» » Ҳар қарич ер назоратда

Ҳар қарич ер назоратда

02 август 2024 г 319 Комментарии: 0

Жиззахда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармалари ҳамда Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмаси томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда агентликнинг Жиззах вилояти бошқармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вилоят бўйича жами 1911 та ҳолатда 630,1 гектар ер майдони жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда қурилиш қилиш ҳолатлари аниқланганлиги таъкидланди.

– Кучайтирилган тарғибот тадбирлари бошлангандан бугунги кунга қадар ҳам Жиззах вилояти ҳудудида ерларни ноқонуний эгаллаш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқарма бошлиғи ўринбосари Нурали Мамасияев. – Аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг барчасида бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ёзма кўрсатмалар берилиб, ушбу кўрсатмалар натижасида 1307 та ҳолатда 328,4 гектар ер майдони қонун бузилиши шахслар томонидан ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди.

–Авваллари ер баланси ҳисоботлари фақатгина қоғоз жадваллардаги рақамларда юритилганлиги боис тегишли ўзгартиришларни киритиб бориш инсон омилига боғлиқ бўлган. “Uzkad” ягона интеграциялашган дастурда эса ер майдонларининг бўлиниши, чегаралари ва ерга оид барча маълумотлар электрон хариталарда шакллантирилганлиги, барча ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланганлигини таъкидлаш лозим, – дейди Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Санжар Қодирқулов. – Айни пайтда, фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган талаби кун сайин ортиб бормоқда. Биргина жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган турар жой объектлари сони йил бошида 277 минг 29 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра 279 минг 215 тани ташкил этмоқда.  

Анжуманда, Президентимизнинг 2022 йил 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Кадастр агентлиги томонидан Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмасига 10 комплект GPS планшет 2 комплект GPS приёмник, 1 комплект электрон тахеометр ўлчаш қурилмалари билан таъминланганлиги айтиб ўтилди.

–Геодезия ва топография ишлари бўйича корхона ва ташкилотлар билан жами 17 та шартнома тузилиб, 1562,1 гектар ер майдонида топографик тасвирга олиш ишларини амалга оширдик, – дейди Республика аэрогеодезия маркази Жиззах ҳудудлараро бўлинмаси директори Дилшод Шодмонбеков. –Республика аэрогеодезия маркази Италиянинг “TECNAM P2006T SMP” махсус самолёти ва Швейцариянинг LEICA DMC III рақамли аэрокамераси  ёрдамида 45 минг 620 квадрат километр майдонда аэросуратга олиш ишлари амалга оширилди.  

Тадбир сўнгида, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!