўзлар билан бошланади:

«Президентнинг яқинда Жиззахда вилоят фаоллари билан учрашувдаги нутқида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди: «Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим…». Ёзилган нутқдан ташқарига чиқиб айтилган ушбу мулоҳазалар одамларни фавқулодда сергаклантирди. Эҳтимол,шундандир айни иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп «айланди». Нега? Чунки бу сўзлар самимий ва чин юракдан айтилган эди.

Барчамизни муносабатга, нуқтаи назарга чорлаган ушбу мақола айнан ушбу саволга батафсил ва асосли равишда жавоб бера олган.

Мамлакатимизда содир бўлаётган янгиланишларни чуқур мушоҳада қилар эканмиз, халқимиз кутган ўзгаришларнинг ҳаракат марказида турган буюк реформатор – Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари хусусида эътироф этиш албатта жоиздир.

Халқ дардини ўзи тақдири деб билиб, виждон амри билан унга фидокорона хизмат қилаётган, борини шу эл ризолигига бахшида қилган жонкуяр раҳбар, Янги Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган миллат етакчиси – Шавкат Мирзиёев Миромонович чинданда ўзгача шиддаткор кучга, фидойиликка эга бўлган ҳақиқий инноватордир. Биз мамлакат етакчисини мамлакатда кечаётган «янги даврнинг бунёдкори» деб атасак, келажак авлодга ҳақиқатни айтган бўламиз. Бутун дунё нигоҳи юртимизга қаратилган паллаларда эсимда, Испания матбуотида, Америка босма нашрларида «Ўзбекистонда тадрижий инқилоб бошланмоқда», «Ўзбекистонда янги давр бошланмоқда» деган хабарлар жаҳон бўйлаб тарқала бошлади. Қачон шундай бўлган? Юракни энтиктириб юборган бу кунлар ҳар бир ватандошимизнинг хотирасидан ўчмаса керак.

Тарих жонли гувоҳки, Шарқда Уйғониш даврига бешик бўлган, илм-фан тараққиётига асос бўлган бу маконда Янги Ренессанс тўлқинлари мавж уриши кутилган ҳақиқат эди. Дунё аҳлига Амир Темур, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Имом Бухорий, Термизий, Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобурларни етиштириб берган она диёримиз танловда адашмади, ўз хоҳиш иродасини муносиб инсонга ишонди. Бу азми ирода, ишончга яраша салоҳият эса халқнинг етакчисида мужассам эди, ва у яратувчанликка қодир қатъияти билан маррани катта олди. Халқ ичида «суяги қотган» йўлбошчимиз одамларга шонли тарихимиздан сўзлаб ўтирмади, нурли келажак тўғрисида башоратлар келтирмади, зеро, Шавкат Миромонович бугуннинг фарзанди эди. Тик ва адл нигоҳи тўғридан-тўғри халқнинг қалбини кўра олди, ҳолбуки, барчаси бугундан бошланишини ҳақиқий лидер яхши тушунарди. Ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Шам бўлмоқ осон эмас! Нур сочмоқ учун аввал ёнмоқ керак» дея келтирган ҳикматли сўзлари бизнинг миллат сардори тўғрисидаги қарашларимизга ҳамоҳангдир. У жонини қийнаб ишлади, халқ учун куйди, ёниш керак бўлса, аввал ўзи қуёш бўлиб, элимиз йўлини ёрита бошлагач, ҳамманинг юрагида «Янги Ўзбекистон» оловини гуркиратиб юборди.

