Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда фуқарони АҚШга юборишини айтиб, Жанубий Африкада чорасиз қолдирган шахс ушланди
19 июнь 2024 г 341 Комментарии: 0
Жиззахда фуқаролардан бири катта пул эвазига АҚШга юборишини айтиб, уни Жанубий Африка Республикасига юборган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Жиззах шаҳрининг Хайробод маҳалласида яшовчи И.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, ўғли М.Т.ни Шароф Рашидов туманида яшовчи А.Я. АҚШга ишлашга юборишини айтиб, 14 минг 300 АҚШ доллари олгани, лекин фарзандини Африкага жўнатганини билдирган.
Шунингдек, аризачи ўғли М.Т. Африкада чорасиз қолиб кетгани, А.Я. вазиятни ўнглаш учун ўзидан яна 6 минг 700 АҚШ доллари талаб қилаётганини баён этган.
Мазкур мурожаат асосида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, мурожаатчи И.М.дан 6 минг 700 АҚШ долларини олган А.Я. ушланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!