» » Жиззахда одамларнинг номига кредит олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган банкир 7 йилга қамалгани аниқ бўлди

Жиззахда одамларнинг номига кредит олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган банкир 7 йилга қамалгани аниқ бўлди

20 июнь 2024 г 1 663 Комментарии: 0

“Агробанк” АТБ Арнасой филиали бошқарувчиси ўринбосари ўндан ортиқ фуқаро номига имтиёзли кредит маблағларини расмийлаштириб, ўз шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

У мазкур қилмиши учун суднинг 2013 йил 7 апрелдаги ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ банк жабрланувчиларнинг пластик карталаридан яқингача кредит қарздорлиги учун асоссиз равишда пул ечиб олган. Омбудсманнинг аралашуви билан ҳолат ижобий ҳал қилинди. 

Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига бир гуруҳ фуқаролар ойлик иш ҳақлари пластик карточкага келиб тушганда банк асоссиз равишда “кредитдан бўлган қарздорлиги учун” деб пулларини ечиб олиб қўйганидан норози бўлиб шикоят қилишган. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мурожаатчилар “Агробанк” АТБ Арнасой филиали билан кредит шартномаси расмийлаштирган. Лекин мазкур банк филиали бошқарувчиси ўринбосари С.А. уларга қўнғироқ қилиб, ойлик маошлари камлиги сабабли кредит маблағлари берилмайдиган бўлганини оғзаки хабар қилган.

У ўз мансаб мавқейидан фойдаланиб, бир қатор фуқаролар номига кредит расмийлаштирган. Жумладан, мурожаатчи А.И. номига жами 18,5 млн сўм йиллик 26,99 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 4 йил муддатга кредит олган. Фуқаро ўзининг номига чиқарилган банк кредит картасини олишни рад этган бўлса-да, уларнинг хабарисиз ушбу карта маблағларини ўз номига очилган банк пластик карталарига ўтказишга эришиб, кредит маблағларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштирган.

“Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг 2023 йил 11 апрелдаги ҳукмига кўра, С.А. Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбдор деб топилиб, банк соҳасида ҳамда бошқа ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳамда унга 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, С.А.дан жами 145 млн сўм миқдоридаги моддий зарар “Агробанк” АТБ Арнасой филиали фойдасига ундириш белгиланган.

Шундай бўлса-да, мазкур банк филиали томонидан кредитни қоплаш учун мурожаатчилар номига смс хабар кўринишида талабномалар келиб, пластик карталарига келиб тушган ойлик иш ҳақидан кредитларни қоплаш учун пул ундирилиши давом этган”, дейилади Омбудсман хабарида.

Қайд этилишича, ҳужжатлар ўрганилиб, Омбудсман томонидан судга меҳнат қонунчилигининг бузилгани ҳолати бўйича фуқаролар манфаатида даъво ариза киритилган. Натижада фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан фуқаролар ва банк ўртасида тузилган кредит шартномалари бекор қилиниб, мурожаатчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!