Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зоминсой жаҳон санъати усталарини чорламоқда
27 май 2024 г 671 Комментарии: 0
Республика Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари ташкил этилаётган ушбу халқаро анжуман Зомин туманидаги “Зоминсой” ҳудудида янгидан барпо этилган амфитеатрда ўтказилади.
Ушбу фестивалга 2017 йили давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган бўлиб, анжуман илк бор 2018 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган эди. Бу йил II халқаро мақом санъати анжумани тамомила янги шукуҳ ва янгича услубда, юксак бадиий савияда ўтказилиши кутилмоқда.
Шу мақсадда сўлим тоғлар қўйнидаги “Зоминсой” ҳудудида замонавий туристик маскан барпо этилди. Бу ерда тўрт қаватли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг барча вилоятларининг қўрғон- жойлари қурилди.
– Бугунгача 70 дан ортиқ давлатдан ушбу анжуманда иштирок этиш истаги билдирилди, – дейди Жиззах вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Азамат Дарханов. – Анжуманга мингдан зиёд мақом санъати устаси, сайёҳ келиши кутилмоқда. Тадбир доирасида тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари, ҳалқаро илмий-амалий конференциялар, республика кўрик-танловлари, мусиқий ярмаркалар, хорижий мақом усталарининг маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади.
Шунингдек, вилоятдаги 5 та– Зарбдор, Зомин, Янгиобод, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида хорижлик ва маҳаллий иштирокчилар томонидан концерт дастурлари уюштирилади.
Хорижий ва маҳаллий иштирокчилар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Мақомчилар аллеяси”ни барпо этиш мақсадида фаслга ва ҳудудга мос мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш маросими ўтказилади.
Шунингдек, ёш мақомчилар челленжи, аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш мақсадида анжуман тантанали очилиш маросимининг тўғридан-тўғри намойиши ва концерт дастурлари учун қўшимча майдонлар, ҳудудлардан таклиф этилган жамоалар учун белгиланган майдонларда турли кўргазмалар ва миллий таомлар ярмаркалари, Жиззах вилоятининг миллий қадриятлари ва анъаналарини тарғиб этувчи ҳунармандлар маҳаллалари ташкил этилади.
Анжуман иштирокчилари ва меҳмонлар қорли тоғлар бағрида барпо этилган “Зомин дор йўли”, Марказий Осиёда узунлиги ва баландлиги бўйича ягона ҳисобланган “Бахт осма кўприги”, юракларни жунбушга келтирадиган экстримал ўйин мосламаси ва бошқа жойлар билан яқиндан таништирилади. Хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар Зомин тоғларининг тоза, мусаффо ҳавоси, бой табиат манзаралари, шифобахш гиёҳлари, зилол сувларидан баҳраманд бўлиши ҳам кўзда тутилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!