Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Agro In-vitro”: Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион лойиҳа
04 июль 2024 г 380 Комментарии: 0
Амалий ташриф билан Жиззах вилоятида бўлган вазир Иброҳим Абдураҳмонов навбатдаги манзил бўйича Ғаллаорол тумани Хонимқўрғон ҚФЙ да жойлашган “Agro In-vitro” МЧЖ In-vitro лабораториясида бўлди.
Энг янги технологияларга асосланган “Agro In-vitro” лойиҳаси мевали экинларнинг юқори маҳсулдор ва экспорт кўчатларини етиштиришни таъминлаш, шунингдек, манзарали дарахтлар ва гуллар импортини камайтиришга қаратилган бўлиб, мазкур лаборатория комплекси 20,4 гектар майдонни эгаллаган ва у йилига 10 миллион дона кўчат етиштириш қувватига эга.
Махсус лабораторияда кўчатлар ташқи муҳитдан ҳимояланган, вирус ва касалликлардан тозаланган шароитда етиштирилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида автоматлаштирилган сунъий микроиқлим муҳитини яратувчи ойнаванд иссиқхоналар қурилди. Бу иссиқхоналар 50% гача қувват тежалишини таъминлайди.
70 нафар янги иш ўрни яратилган “Agro In-vitro” лойиҳаси юртимиздаги тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизга юқори ҳосилдорликни кафолатлайдиган, сертификатланган, вирусдан холи ва юқори совуқ ҳароратга чидамли кўчатларни етказиб берадиган комплекс ҳисобланади. Бу уникал лойиҳа Ўзбекистонда эмас, бутун МДҲ давлатларида ягона саналади.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, мажмуада янги узум навлари устида алоҳида иш олиб бориш кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа асосида 40 турдаги 6000 дан зиёд кўчатлар Италия ва Испаниядан келтирилган узум кўчатлари кафолатланган ҳолда етказиб берилади.
«Зарарли ҳашаротлар киришининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонга узум кўчати импорти тақиқланган. Бу ерда энг харидоргир ва ноёб узум навлари кўчатларини тайёрлаш ва сотиш йўлга қўйилади. Дунёнинг селекция ривожланган давлатларидан янги узум навларини олиб келиб, кўпайтириб деҳқонларимизга етказиб бериш асосий мақсадимиз» – дейди улкан мақсадларни кўзлаган тадбиркор.
Вазир лаборатория фаолияти билан танишар экан, бу ерда етиштирилаётган ҳар бир мева ва сабзавотларнинг даладан дастурхонимизгача келадиган жараёни деҳқон ҳамда фермерларимизнинг, қанчадан-қанча ишчи-меҳнаткашларнинг оғир ва машаққатли меҳнати самараси эканини алоҳида қайд этди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!