Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахлик бир гуруҳ фаол тадбиркорлар эътироф этилди
16 август 2024 г 872 Комментарии: 0
Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тараққиётга эришишнинг муҳим шартларидан бири саналади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан юртимизда 20 август – “Тадбиркорлар куни” сифатида кенг нишонланади.
Бу сана тадбиркорларимиз учун нафақат байрам, балки муаммоларини ҳал этиш учун улкан имкониятлар эшигини ҳам очмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан тадбиркорлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилишлари анъана тусини олди. Бундай учрашув илк бор 2021 йил 20 августда ташкил этилганди.
Қувонарли жиҳати, ҳар йилги учрашувни барча тадбиркорлар орзиқиб кутишмоқда. Боиси, Президентимиз билан мулоқотдан кейин соҳаларда сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда, тадбиркорларга имтиёз ва имкониятлар қамрови кенгаймоқда.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 28,2 мингдан зиёдни ташкил этиб, уларда банд бўлган аҳоли сони эса қарийиб 220 минг нафарга етди.
Ҳозирги кунга келиб вилоят ялпи ишлаб чиқаришида хусусий секторнинг ўрни 68,3 фоиздан ошгани ҳам соҳага берилаётган эътиборнинг яққол далили, десак айни ҳақиқатдир.
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан барча ҳудудларда саноат корхоналарини ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилиш, янги корхоналарни барпо этиш ҳамда маҳсулотларнинг сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислохатлар натижасида вилоятимиз аграр ҳудуддан – саноати ривожланган ҳудудга айланиб, бугунги кунда вилоятда жами саноат корхоналари сони 5 051 тага етди.
Сўнгги 7 йилда вилоятимизга жами 2,7 млрд. доллар хорижий инвестиция маблағлари жалб этилган бўлса, яратиб берилган шароитлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг ўзида 1,8 млрд. доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштиришни мақсад қилиб олинган. Жорий йилнинг 6 ойида эса 477,3 млн.доллар хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди.
Шунингдек, 2024 йилда 315 млн. долларлик маҳсулотларни дунёнинг 54 тадан ортиқ мамлакатларига экспортни амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан бир гуруҳ юртдошларимиз Давлат мукофотларига сазовор бўлдилар. Улар орасида вилоятимизнинг 3 нафар вакили ҳам бор.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги Фармойишига асосан яна 8 нафар тадбиркоримиз «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Вилоят ҳокимлиги Анжуманлар саройида ташкил этилган тадбирда ушбу орден, медал ва кўкрак нишонлари вилоят ҳоким Эргаш Салиев томонидан ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!