Мана шу олов тафтида юртимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўйди. Энг катта воқелик эса – жамиятнинг миллийлашуви бўлди. Қадр-қиммат, урфу-одат, миллият, ўз ғоя ва мафкурамиз эгасига, ўзимизга қайтди. Ёпишмаган ямоқдек, томоқдан ўтмаган луқмадек бўлиб турган сиёсий мафкура орамиздан кўтарилиб кетди. Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаси ўзгаришлар ичида, 40 миллионга яқинлашаётган халқимиз эса бу ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Ватан тўғрисида энг чиройли, осмоний сўзларни ёзиш мумкин, ҳеч ким битмаган шеърлар ёзиш мумкин, дил кетадиган қўшиқлар айтиш мумкин. Лекин мамлакатда янгиланишлар тўлқинини яратган, Янги Ренессанс даврининг элпарвар жадиди – маърифатпарвар аждодларимизнинг етук давомчиси бўлган Давлат раҳбари энг машаққатли ишларни шовқин-суронсиз, мадҳлару қарсакларсиз, хокисорлик ва камтарлик билан бажардики, бу каби буюк ислоҳотлар, эврилишларни амалга ошириш, Навоий ҳазратлари айтганларидек «онсон эрмасдир.» Зеро, меҳнаткаш юрак, пок виждон, юксак маънавият, узоқни кўзлагувчи донолик, пухта тажриба, ўткир мушоҳада, фавқулодда ҳассослик, чин инсонийлик билан камтар туриб даврни, одамлар тақдирини ўзгартириб юборган Янги Ўзбекистон меъмори – Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонич Мирзиёев – халқимиз ардоғига чиндан муносибдир. Мана шу жадид инсон кўмагида миллат аввал ўзини ҳурмат қилишни, сўнг қадриятларини авайлашни ўрганди, аста қад ростлади, сўнг қадам ташлади, одимлади, кўп юрди, йўллари мўл бўлди. Энди бутун эл қанот қоқиб учмоқ даркорлигини англади.

Дарҳақиқат, бу ўзгаришларнинг кечаги тарихи асотирларда ёки осори атиқаларда қолган ёдномалар эмаски, бир ҳикоядек тез якунга эга бўлса, манзили кафтдек кўринса. Тарихимиз вужудида миллат ва эл бўлмоқлик, жамият тараққиёти ва кучли давлатчиликнинг минг-минг йиллар аввал бунёд этилган пойдевори акс этади.

«Миллат манглаида кулган қуёш бу,

Эгилмай қиличга тик келган бош бу,

Ҳақиқат замини — Ўзбекистон бу

Янги давр эли – жадидистон бу»

Дарҳақиқат, ҳур ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган халқимиз Муҳтарам Президентимиз жонкуярлиги ва далдаси билан ҳар қандай машаққатли ва мураккаб тараққиёт йўлини матонат билан босиб ўтдиШу аснода одамларнинг ўз келажагига, эртанги кунига муносабати ўзгарди, ҳаётга, униб-ўсган заминига муҳаббати, жамиятга эътибори ошди. Инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият эканлигини қалбан ҳис этдилар. Демакки, Янги Ренессанс остонасида давр ва макон, мақсад ва бурч, ислоҳотлар ва самара, етакчи ва елкадошлар бирлиги — Янги Ўзбекистон мафкурасида жамулжам бўлди. Мана энди халқимиз Чўлпон излаган «Кеча»нинг «Кундуз»ида — ёруғ кунлар ичра яшамоқда ва яшнамоқда.

Бунинг меваси сифатида дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Фикрларимизни мухтасарида айтиш керакки, ушбу муносабат мисолида Фарғона давлат университети жамоаси, кўп минг сонли талабалари олийгоҳ узра тарғибот-ташвиқот ишларини жадал бошлаб юборди ва барча факультетларда, кафедраларда, профессор-ўқитувчилар давраларида «Ишонч» газетасининг 21 май кунги ҳамда «Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 22 майдаги 99-сонида нашр этилган сиёсатшунос, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси президенти Қудратилла Рафиқовнинг «Мен умримни шу халққа тикканман» сарлавҳали мақоласи чуқур ўрганилмоқда, шунингдек, ёшларга маънавий ибрат қилиб ўргатилмоқда. Эндиликда ушбу мақолани профессор-ўқитувчиларимиз бошчилигида «Бир зиёли  бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида маҳаллаларда, қуйи таълим бўғинларида моҳиятан ўргатиш ишларини бошламоқдамиз.

Зеро, биз зиё аҳли жамиятда минг қадам олдинда юришимиз, ислоҳотларимизнинг жонли тарғиботчиси бўлишимиз ҳар куни керак керак ва бу виждон амри бўлиши зарур!

Шу боис, барча ватандошларимизни, миллатдошларимизни ва ёшларимизни Муҳтарам Президентимиз етаклаётган энг биринчи сафга – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этиб қоламиз.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ

Фарғона давлат университети ректори.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!