» » МЕНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМ – БИЗНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ!

МЕНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМ – БИЗНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ!

29 декабрь 2021 г 1 671 Комментарии: 0

Мамлакатимизда давом этаётган бугунги шиддатли жараёнлар, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар, инсонлар онги тафаккуридан ўрин олиб, уларнинг дунёқарашини шакллантираётган демократик тамойиллар ҳақида сўз кетганда, ўтаётган кунларни мазмун-моҳиятига кўра асрларга тенглаймиз.

Ўзбекистон Касаба ушюмалари Федерацияси раиси, Сенатор, жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Менинг Президентим!” китоби шу маънода олиб кўрилганда ўта муҳим, долзарб манба сифатида ўқувчилар қалбидан ўрин олганлигига шубҳа йўқ.

Таъкидланганидек, ушбу асардаги ёндашув сиёсий маъно акс эттирсада, аслида муаллиф китобда ўз қаҳрамонининг нафақат сиёсий портретини “чизиш”га ҳаракат қилади, балки маънавий дунёсини очиб беришга кўпроқ эътибор қаратади. Зотан, тарихдаги барча буюк ишлар халққа, инсониятга муҳаббат негизида юзага келган.

Дарҳақиқат, тарихан қисқа вақт ичида, яъни ўтган беш йилликда ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олган ва ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий жабҳаларни тўлиқ қамраб олган ўзгаришлар, янгиликлар кўлами шу қадар кенгки, уларнинг ҳар бири ўз таҳлилчиларини кутиб турибди. Бироқ, бугун халқимизга, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга рўй бераётган ўзгаришлар моҳиятини ва эртанги кўзлаган марраларимизни, Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс мазмун-моҳиятини, “...одамларимиз турмушида, тафаккурида кузатилаётган янгиланишлар, шунингдек, жамиятимиз ҳаётида янгидан-янги воқеликка айланаётган кескин бурилишлар тасвири...”ни етказишни истар эканмиз, эътиборимизни шубҳасиз, ушбу янгилик ва ўзгаришларнинг ташаббускори, элимизнинг оловқалб фарзанди, миллат Сардори – Президентимизнинг Ватан ва Миллат истиқболи, шони йўлида олиб бораётган фаолияти, таъбир жоиз бўлса,    орзу-ю истакларига қаратмоғимиз, шахси, сиёсий иродаси ва руҳий оламини англашга интилмоғимиз фойдадан холи бўлмайди.

Ёшлар онги, тафаккурига ўз бузғунчи ғояларини сингдиришга уринаётган кучлар тазйиқи бир зум ҳам сусаймаётган бир пайтда, Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Менинг Президентим!” китоби ва шу номдаги ижодий ишлар танлови Янги Ўзбекистон ғоясини, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари онги шуурга етказишда муҳим аҳамият касб этадиган воқелик бўлди, десак янглишмаймиз.

Диққатга сазовор яна бир ҳолат. Айнан муаллиф бош бўлган ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкиллаштирилган ижодий ишлар танлови ҳам “Менинг Президентим!” деб номланди ва ҳар бир ўқув даргоҳига кириб бориб, ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан иштиёқ билан мутоалаа қилинаётган асар бош манбалардан бири бўлди.

Мазкур танловдан кўзланган мақсад – мактаб ўқувчиларида сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида баб-баробар амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, уларнинг эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, ўғил-қизларда ижодий, танқидий ва ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантиришдир.

Шунингдек, ушбу танлов Президентимиз раҳбарлигида улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларни ёшлар, яъни фарзандларимиз қандай тушунаётгани, уларнинг нималар ҳақида фикрлаётгани, кўзлаётган марралари ва билим ҳамда салоҳиятларини намоён қилиш, юртимиздаги тарихий ислоҳотлар, ёшлар тафаккури ва қалбида акс-садо бераётганини аниқлаб олиш имконини берди.

Айтиш мумкинки, ушбу танловни юртимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган ёшлар хушнудлик билан қарши олишгани, улар ўзларини Ватан тақдирига дахлдор деб билишаётганликларини, Президентимиз мана шу ёшлар тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди. Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган танловнинг IV босқичида юртимиздаги таълим даргоҳларида таҳсил олаётган 600 мингдан ортиқ ўқувчилар иштирок этишгани фикримиз исботи. Улар орасида қорақалпоқ, рус, тожик, қирғиз, туркман тилларида иншо ёзган ўқувчилар борлиги Янги Ўзбекистон ғояси миллатидан қатъий назар, юртимиздаги ҳар бир ёш онги шуурига кириб борганини кўрсатади.

Танловнинг республика босқичи диорасида ўқувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзолари ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари ташкил этилди. Ўқувчи ёшлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи, журналист Хуршид Дўстмухаммад, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сенатор – Минхожиддин Хожиматов ва бошқа таниқли инсонлар билан мулоқотлари давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.

Танлов Низомига кўра, ғолиб ва совриндорлар олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда уларнинг 2 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилади.

Шунингдек, танловнинг Республика босқичида 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг устозлари 10 миллион сўмдан, 2-ўрин соҳибларининг устозлари 20 миллион сўмдан, 1-ўрин соҳибининг устози 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Ғолиб ўқувчилар таҳсил олаётган мактабларнинг раҳбарлари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилиб, уларга совға тариқасида ноутбуклар тақдим этилди.

Шу ўринда беихтиёр, донишмандлардан бирининг, “Менга ёшларингизни кўрсатинг, мен сизга келажагингизни айтиб бераман”, деган гаплари ёдга тушади. Мушоҳада юритиб кўрилса, мазкур сўзлар замирида анчагина залворли ҳаёт ҳақиқатлари ётганини кўриш мумкин.

Айнан мустақиллик йилларида таваллуд топган, миллий истиқлол ғоялари таъсирида ўсган ёш авлод вакиллари бугун барча жабҳаларда ислоҳотларнинг етакчи кучига айланиб улгурди. Бу бежиз эмас, чунки, ҳар қандай ўзгариш, янгилик, авваламбор, одамлар дунёқарашидан, онгу шууридан бошланишини ҳисобга олсак, мамлакатимизда ёшлар таълим тарбиясига берилаётган эътиборнинг асл сабаби, мазмун-моҳияти аён бўлади.

Ватан ва халқ равнақи, илму фан тараққиёти йўлида фидойи, Президенти ва халқига содиқ ёшлар вояга етаётган юртнинг эса келажаги буюк бўлишига шубҳа йўқ.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!